Спорт | 11:58 / 05.04.2024
13492
11 дақиқада ўқилади

Лондонда триллер, «Ливерпул» аутсайдер билан ҳам қийналди. Кун ўйинлари

Англияда турнинг марказий учрашувида мухлислар хатолар парадига гувоҳ бўлишди.

2:3 ҳисоби 90+10-дақиқада 4:3 га айланди!

«Челси» — «Манчестер Юнайтед» 4:3
Голлар:
Галлаҳер (4), Палмер (19 пеналти, 90+10 пеналти, 90+11) — Гарначо (34, 67), Фернандеш (39).
«Челси» – Петрович, Гюсто (Гилкрист, 75), Дисаси (Чалоба, 75), Бадияшил, Кукуреля, Галлаҳер (Мадуэке, 89), Мудрик (Стерлинг, 71), Фернандес, Палмер, Кайседо (Чуквуэмека, 71), Жексон.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака, Варан (Эванс, 46; Камбвала, 66), Магуайр, Далот, Каземиро (Мактоминей, 75), Фернандеш, Майну, Антони, Гарначо (Маунт, 86), Ҳойлунд (Рэшфорд, 66).
Огоҳлантиришлар: Гюсто (32), Фернандес (35).

Қачондир бу жамоалар Москвадаги Чемпионлар лигаси финалида ўйнаган, аммо ҳозир «Манчестер Юнайтед» ҳам, «Челси» ҳам — оқсаётган грандлар. Уларнинг иккиси ҳам ҳозирда кучли бешликдан ташқарида ва кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этиши даргумон. Ҳозирда икки жамоа ҳам еврокубоклар ҳақида ўйлай олмайди — аввалига ички муаммолар билан шуғулланиш ва барқарор ўйинни йўлга қўйиб олиш талаб этилади.

«Челси» ҳам, «Манчестер Юнайтед» ҳам илк дақиқалардан  очиқ футбол намойиш этишга киришди – ҳужумга ҳужум билан жавоб берилди. Маурисио Почеттино жамоаси тезкор гол уришга муваффақ бўлди. 4-дақиқада майдон марказида Майну тўпни йўқотгач, манкунианликларнинг чап қанотида Палмер ва Гюсто катта бўшлиққа эга бўлишди.

Голли узатмадан кейин тўп Варан орқали Галлаҳерга келиб тушди ва ерлатиб аниқ зарба йўллади.

«Челси» дарвоза соҳасига аниқ борган илк зарбадаёқ ҳисобни очди, иккинчи шундай зарба билан – устунликни оширди. Ўйиннинг шу оралиғида лондонликлар чиндан яхшироқ эди. Улар тўғри ҳимояланишди, позицион мудофаадан прессингга ўтишди, хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди, стандарт вазиятлар ҳам хавфли чиқди. 18-дақиқада эса мезбонларнинг тезкор қарши ҳужуми Мудрикнинг Кукуреляга паси билан давом этди, уни эса жарима майдони ичида Антони йиқитди.

Бунгача испаниялик ҳимоячи бразилиялик рақиби билан дуэлларда ўзини ишончли ҳис қилмаётганди, аммо бу эпизодда устун келди. Палмер 11 метрлик нуқтадан тўпни ўзидан ўнг томонга тепди, Онана ҳам ўзидан ўнг томонга сакради.

Мезбонлар биринчи бўлим ўрталаридаёқ икки гол устунлигига эришди ва мухлислар ҳам муваффақиятга ишона бошлашди. «Мейсон, Мейсон, ҳисоб қандай?» — дея «Стэмфорд Бриж» трибуналаридан «МЮ» захира ўриндиғида ўтирган Маунтга мурожаат қилишди улар.

Аммо кўп ўтмай барчаси ўзгариб кетди ва танаффус арафасида меҳмонлар беш дақиқа ичида икки гол уришди. Биринчи голли вазият лондонликлар таянч яримҳимоячиси Кайседонинг қўпол хатосидан кейин юзага келди, унинг қанотдан марказга узатмасини Гарначо эгаллаб олди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдаланди.

Фернандешнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи эса жамоавий ижод намунаси бўлди. «Манчестер Юнайтед» бу ҳужумни ўз дарвозасидан бошлади. Онана тўпни тезда шерикларига етказиб берди, Антони узун узатма билан Гарначони топди, у Далотга пас берди, португалиялик ҳимоячи эса дарвозабон ҳудудига идеал кросс йўллади. «Челси» бу вазиятда жуда ёмон ҳимояланди ва рақибнинг икки футболчиси қаршисида бир ҳимоячи қолди. Бруну бош билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди.

Биринчи бўлимда жамоалар биргаликда 24 зарба беришди, жумладан саккиз зарба дарвоза соҳасига тўғри борди. Галлаҳер биринчи бўлим охирида дублни расмийлаштириши мумкин эди, аммо унинг зарбаси устунга тегди. Манкунианликлар эса жароҳат туфайли Варандан айрилди. Танаффусдан кейин француз ўрнига Эванс тушди, кейин уни ҳам ортга қайтаришга тўғри келди (жамоа ўтган турда «Брентфорд»га қарши ўйинда ҳам икки марказий ҳимоячиси - Мартинес ва Линделёфдан айрилганди).

Иккинчи бўлимда ҳам Почеттино ва тен Ҳаг майдон марказисиз ўйнашга ҳаракат қилди. Футболчилар рақиб ҳудудида бўшлиқ кўрингани ҳамоно олдинга ташланишди. «Манчестер Юнайтед» шу усулда учинчи голни ҳам урди. Мезбонларнинг аксар футболчилари майдоннинг иккинчи қисмида эканида тезкор қарши ҳужум уюштирилди, Антони ўнг қанотдан оёғининг ташқи қисми билан рақиб жарима майдонига етиб борган Гарначога ажойиб узатма берди ва аргентиналик вингер уялтирмади.

Умуман олганда, «Челси» иккинчи бўлимни ўтказиш бўйича катта муаммоларга учрамоқда, бу статистика бўйича лондонликлар лигадаги энг ёмон кўрсаткичлардан бирини қайд этиб турибди. Кўклар «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиннинг 70 фоиз қисмида тўпга эгалик қилган бўлса ҳам иккинчи бўлим ўрталарига бориб умуман вазият ярата олмай қолди. Худди футболчиларда ғоя тугаб қолгандек эди, фақат шу куни саккизта муҳим узатма амалга оширган Палмер креативлигини сақлаб қолди. 21 ёшли ҳавбек янги жамоасида ақл бовар қилмас мавсум ўтказмоқда, у ноябр ойида «Манчестер Сити»га қарши отишмали ўйинда (4:4) ҳам қўшимча дақиқаларда дурангни таъминлаганди. Бу сафар эса икки дақиқа ичида мағлубиятли ҳисобни ғалабага айлантирди: ҳолдан тойган Далот 90+7-дақиқадаги эпизодда иккинчи бўлимда майдонга тушган Мадуэкега ета олмади ва унинг устига ўзини ташлади.

Бу 50 га 50 вазият эди. Ҳакам пеналти қўйишга узоқ вақт иккиланди, аммо барибир «нуқта»ни кўрсатди. VAR ҳам унинг қарорини қўллади. Палмер бу сафар ҳам аниқ ҳаракат қилди. 

Бу мажбурий фол ҳолати эмасди, қолаверса, агар бу ҳужум гол билан якунланмаганида ҳакам ҳам қўшимча вақт ичидан қўшимча вақт чиқариб бермасди ва ўйин олдинроқ якунланган бўларди. «МЮ» эса «Брентфорд» билан ўйиндаги каби (1:1) яна концентрацияни йўқотди.

Ҳисоб тенглашганидан бир дақиқа ўтиб Энцо Фернандес стандарт вазиятни тезда ижро этиб, жарима майдонида бўш қолдирилган Палмерни тўп билан таъминлади. Коул тўпни қабул қилиб олганида унга энг яқин турган «Юнайтед» футболчиси камида беш метр масофада эди. Англиялик футболчи бу совғадан фойдаланди, унинг зарбасидан кейин тўп Мактоминейга тегиб дарвоза тўрига бориб тушди.

Бурчакдан тўп узатилишидан олдин «Юнайтед»нинг биратўла уч нафар футболчиси қўли билан Палмерни кўрсатиб уни қўриқлаш лозимлигини кўрсатишганди. Унга томон эса фақат энг узоқдаги Маунт югурди. 

Жамоалар 47 бор зарба (мезбонлар фойдасига 28:19) берган ўйинда «Челси» «Манчестер Юнайтед»ни АПЛ доирасида етти йил ичида илк бор мағлуб этди.

Қисқа вақт оралиғида икки гол ўтказиш – «Юнайтед» учун классикага айланмоқда. «МЮ» бу мавсумдаги бешта ўйинда 4:3 ҳисобини қайд этган. Шундан учтасида ютқазган: 

  • ЕЧЛ гуруҳда «Бавария» билан ўйинда тўрт дақиқада 2 гол ўтказган (3:4);
  • ЕЧЛ гуруҳида «Копенҳаген»дан тўрт дақиқа ичида 2 гол ўтказган (3:4);
  • АПЛда «Вулверҳэмптон»дан беш дақиқа ичида 2 гол ўтказган (90+7-дақиқада 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган)
  • Англия Кубоги чоракфиналида «Ливерпул»дан икки дақиқада 2 гол ўтказган (яна ғалаба).

Ва «Челси»га қарши ўйинда ҳам икки дақиқа ичида икки гол ўтказилди.

«Ливерпул» 20-ўриндаги жамоа билан ўйинда очко йўқотиши мумкин эди

«Ливерпул» — «Шеффилд Юнайтед» 3:1
Голлар:
Нунес (17), Мак Аллистер (76), Гакпо (90) — Брэдли (58, автогол).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Брэдли, ван Дейк, Конате, Гомес (Гакпо, 73), Собослаи (Жонс, 73), Мак Аллистер, Гравенберҳ (Робертсон, 60), Салоҳ (Эллиотт, 60), Диас, Нунес.
«Шеффилд Юнайтед» – Грбич, Богл, Робинсон, Ҳолгейт (Слиман, 87), Аҳмедҳожич, Трасти (Брукс, 78), Ҳамер (Осборн, 62), Винисиус, Арбластер, Макати (Макберни, 63), Бреретон (Осула, 63).
Огоҳлантириш: Макберни (87).

«Ливерпул» илк дақиқадаёқ гол ўтказиб юбориши мумкин эди: Жеймс Макати бир неча метр масофадан зарба берди, аммо дарвозабон Куивин Келлеҳер тўпни тўсиб қолди. Ирландиялик посбон бир неча ҳафтадан кейин сафга қайтадиган Алиссоннинг йўқлигини билинтирмаяпти.

«Шеффилд» дарвозабони Иво Грбич эса жамоани оғир аҳволда қолдирди – у тўпни узоқлаштиришга уриниб, қаршисидан келаётган Дарвин Нунесни мўлжаллади. Тўп эса уругвайлик футболчига тегиб дарвозага кириб кетди.

Юрген Клопп жамоаси биринчи бўлимда тўлиқ устунлик қилди: ўйиннинг 83 фоиз вақтида тўпга эгалик қилиш, рақибнинг уч зарбасига қарши 14 зарба. Аммо биргина гол урилди – ва иккинчи бўлимда мухлисларини асабийлашишга мажбур қилди.

58-дақиқада Макати ўнг қанотда тўпни узоқ олиб юрди ва керакли вақтда олис устун томон узатди. Ҳамер бош билан зарба берди – тўп Конор Брэдлининг оёғи орқали тўрга бориб тушди. Автогол муаллифи антиқаҳрамонга айланиши мумкин эди, аммо кейинги вазиятда ёш ҳимоячи жамоадошларининг хатосини тузатди.

«Шеффилд» 1:1 ҳисобини қарийб 20 дақиқа ушлаб турди. Аммо 76-дақиқада Алексис Мак Аллистер узоқ масофадан тўққизликка йўллаган зарбаси билан жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқди, ўйин охирида эса захирадан тушган Коди Гакпо якуний ҳисобни ўрнатди.

Мак Аллистер бу ўйинда яна бир бор юқори формада эканини намойиш этди: у «Ливерпул» сафида қаторасига олтинчи ўйинда гол ёки голли пас муаллифи бўлмоқда. Аргентиналик яримҳимоячи АПЛнинг бу мавсумида тўрт гол уриб, беш голга узатма берган. «Ливерпул» эса лигада 4 февралдан буён ютқазмаяпти (ўшанда «Арсенал»дан 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди) ва яна биринчи ўринга қайтди.

АПЛда чемпионлик пойгаси давом этади. Бу тур доирасида бир кун олдин «Манчестер Сити» «Астон Вилла»ни (4:1), «Арсенал» «Лутон»ни мағлуб этганди (2:0).

32-турда чемпионликка даъвогарларнинг учаласи ҳам сафарда ўйнайди. «Арсенал» – «Брайтон» (6 апрел), «Сити» – «Кристал Пэлас» (6 апрел) меҳмони бўлади, «Ливерпул»ни 7 апрел куни «Манчестер Юнайтед»га қарши синов кутмоқда.

Мавзуга оид