FT: Россияликларнинг ярми «Крокус»да «Украина изи» борлигига ишоняпти
Россияликларнинг қарийб ярми «Крокус»даги теракт ортида Украина турганига ишоняпти, атиги 27 фоиз киши ИШИДни айблаяпти, деб ёзади Financial Times.
Россияликларнинг ярмига яқини «Крокус Сити Холл»даги теракт ортида Украина раҳбарияти турганига ишонмоқда, деб ёзади The Financial Times OpenMinds ташкилоти онлайн сўрови маълумотларига таяниб. Яна 27 фоизи ҳужумни ИШИД террорчилари амалга оширган деб ҳисоблайди. 6 фоиз «коллектив Ғарб»ни, яъни АҚШ, Британия ва НАТОни айблади. 5 фоиздан камроғи «Крокус»га ҳужумни Украинадаги урушнинг россиялик фахрийлари ёки Россия расмийлари уюштирган деган версияга амал қиляпти.
Шу билан бирга, респондентларнинг 75 фоиздан ортиғи Владимир Путинни «Крокус Сити Холл»даги теракт ҳақида ишончли маълумот манбайи деб атаган. «Агар ташвиқот ва расмийлар Украинани айбласа ва буни асосий версияга айлантирса, одамлар бунга ишонишади, чунки ахборот макони деярли мутлақ назорат қилиняпти», деди «Левада-Центр» директори Денис Волков FT учун шарҳида.
Ёшлар Украинанинг терактга алоқадорлиги ҳақидаги версияга камроқ ишонди
Сўров натижаларига кўра, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар Украинанинг «Крокус»даги терактга алоқадорлиги ҳақидаги версияга камроқ ишоняпти. Ушбу ёш тоифасидаги респондентларнинг 30 фоиздан бироз кўпроғи бунга ишонади. Уларнинг 40 фоиздан ортиғи содир бўлган воқеаларда ИШИДни айблади.
Жами, OpenMinds маълумотларига кўра, сўровда 652 киши қатнашган. У онлайн тарзда ўтказилди.
Россия расмийлари ҳужумда Украинани айбламоқда
Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва «ФСБ» раҳбари Александр Бортников «Крокус»даги теракт учун жавобгарликни Украина ҳукуматига юклади. Бундан ташқари, 29 март куни Россия Тергов қўмитаси концерт майдонига қилинган ҳужумдан сўнг, террорчилар гўёки мукофот олиши керак бўлган Киев томон йўл олгани ҳақида расмий баёнот эълон қилди.
Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террор ташкилоти ўз зиммасига олди. Ғарб давлатлари ҳам Москва вилоятидаги концерт залига уюштирилган ҳужумга ИШИД гуруҳининг алоқаси бор деган фикрга мойил.
Мавзуга оид
21:42
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024