Ўзбекистон | 01:47 / 20.04.2024
8929
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси очилди

Фото: eco.gov.uz

18 апрел «Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни» муносабати билан Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги Арт-Резиденсияда Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси очилди.

Очилиш маросимида БАА Шаржа амирлиги ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий, Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Шаржа археология бошқармаси бош директори Эйза Юсуф, Чхунчхон-Пукто провинцияси (Жанубий Корея) губернатори, БАА делегацияси вакиллари, маҳаллий мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган экология вазири Азиз Абдуҳакимов кўргазманинг очилиши икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

«Шаржа қадимий тарихга эга. Бу ҳудудда кўплаб экспонатлар топилган. Бу топилмаларнинг 80 фоизи илк бор Ўзбекистонда кўргазмага қўйилди. Кўргазмадан Арабистон ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тарихи ҳамда Шаржа амирлигининг неолит давридан исломгача бўлган даврига оид 170 дан ортиқ археологик топилмалар ўрин олган», деди вазир.

Фото: eco.gov.uz

Очилиш маросимида нутқ сўзлаган Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий эса Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг тарихи, маданияти бир-бирига жуда яқин эканлигини қайд этди.

«Шаржа амирлиги археологик топилмалари кўргазмасининг айнан Ўзбекистонда очилгани ўзига хос аҳамиятга эга. Негаки икки давлатнинг маданияти, тарихи, эътиқоди муштарак», деди у.

Маълумот учун, Шаржадаги Млейха археологик ёдгорлигида сарой, истеҳкомлар, уйлар ва инсонлар ҳамда ҳайвонлар қабрлари топилган. Топилмаларнинг умумий майдони 3 кмга чўзилган. Млейхадан узоқ бўлмаган ҳудудда эса археологлар олтин, кумуш, бронза, темир, фил суяги, алебастр, шиша ва бошқалардан ясалган, безатилган буюмлар ҳам топилган. Бу буюмларда қадимги Миср, Юнон, Рим, Парфия, Ўрта Осиё, Ҳиндистон маданияти изларини кўриш мумкин.

Кўргазма 22 майгача давом этади.

Мавзуга оид