Ўзбекистон | 23:13 / 08.05.2024
31272
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ йиғилишида 5 ташаббусни илгари сурди

Президент Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрига ташрифи доирасида Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ҳозирги шароитда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ўзаро инвестицияларнинг ўсиши учун шароит яратиш биринчи даражадаги вазифа деб ҳисоблашини таъкидлади.

«Тошкентда муваффақиятли ўтган анъанавий «Иннопром» халқаро кўргазмаси бундай ҳамкорликка ёрқин мисолдир... Биз ушбу мулоқот майдонини янада кенгайтириш, иштирокчилар сонини ошириш, жумладан, Куба, Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Мўғулистон, Виетнам ва Индонезия каби ҳамкор мамлакатлар компанияларини бу жараёнга жалб этиш ниятидамиз», деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг 5 та устувор йўналишини санаб ўтди.

Биринчидан, Ўзбекистон ЕОИИ ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари доирасида амалий шерикликни кенгайтириш ва тармоқларда кўп томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишда янада фаол иштирок этишдан манфаатдор.

Иккинчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқ ва чекловларни биргаликда бартараф этишга тайёр. 2009 йилда қабул қилинган Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига Ўзбекистоннинг қўшилиш жараёни бошланган.

Учинчидан, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари бозорлари билан боғловчи «Шимол – Жануб» транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича яқин мулоқотни давом эттириш муҳим. Беларус–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон мултимодал маршрутини ривожлантириш бўйича учрашуви самарали бўлгани таъкидланди.

Тўртинчидан, саноат кооперацияси соҳасидаги лойиҳалар ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини келгусида ҳам фаол қўллаб-қувватлашни мақсад қилинган.

Бешинчидан, қуйидаги муҳим йўналишларда ишларни тизимли йўлга қўйиш ва ЕОИИ органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди:

- Евроосиё Агроэкспрессини ривожлантириш, «яшил» ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш;

- Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларида умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва яқин ҳамкорлик қилиш. Бунда тегишли Ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди;

- Мамлакатларда меҳнат мигрантлари фаолияти учун рақамли платформаларга уланган ҳолда, қулай шароит ва ижтимоий кафолатларни шакллантириш;

- Сайёҳлар алмашинувини кескин оширишга қаратилган қўшма туристик дастур ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш.

Шавкат Мирзиёев ушбу йўналишларнинг барчаси ҳамкорликнинг ўрта муддатдаги истиқболга мўлжалланган янги режасида ўз аксини топиши мумкинлигини таъкидлади.

Мавзуга оид