Сув ресурслари можаролар манбаига айланмоқда — Эрдўған
Туркия президенти сув манбалари ва сув омборлари тўқнашув зонасига айланиб бораётганини таъкидлади.
Сув ресурслари бўйича келишмовчиликлар дунё бўйлаб кўплаб кескин вазиятларнинг негизида ётади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги экотизимлари йиғилиши иштирокчилари олдида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, худди шундай жараёнлар Осиё, Америка, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида кузатилмоқда.
«Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари туфайли сув манбалари ва сув омборлари тўқнашув зонасига айланиб бормоқда», деди Туркия раҳбари.
Президент глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда Туркиянинг ҳиссасини ҳам қайд этди.
«Туркиянинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган Қораденгиз ташаббуси туфайли, биринчи навбатда Африкада кўплаб минтақаларда очарчиликнинг олдини олиш мумкин бўлди. Хавф билан юзма-юз келганда, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлиши мумкин эди», деди у.
Давлат раҳбари Туркия COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш шароитида 33 миллион тонна ғалланинг ўз бўғозларидан ўтишини таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашишига йўл қўймаганини таъкидлади.
Эрдўған ўз нутқида Ғарб давлатларининг мустамлакачилик ўтмишига ҳам тўхталиб ўтди.
«Нефт, олтин, олмос ва бошқа ер ости бойликлари учун қон тўкилган. Бир томчи қондан бир томчи нефтни қиммат билган мустамлакачилар ҳукмронлик қилиш учун ҳар қандай йўлни ишга солган. Улар минглаб километр узоқликда жойлашган мамлакатларга бостириб киришди. Улар ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланиб, Африка ўғлонларини, бойликларини, олмос ва олтинларини Европага олиб кетишди. Улар халқни ўз она юртидан қувиб чиқарди, тўқнашувлар ва фуқаролар урушини бошлади, қонли диктаторларни қўллаб-қувватлади, давлат тўнтаришлари уюштирди, қотиллик ва қирғинлар қилди. Улар маҳаллий аҳолини иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ўзига тўла қарам қилиб, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйишди. Улар ўз фаровонлигини мазлумлардан ўғирланган бойликларга қурдилар. Биз Конго, Жазоир, Кения, Сомали, Жанубий Африка, Намибия, Нигерия ва бошқа кўплаб Африка давлатларида инсон ҳуқуқлари бўйича маъруза ўқиётган Ғарб давлатларининг ҳаракатларидан жуда хабардормиз, деди у.
Мавзуга оид
17:38
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:52 / 17.12.2024