Россия Қрим кўпригидан қўшинлар таъминоти учун фойдаланишни тўхтатди
Россия бир неча ойдан бери Қрим кўприги орқали ҳарбий техникани олиб ўтмаяпти ва муқобил йўналишлар қурмоқда, деб ёзади Molfar агентлигининг украиналик таҳлилчилари.
Россия ҳукумати Украина қуролли кучларининг ҳужумлари туфайли Украинадаги рус қўшинларини таъминлаш учун Қрим кўпригидан фойдаланишни тўхтатди ва қуруқликдаги йўлга ўтмоқда. Украинанинг OSINT-Molfar агентлиги сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди. Тадқиқот натижалари 6 май, душанба куни эълон қилинди.
Агентлик 2023 ва 2024 йилларда олинган Maxar сунъий йўлдош суратларини таҳлил қилди. Ушбу маълумотлардан маълум бўлишича, 2023 йил май ойидан сентябр ойига қадар Россия Федерациясини Қрим билан боғлайдиган кўприк орқали юк ва йўловчи поездлари ўтган. Ҳарбий техника бўлган поезд кузатилган ягона ҳолат 2023 йилнинг июл ойида Таман станциясида содир бўлган, дейилади материалда.
Охирги уч ойда бирорта ҳам ҳарбий техника бўлган поезд кузатилмади
Шу билан бирга, 2024 йилнинг февралидан апрелигача Қрим кўпригининг темирйўл қисмида бирорта ҳам ҳарбий техника бўлган юк поезди қайд этилмаган, дейди таҳлилчилар. Уларнинг сўзларига кўра, фақат битта ҳолатда – 2024 йил февралида кўприкдан ёнилғи баклари бўлган юк поезди ўтган.
«Сунъий йўлдошдан олинган суратлар кўприкнинг темирйўл қисми бўйлаб руслар ҳарбий юкларни ташимаслигини тасдиқлайди, шунинг учун ҳозир Қрим кўпригига ҳужум қилишнинг маъноси йўқ», - дейди таҳлилчилар.
Шу билан бирга, Россия Федерацияси Қримни Россия ҳудуди билан боғлаш мақсадида Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида муқобил темирйўл линияларини қурмоқда, деб ёзади Molfar.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия Федерацияси 2023 йил 17 июлдан сўнг Қрим кўпригидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишдан воз кечишни бошлаган. Ўшанда Украина қуролли кучлари сувусти учувчисиз учоқлари ҳужуми натижасида кўприкнинг бир неча қисми вайрон қилинган.
Мавзуга оид
15:36
Қора денгиз соҳилларини мазут қоплади — танкерлар ҳалокати оқибатлари фотосуратларда
10:20 / 11.11.2024
Трамп жамоаси «йўқотилган Қрим» ҳақидаги сўзлардан бош тортди
23:37 / 17.10.2024
Эстония қримтатарларнинг депортациясини геноцид деб тан олди
22:45 / 09.10.2024