Ўзбекистон | 16:06 / 28.03.2024
20608
10 дақиқада ўқилади

Бепули абгор, пуллиси эса фақат қоғозларда – сифатли йўлларга қачон етамиз?

Ҳар баҳор келаркан, ҳали таъмирланганига йил тўлмаган автомобил йўлларини кўриб ҳайратда қоласан киши. Гап энг асосий юклама тушадиган трассалар ҳақида бўлса, асосий умид пулли йўллардан. Лекин бу борадаги лойиҳалар бошланганига ҳам 7 йил бўлиб қолди. Амалий ишлардан дарак йўқ.

Ўзбекистондаги халқаро аҳамиятдаги абгор йўллар

Бугунги кунда Ўзбекистонда республика аҳамиятига эга 16 909 км, халқаро аҳамиятдаги 3 626 км йўл бор. Масаланинг барча учун ёқимсиз томони шундаки, бу йўлларнинг анчагина қисми таъмирталаб ҳолатда. Шаҳар, вилоят ёки давлатлараро қатнайдиган ҳайдовчиларнинг ҳар кунлик кечмишлари йирик “яма”лардан бошланиб, уваланиб кетган йўлларгача давом этади.

Вазият “Алмати – Бишкек – Тошкент – Термиз” йўналишидаги М-39 йўли ҳақида аввалроқ Kun.uz тайёрлаган лавҳада ҳам очиб берилганди. Шунингдек, 820 кмлик “Тошкент – Келес –Қозоқкенсой – М39” автомобил йўли ҳам дуруст ҳолатда эмас. Катта “яма”лар ҳосил бўлиб, ҳар ёғингарчиликда сувга тўлади. Таҳририятга ўтган ҳафтада келиб тушган тасвирларда буни яққол кўриш мумкин.

Ёки Бухородан Хивага боргунча Газли шаҳри биқинидаги йўлнинг ёмонлиги анча вақтлардан бери кўплаб сайёҳларнинг эътирозларга сабаб бўлади. Бу тарихий шаҳар яқинидаги йўл ҳали ҳам таъмирланмаган.

Қорақалпоғистоннинг ғарбий қисмида, Устюртда жойлашган А-380 “Ғузор – Нукус – Қўнғирот – Бейнов” автомобил йўлининг 300 километрдан ошиқроқ қисми ҳам жуда абгор аҳволда қоляпти. Тармоқларда бу йўлдан ўтаётганида машинаси носоз ҳолга тушган ҳайдовчиларнинг кўплаб видеолари ҳам тарқалган.

Сифатли йўлларнинг аҳамияти

Прогнозлаштириш ва иқтисодий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2017-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда автомобилларнинг юк ташиш ҳажми 1,5 баробарга ошган.

2017 йилда автомобил транспорти орқали 5,6 млрд йўловчи ташилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 6,2 млрдга етган. 2022 йилда йўловчи ташишда автомобил транспортининг улуши 97,5 фоизни ташкил этган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда йўловчи ва юкларнинг мутлақ катта қисми автомобил транспорти орқали ташиляпти.

Фақат музокаралар билан ўтган 7 йил

Албатта, денгиз портлари бўлмаган ва монопол темирйўл хизматлари сифати ҳам, нархи ҳам катта муаммо бўлиб турган мамлакат иқтисодиёти учун автомобил йўллари жуда муҳим. Шундай вазиятда пулли автомобил йўллари одамларда танлов имкониятини юзага келтириши билан масалага бирмунча ечим бўла олади. Кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам йўллар сифатини, шунга ҳамоҳанг хизмат кўрсатиш соҳалари ва инфратузилмани ривожлантиришда пулли йўлларнинг аҳамиятини тасдиқлайди.

Ўзбекистонда ҳам мавжуд йўлларга муқобил тарзда пулли йўллар қурилиши ҳақида бир неча йилдан бери гапириб келинади, лекин амалий ишга ўтиш чўзилиб кетяпти.

Биринчи йил: Пулли йўллар қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида дастлабки хабарлар 2017 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда Тошкентдан Самарқанд орқали Бухорога олиб борадиган биринчи пулли автойўл лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, у мавжуд йўлга параллел алоҳида йўл бўлиши айтилганди.

Иккинчи йил: Кейин 2018 йил март ойида Германиянинг Günter Papenburg компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург Тошкентга келиб, Автомобил йўллари қўмитасининг ўша вақтдаги Абдураҳмон Абдувалиев билан учрашганди.

Ўшанда немис компанияси билан бирга давлат-хусусий шериклик асосидаги автомобил йўллари 2020 йилга келиб қурилиши мумкинлиги маълум қилинган. Лойиҳа 2018-2019 йилларда инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш ҳақидаги қарорга ҳам киритилганди. Ҳужжатга асосан, йўналиши очиқланмаган лойиҳанинг умумий қуввати 500 млн доллар деб баҳоланган.

2018 йил баҳорида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Cengiz – Kolin – Kalyon консорциуми билан ҳамкорликда ДХШ асосида автомобил йўли қурилишига оид инвестицион келишув имзоланган, мамлакатдаги биринчи пулли йўл турк пудратчилари томонидан қурилиши, бу йўл орқали Тошкент ва Самарқанд орасидаги масофани 2 соат ичида босиб ўтиш имкони яратилиши айтилганди. Ўша йилнинг сентябрида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ушбу турк компаниялари учрашув ўтказганди.

Учинчи йил: 2019 йил 29 апрелда қабул қилинган, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳақидаги қарор билан, яқин йилларда “Тошкент – Андижон” ва “Тошкент – Самарқанд” йўналишлари бўйлаб пулли автомобил йўллари қурилиши белгиланди.

Орадан бир неча ой ўтиб, АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Транспорт вазирлиги мутасаддилари “Тошкент – Андижон” пулли йўли бўйича Жаҳон банки томонидан грант ажратилгани, бу масалада “Pricewaterhouse Coopers” хорижий компанияси лойиҳавий ўрганиш ишларини амалга ошираётганини айтганди. Бу компания томонидан пулли йўл билан бирга Қамчиқ довонида 16,4 километрлик туннел қуриш ҳам режа қилинганди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида “Тошкент – Самарқанд” йўли лойиҳаси Европа Тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётгани, Россиянинг “Спектрум” консултантлар гуруҳи томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани таъкидланган.

2019 йил ноябр ойида Олий Мажлис Сенати мажлисида бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев “Тошкент – Самарқанд” пулли йўли қурилиши чўзилиб кетганига изоҳ бераркан, бу бўйича музокаралар кетаётгани, пудратчилар йўлдан ундириладиган тўлов миқдорини жуда катта белгилашаётгани, шу сабабли яна ўнга яқин лойиҳалар ўрганиб чиқилаётганини айтганди.

2019 йилнинг сўнгида имзоланган “Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида Қамчиқ ва Тахтиқорача довонида иккита янги пулли туннел қурилиши кўзда тутилган. Унга кўра, иккала туннел бўйича тендер ғолиблари билан 2022 йил баҳор ойларида келишув имзоланиши керак эди.

Тўртинчи йил: 2020 йил январ ойида Давлат-хусусий шериклик ривожлантириш агентлиги “Тошкент – Андижон” пулли автомобил йўлини қуриш лойиҳаси тайёрланаётганини билдирди. Агентликка кўра, лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилганда, тендер ғолиби билан 2022 йил апрелида битим имзоланиши кутилган.

Кейинчалик ҳам “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” пулли йўллари ҳақида кўп бор гапирилди, турли маълумотлар берилди. Бироқ қурилиш ишларидан ҳозирча дарак йўқ.

2024 йил. Ўзбекистонда пулли йўллар қурилиши бўйича навбатдаги муҳокама 2024 йил 23 феврал куни ўтказилди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси бошқарув кенгаши раиси, Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Муҳаммад Абдуллоҳ Абунайян бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Унда давлат-хусусий шериклик асосида “Тошкент – Самарқанд”, “Тошкент – Андижон” пулли автомобил йўллари ҳамда “Сирдарё – Бахт” шаҳарларини айланиб ўтувчи 38 км автомобил йўлини қуриш лойиҳалари ҳам муҳокама қилинган.

Март ойига келиб ягона қилинган кўримли иш – “Пулли автомобил йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилингани бўлди. Шу тариқа, салкам 7 йиллик хронологиянинг сўнгги бўғинидан ҳозирча қонун лойиҳаси жой эгаллаб турибди.

Жаҳон банки: Автойўлқўм шу баҳорда инвесторларни аниқлай бошлайди

Kun.uz пулли йўллар ташкил этиш учун Ўзбекистонга ажратилган грант маблағларининг миқдори ва тақдирини билиш учун Жаҳон банкига сўров юборди. Халқаро молиявий ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тақдим қилган жавобга кўра, Жаҳон банки “Тошкент – Андижон” автомобил йўли қурилишининг дастлабки техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича консалтинг хизматларини молиялаштирган.

Қайд этилишича, маблағ ажратилган консалтинг хизматлари қаторига халқаро тендер ўтказиш ҳам киради. Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистон ҳозирда инвестиция олди тадқиқотини тақдим этиш ва тендерга тайёргарлик кўриш босқичида.

“2024 йил баҳорида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси халқаро тендер иштирокчиларини бирламчи малакалаш жараёнини бошлаши кутилмоқда. Бирламчи малакалаш ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича тендерда иштирок этиш учун зарур малака ва қизиқишга эга инвесторларни аниқлаш имконини беради”, дейилади расмий ахборотда.

Автомобил йўллари қўмитасининг собиқ раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев 22 йил давомида Ўзбекистоннинг йўл хўжалигига раҳбарлик қилиб келган, аммо инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйгани сабаб 2023 йил 11 июлда ишдан олинган.

Яқинда давлат раҳбари 4 йил аввал “Тошкент – Самарқанд”, “Тошкент – Андижон” пулли йўллари ва Тахтиқорача довонида пулли туннел қуриш топшириқлари берилганини, лекин на лойиҳа, на инвестор жалб қилиш бўйича ҳалигача амалий ишлар бошланмаганини танқид қилганди. Шуни ҳисобга олсак, юқорида Жаҳон банки айтиб ўтган ишлар чўзилиши эҳтимолдан холи эмас.

Бир неча юз километрдан иборат иккита йирик йўлни нолдан қуриш албатта узоқ вақт талаб қилади. Қурилиш ишлари ҳозир бошланган тақдирда ҳам, йўллар катта эҳтимол билан режадаги 2026 йилнинг охирида ҳам тайёр ҳолатга келмаслиги мумкин. 

Дилшода Шомирзаева, Ғайрат Йўлдош тайёрлади,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид