Ўзбекистон | 11:34 / 01.05.2024
15501
3 дақиқада ўқилади

Бухорода ёдгорликларни таъмирлашга ажратилган 3,3 млрд сўм талон-торож қилинди

Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Улар товар-моддий бойликлар сотиб олиш ҳамда тарихий объектларни реставрация қилиш учун ажратилган катта миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилишда гумонланмоқда.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокурор ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида жойлашган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги ишлар ўрганилган. Жумладан, ишчи гуруҳ мутахассислар иштирокида Бухоро шаҳридаги бир қатор тарихий ёдгорликлар – “Хўжа Калон” масжиди, “Хусайни” ва “Нодир Девонбеги” мадрасалари ҳамда “Арк” мажмуаси деворларини реставрация ва таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишган.   

Ўрганишда бажарилган иш ҳужжатларига сохта ёзувлар киритиш йўли билан “Хўжа Калон” масжидида 731 млн сўм, “Хусайни” мадрасасида 216 млн сўм ҳамда “Нодир Девонбеги” мадрасасида 90 млн сўм маблағ талон-торож қилингани аниқланган. Шунингдек, Бухоро шаҳри тарихий маркази ҳудудида жойлашган 74 та объектга манзил кўрсаткич белгилари ўрнатиш учун ажратилган 50 млн сўм бюджет маблағи ҳам талон-торож қилингани маълум бўлган.

Бундан ташқари, Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари томонидан 2,3 млрд сўм бюджет маблағи товар-моддий бойликлар сотиб олиш учун сарфлангани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, амалда маблағлар талон-торож қилинган. Марказда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳам бузилиб, тўғридан-тўғри шартнома тузиш учун асос бўлмаса-да, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда 32 та ҳолатда 26 млрд сўмлик шартномалар тузилган.

Ўрганиш натижасига кўра, Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ўрганишлар давом этмоқда. 

Мавзуга оид