Жамият | 21:44 / 14.05.2024
4752
3 дақиқада ўқилади

Аёллар ҳуқуқлари фаоли: “Муаммо қонунларда эмас, муаммони тан олмасликда”

Марказий Осиё давлатларида қонунчилик гендер тенглиги нуқтайи назаридан идеал бўлиши мумкин, лекин энг нозик нуқта – муаммо борлигини тан олмаслик ёки тўғри тушунмаслик, дейди Марказий Осиё аёллар мулоқоти координатори Айнура Усупбекова. У ва бошқа кўплаб фаоллар Самарқанддаги халқаро форумда хотин-қизлар фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Самарқанд 13-14-май кунлари Осиё хотин-қизлари халқаро форумига мезбонлик қилди. Дунёда илк бор дея таъриф берилаётган бу анжуман, президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида берган таклифи асосида бўлиб ўтди.

Хорижлик меҳмонлар билан гавжум бўлган форум, ташкилотчиларнинг маълум қилишича, 30 дан ортиқ давлатдан 400 га яқин фаол аёлларни ўзида жамлаган.

Форумда қатнашган Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, жаҳонда сиёсий ва иқтисодий беқарорлик давом этар, турли низолар, янги хатарларнинг хавфи юқори даражада сақланар экан, хотин қизларнинг давлат бошқаруви, шунингдек, ҳар жабҳада фаол бўлиши замон талаби бўлиб қолаверади. Юқори палата раиси, шунингдек, бугун Ўзбекистон “қиз болани ўқитмаса ҳам бўлаверади”, “қиз бола уйда ўтириши керак”, деган эски стереотипларга тўла барҳам беришга уринаётганини ҳам қўшимча қилди.

Халқаро форумнинг асосий меҳмон ва спикерларидан ҳисобланган БМТнинг Аёллар ишлари бўйича ижрочи директори Сима Бахуснинг фикрича, аёллар қанчалик улуғланмасин, уларнинг иқтисодиётдаги тенг иштироки ҳали таъминланмаган. Масалан, бутун дунё бўйлаб, 2,7 миллиарддан ортиқ аёллар қонуний равишда эркаклар билан бир хил мезонлар асосида иш танлай олмайди. Иш билан банд аёллар эркакларга қараганда ўртача 20 фоиз кам маош олади, дейди Сима Бахус.

Марказий Осиё аёллар мулоқоти координатори Айнура Усупбекованинг сўзларига кўра, кўпдан кўп декларация ва резолюцияларни имзолайвериш мумкин, лекин энг асосийси – ҳужжатлар амалда ишлаши керак. Бундан ташқари, у Марказий Осиёда миллий менталитет гендер тенглигини таъминлаш сиёсатига халақит беришини қайд этди. Бунда ечим эса халқаро ҳуқуқ нормаларидир. Яъни бу давлатлар жаҳон ҳамжамияти тан олган ҳужжатларни ратификация қилар экан, ундаги нормаларни ҳам бажаришга мажбур.

“Минтақанинг ҳар бир давлатида гендер тенглигига оид қонунчилик идеал тартибга солинган бўлиши мумкин: ижтимоий ёрдамлар бор, аёллар учун махсус квоталар бор, аёлларни иқтисодиётга, сиёсатга тортиш – ҳаммаси маҳаллий қонунчиликдан ўрин олган, лекин мен катта бир минусни айтмоқчиман. Энг нозик нуқта – [муаммо борлигини/жиддийлигини] тан олмаслик ёки тўғри тушунмаслик.

Марказий Осиё учун гендер тенглигини таъминлаш деганда фақат аёллар кўз олдимизга келаверади. Аслида эса бу фақат аёлларнинг муаммоси эмас, жамиятнинг, раҳбарларнинг, сиёсат майдонидагиларники ҳам. Агар улар буни тушунса, вазият яхшиланиши осонлашади, чунки қонунчилик ва бюджет масалаларида асосий рол уларда қоляпти”, – дейди Айнура Усупбекова.

Иқтисодий , сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича таклифлардан иборат минтақавий дастурнинг ишлаб чиқилиши форумнинг асосий натижаларидан бўлиши маълум қилинган.

Мавзуга оид