Иқтисодиёт | 09:37 / 02.05.2024
4130
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йил бошидан бери инфляция қарийб 2,6 фоизни ташкил этди

Январ-апрел ойларида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ошиши 2,59 фоизни ташкил этди. Апрел ойида истеъмол нархлари 0,93 фоизга ошди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда январ-апрел ойларида истеъмол нархлари ошиши 2,59 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида маълум қилинган.

Апрел ойида истеъмол нархлари ўтган йилга нисбатан (0,82 фоиз) бироз тезлашиб, 0,93 фоизни ташкил этди. Ой охирида йиллик инфляция 8,08 фоизни ташкил этди. Март ойидаги кичик ўсишга қарамай, бу аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада паст кўрсаткич ҳисобланади. Масалан, 2023 йил апрель ойида у 11 фоизни ташкил этганди.

Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 0,4 фоизгача тушди, бу ўтган йилининг апрел ойига нисбатан уч баравар паст. Йиллик асосда озиқ-овқат нархлари 7 фоизга ошди.

Апрел ойида нархларнинг ўсиши бўйича мевалар (+3 фоиз) етакчи бўлди. Ой давомида банан 9,9 фоизга, мандарин 7,5 фоизга қимматлашди. Шу билан бирга, сут маҳсулотлари 2,7 фоизга, сабзавотлар 1,2 фоизга арзонлашди.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархининг ўсиш суръати ойига 1 фоизга, йиллик ҳисобда эса 7,7 фоизга ошди. Апрел ойида кийим-кечак ва пойабзал нархлари деярли ўзгаришсиз қолди ва йил давомида мос равишда 5,8 ва 5,5 фоизга ўсди.

Апрел ойида бензин нархи 1,8 фоизга пасайди. Метан 3 фоизга (йиллик 22,4 фоиз) қимматлашди.

Мавзуга оид