Жаҳон | 13:20 / 08.04.2024
3394
4 дақиқада ўқилади

Австралия шарқида юзлаб одамлар тошқиндан жабр кўрди

Бир неча соат ичида Австралиянинг Сидней мегаполиси ва Янги Жанубий Уэлс штатида бир ойлик ёғингарчилик миқдори ёғиб ўтди. Тўғонларда фавқулодда сув ўтказгичлар очилди, турар жой бинолари сув остида қолмоқда.

Фото: picture alliance/dpa/AAP

7 апрел, якшанба куни маҳаллий фавқулодда хизматлар маълум қилишича, бўронли об-ҳаво ва кучли ёғингарчилик Австралиянинг қирғоқ бўйидаги Сидней шаҳри бутун кўчаларини сув остида қолдирди ва атрофдаги ҳудудларга катта зарар етказди. Қайд этилишича, расмийлар Уоррагамба тўғони ва бошқа тўғонларда, одатда бутун апрел ойига тўғри келадиган ёғингарчилик миқдори бир кунда кузатилганидан сўнг, сув ўтказгичларни очишга мажбур бўлган.

Қайд этилишича, бир нечта кўприкларда транспорт ҳаракати тўсиб қўйилган, пасттекисликларда жойлашган аҳоли пунктлари аҳолисига эвакуация қилиш тавсия этилган. Хабар эълон қилингунга қадар сув тошқини остида қолган Янги Жанубий Уэлс штатининг 300 дан ортиқ аҳолиси хавфсиз жойга келтирилди. Расмийларга кўра, аҳолидан ёрдам сўраб минглаб қўнғироқлар келиб тушган, қутқарув ва тозалаш ишларида 4000 дан ортиқ кўнгилли иштирок этган. 

Янги Жанубий Уэлсда пайшанбадан бери ноқулай об-ҳаво кузатилмоқда 

Дунёдаги энг катта оролнинг шарқий қирғоғида 4 апрел куни ёғингарчилик бошланди. Сидней яқинида сўнгги икки йилдаги энг кўп ёғингарчилик миқдори ноқулай об-ҳавонинг дастлабки 24 соатига тўғри келди. 6 апрел куни эрталаб ёғингарчилик ҳажми айрим жойларда квадрат метрга 250 литрдан ошди. Таққослаш учун, Германия об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, Берлинда бутун йил давомида ҳар квадрат метрга тахминан 575 литр ёғингарчилик тушади. 

Австралия расмийларига кўра, Сиднейнинг беш миллион аҳолисини 80 фоиз ичимлик суви билан таъминлайдиган Мовий тоғлар яқинидаги Уоррагамба тўғони яқинида яшовчи аҳоли айниқса оғир аҳволда. «Сув омбори тўлиб кетганда, шлюзлар автоматик равишда очилди ва катта ҳажмдаги сув тўкилди», деди гувоҳлар. 

Метрополнинг ўзида жамоат транспорти – поездлар, автобуслар ва паромлар ҳаракатида жиддий узилишлар кузатилди. Баъзи жойларда кўчкилар натижасида йўлларда кўп тонналик тошлар турибди. Сидней қирғоқларида кучли шамол туфайли юзага келган тўлқинларнинг баландлиги тўққиз метрга етди, деб хабар бермоқда ABC телеканали. Қайд этилишича, Сидней шимолидаги Нюкасл аэропорти иши фақат 7 апрелдан – икки кун аввал кўплаб рейслар бекор қилинганидан кейин нисбатан нормал режимга қайтган. Расмийлар минтақа баланд ерлардан ва тўғонлардан оқиб келаётган сув туфайли яна бир неча кун сув тошқини хавфи остида қолишини кутмоқда. 

Янги Жанубий Уэлсдаги тошқин минглаб одамлар эвакуация қилинишига олиб келган 

Австралиянинг Янги Жанубий Уэлс штати камида 18 минг аҳолиси, шу жумладан Сиднейда яшовчи 3 минг киши 2021 йил март ойи охирида юз берган сув тошқини туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлганди, дея хабар берди Австралия бош вазири Скотт Моррисон. 

Ўшанда оролнинг шарқий қирғоғидаги бир қатор ҳудудларда ҳам кўчкилар қайд этилган ва Нюкасл аэропорти учиш-қўниш йўлаги сув остида қолганидан кейин узоқ вақт давомида парвозларга хизмат кўрсатишни тўхтатган. Қайд этилишича, Уоррагамба шаҳридаги 142 метрлик тўғондан ҳам сув тошиб кетган. Австралия расмийларининг ўша пайтдаги маълумотларига кўра, қитъа жануби-шарқидаги аҳоли деярли бир аср давомида бундай кучли сув тошқинига дуч келмаган эди. 

Мавзуга оид