Жаҳон | 08:32 / 05.04.2024
5042
2 дақиқада ўқилади

Мурманск вилоятида губернаторга пичоқ билан ҳужум қилинди

Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибис пичоқ билан қилинган ҳужум оқибатида касалхонага етказилди. 

Фото: AP

Мурманск вилоятининг Апатити шаҳрида эркак киши пичоқ билан вилоят губернатори Андрей Чибисга ҳужум қилди. Жиноятчи амалдорга маҳаллий аҳоли билан учрашувдан сўнг маданият марказидан чиқиб кетаётганда яқинлашиб, унинг қорнига пичоқ санчди, деб ёзади 4 апрел, пайшанба куни «Мурманский вестник» нашри

Чибис касалхонага ётқизилган - унинг аҳволи ҳақида батафсил маълумот берилмади, бироқ ОАВ маълумотларига кўра, у машинага ўзи пиёда бора олган. РБК губернатор матбуот хизматига таяниб, унда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкинлигини ёзмоқда. 

Ҳужум қилган эркак қўлга олинди, у Апатити шаҳрида яшовчи 42 ёшли фуқаро бўлиб чиқди, деб ёзади маҳаллий ОАВ. Ушлаш пайтида у оёғидан яраланган. Эркакнинг мақсади номаълум. 

Чибис минтақадаги «реновация» учун танқид қилинган

Андрей Чибис «Ягона Россия» партияси аъзоси, 2019 йил сентябридан Мурманск вилояти губернатори лавозимида ишлаб келяпти. Тегишли сайловларга қадар Россия президенти Владимир Путин Чибисни вилоят губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган. 

Чибисдан олдин бу лавозимда Марина Ковтун бўлган, аммо 2019 йил март ойида у Путиндан истеъфога чиқишни сўради, бу РФ бир қатор минтақалари раҳбарларининг бошқа шунга ўхшаш илтимослари билан бирга содир бўлди - Россия оммавий ахборот воситалари бундай тенденцияни «губернаторлар қулаши» деб атади.

Чибис бошқаруви даврида Мурманск вилоятида «реновация» деб аталган жараён бошланди, бу минтақадаги портлар ва ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларга ҳам таъсир кўрсатди. 2023 йилда Россия ҳукумати Мурманск вилоятида ушбу тадбирларни ўтказиш тезлиги етарли эмаслигини қайд этди, деб ёзган РБК аввалроқ. Шу билан бирга, Чибис тегишли йиғилишда ушбу чора-тадбирлар учун камида 283,5 миллиард рубл керак бўлишини маълум қилди.

Мавзуга оид