Ветнамнинг энг бадавлат тадбиркорларидан бири ўлим жазосига ҳукм қилинди
Суд ушбу аёл банкдан 12,5 миллиард долларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган деб топган.
Хошимин шаҳри суди ветнамлик 67 ёшли тадбиркор Труонг Ми Ланни 11 йил мобайнида мамлакатдаги энг йирик банклардан бирини талон-торож қилиб келгани учун ўлим жазосига ҳукм қилди.
Йирик Van Thinh Phat Group компанияси раҳбари Труонг Ми Лан — Ветнамда молиявий жиноятлар учун ўлим жазосига ҳукм қилинган кам сонли аёллардан биридир.
Фирибгарлик кўлами мисли кўрилмаган даражада деб ҳисобланмоқда. Труонг Ми Лан Saigon Commercial Bank’дан сохта аризалар билан 304 триллион донг (12,5 млрд доллар атрофида) кредит олишда айбдор деб топилди.
Аммо унинг ҳаракатлари туфайли етказилган жами зарар миқдори 27 млрд долларга баҳоланмоқда, айблов томони буни имконсиз деб ҳисобласа ҳам, суд ҳукми унга айнан шунча маблағни қайтариш мажбуриятини юклаган.
Айрим қарашларга кўра, суд босим ўтказиш ва ўғирланган маблағларнинг бир қисмини қайтаришга эришиш учун ҳам Труонгга ўлим ҳукми чиқарган.
Труонг Ми Лан айбига иқрор бўлмаган ва айбни ўз қўли остидагиларга юклаган. Унинг оила аъзоларидан бири Reuters агентлигига хабар беришича, у ҳукм устидан шикоят қилишни режалаштирмоқда.
Ветнам нашрлари жараён тафсилотларини батафсил ёритиб борди. Уларнинг маълумотига кўра, кўрсатма бериш учун 2700 киши чақирилган, ишда 10 нафар давлат прокурорлари ҳамда 200 нафар атрофидаги адвокатлар иштирок этган.
Далиллар жами оғирлиги 6 тоннани ташкил этган 104 та қутига жойланган. Труонг Ми Лан билан биргаликда яна 85 киши, жумладан, Ветнам Марказий банкининг собиқ ходимлари, ҳукумат амалдорлари ва SCB раҳбарлари судга тортилган, улар ҳукмни кутишмоқда. Хошиминдаги суд мажлисида 78 нафар айбланувчи иштирок этди, қолганлари қидирувда экани айтилган.
Қутилардаги нақд пуллар
Айблов томонига кўра, ҳонгконглик бадавлат тадбиркорнинг рафиқаси (у ҳам терговга жалб этилган) бўлган Труонг Ми Лан 90 фоиз акциялари амалда ўзига тегишли бўлган SCB банкидан кредит аризаларини сохталаштириб, пул ўмарган.
Полициянинг таъкидлашича, қимматли қоғозлар эгалари ва SCB омонатчилари фирибгарлик қурбонларига айланишган. Улар омонатлари бўйича фоиз ёки пулларини қайтариб ололмаган, Лан ҳибсга олинганидан буён уларга асосий қарз бўйича тўловлар амалга оширилмаган. 42 минг атрофидаги киши ушбу фирибгарликдан жабр кўрган.
Суд жараёни давомида прокурорлар ушбу аёлга тегишли бўлган мингдан ортиқ кўчмас мулк объектларини хатлашган.
Расмийлар шунингдек, Лан ва SCB ходимлари қонунбузарликлар ва банкнинг оғир молиявий аҳволини яшириш учун ҳукумат амалдорларига 5,2 миллион доллар пора бергани айтишмоқда, бу Ветнам тарихидаги энг катта пора ҳисобланади.
Ветнам Давлат банкида инспекция гуруҳи собиқ раҳбари До Тҳи Нханҳ суд жараёнида айтишича, SCB банкининг собиқ бош директори Во Тан Ван унинг олдига нақд пуллар солинган қутиларни олиб келган. У уларда пул борлигини тушунганида қутиларни олишдан бош тортгани, аммо, Ван уларни қайтариб олишни истамаганини айтиб берган.
5 март куни бошланган ва режалаштирилганидан олдинроқ тугаган суд жараёни Ветнам Коммунистик партияси бош котиби Нгуен Фу Тронг кўп йиллар мобайнида йўқ қилишни ваъда қилиб келаётган, аммо ҳозирча салмоқли натижалар кўзга ташланмаган коррупцияга қарши кураш кампаниясининг бир қисми бўлди.
2022 йилда серияли ҳибсга олишлар инвесторлар ишончига путур етказиб, Ветнамдаги йирик компанияларнинг акциялари 40 млрд долларга тушиб кетганди.
Труонг Ми Лан ким ўзи?
Труонг Ми Лан Хошиминда яшовчи хитой-ветнам оиласида туғилган. Этник хитойликларнинг катта жамоаси яшовчи ушбу шаҳар анча вақт олдинроқ (Сайгон номидаги шаҳар Жанубий Ветнам пойтахти бўлганида) Ветнам иқтисодиёти локомотивига айланганди.
Лан ёшлигида бозорда онаси билан бирга косметика маҳсулотлари сотган, аммо 1986 йилда компартия иқтисодий ислоҳотлар бошлаганида, у ер ва кўчмас мулк сотиб ола бошлаган. 1990-йилларга келиб у бир қанча меҳмонхона ва ресторанларга эгалик қиларди.
Ветнам асосан тез ривожланаётган ишлаб чиқариш сектори билан танилган бўлса-да, бадавлат ветнамликларнинг кўпчилиги ўз бойлигини қурилиш соҳасида ва кўчмас мулк билан боғлиқ спекуляциялар орқали ишлаб топишган.
Мамлакатдаги барча ерлар расман давлатга тегишли. Улардан фойдаланиш кўпинча амалдорлар билан шахсий алоқаларга боғлиқ. Шу туфайли иқтисодиёт ўсиши баробарида коррупция ҳам ўсиб борди ва бугунги кунга келиб коррупция барча соҳаларни қамраб олди.
2011 йилда Труонг Ми Лан Хошиминдаги муҳим шахсга айланганди ва унга банкротлик ёқасидаги учта банкни йирик тузилмага — Saigon Commercial Bank банкига бирлаштиришга рухсат беришади.
Ветнам қонунчилиги жисмоний ва юридик шахслар исталган банкда 5 фоиздан ортиқ акцияга эга бўлишни тақиқлайди. Аммо прокурорларнинг таъкидлашича, Труонг Ми Лан юзлаб ширкатлар ва ишончли шахслар орқали амалда SCB акцияларининг 90 фоизидан ортиғига эгалик қилган.
Лан ваколатларидан фойдаланиб, ўз одамларини менежерликка тайинлашда айбланган, бу одамлар унинг назоратидаги сохта компаниялар тармоғи учун юзлаб кредитларни маъқуллаб беришган. Айблов томони маълумотига кўра, Лан олган кредитлар банкнинг барча заёмларининг 93 фоизини ташкил этган.
Прокуратура маълумотига кўра, 2019 йил февралидан бошлаб уч йил мобайнида у ўз ҳайдовчисига банкдан 108 триллион донг (4 миллиард доллардан ортиқ) миқдоридаги нақд пулларни олиб чиқиш ҳамда уларни ертўлада сақлашга кўрсатма берган. Банкдан олиб чиқилган нақд пуллар энг йирик купюраларда бўлишига қарамай жами икки тонна атрофида тош босади.
Коррупцияга қарши кураш
«Менимча, бундай намойишкорона жараён бутун коммунистик даврда ҳеч қачон бўлмаган», — дейди АҚШ Давлат департаментининг Ветнамда катта иш тажрибасига эга бўлган истеъфодаги ходими Дэвид Браун.
Нгуен Фу Тронгнинг фикрича, халқнинг коррупция гуллашидан ғазаби Коммунистик партиянинг ҳокимият монополиясига экзистенциал таҳдид солади. У 2016 йилда коррупцияга қарши жиддий кураш бошлаганди.
«Ёнаётган печ» номини олган бу кампания доирасида икки президент ва бош вазирнинг икки ўринбосари истеъфога чиқишга мажбур бўлди, юзлаб амалдорлар эса интизомий жазога тортилди ёки қамалди. Энди бу рўйхатни Ветнамнинг энг бадавлат аёлларидан бири тўлдирди.
«Мен ҳайратдаман, — дейди Сингапурдаги Юсуф Исҳоқ институтида Ветнамни ўрганиш бўйича дастур раҳбари Ле Хонг Хиеп. — Ахир бу сир эмасди. Труонг Ми Лан ва унинг Van Thinh Phat компанияси SCB банкидан энг нуфузли жойларда кўчмас мулкларни ёппасига сотиб олишда молиялаштириш учун ўз шахсий чўнтаги сифатида фойдаланиши бозорда ҳаммага аён эди».
Дэвид Брауннинг ҳисоблашича, уни ўн йиллар мобайнида мамлакат бизнеси ва сиёсатида ҳукмронлик қилган нуфузли шахслар уни ҳимоя қилишган. Бу суд жараёнида у партиянинг жанубдаги нисбатан эркин бизнес маданияти устидан ўз ҳокимиятини кўрсатиб қўйишга уринишни кўради.
«Нгуен Фу Тронг ва унинг партиядаги иттифоқчилари Сайгон устидан назоратни тиклашга ёки ҳеч бўлмаганда у бутунлай қўлдан чиқиб кетишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда, — дейди у. — 2016 йилга қадар Ханойдаги партия хитойлик-ветнамликлар мафиясига ушбу шаҳарни бошқаришга қўйиб берган. Улар маҳаллий коммунистик етакчиларга хос бўлган барча тўғри сўзларни айтишди, аммо шу билан бир вақтда шаҳарни соғиб, у ерда қилинган пулларнинг катта қисмига эга бўлишди».
Нгуен Фу Тронг — Коммунистик партиянинг сўнгги йиллардаги энг нуфузли бош котибларидан бири. У партиянинг консерватив қаноти нуфузини 1980-йиллардаги ислоҳотлар давридан буён кўрилмаган даражага қайтарди.
Унинг раҳбарлиги остида партия ўз олдига катта мақсадларни қўйган — 2045 йилга қадар технология ва билимларга асосланган иқтисодиётга эга бой мамлакат мақомига эришишни. Аммо у 79 ёшда, соғлиги яхши эмас ва партиянинг 2026 йилда ўтказиладиган навбатдаги қурултойида истеъфога чиқиши мумкин.
Ветнамдаги жадал иқтисодий ўсиш коррупцияни ҳам муқаррар кучайтиради. Агар коррупцияга қарши ҳаддан ташқари фаоллик билан кураш олиб борилса, бу иқтисодий фаолиятнинг кўплаб турларини хавф остида қолдиради.
«Парадокс ҳам шунда, — дейди Ле Хонг Хип. — Иқтисодий ўсишнинг Ветнам модели коррупцияга боғлиқ. Коррупция механизм ишлашини таъминловчи мойлаш воситаси эди. Агар мойни олиб ташласангиз, у ишлашдан тўхташи мумкин».
Мавзуга оид
18:12
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
14:08 / 03.12.2024