Ўзбекистон | 13:46 / 23.05.2024
9869
3 дақиқада ўқилади

Телевидениеда ижтимоий-сиёсий ток-шоулар кўпайди. Жараён қандай кетяпти?

Апрел ойи бошидан Ўзбекистонда катта аудиторияга эга нодавлат телеканаллар сиёсий-ижтимоий мавзулар муҳокамасига бағишланган ток-шоуларни эфирга узата бошлади. Ўтган 1,5 ой мобайнида таълимдан тортиб сиёсатгача, соғлиқни сақлашдан тортиб туризмгача экспертлар иштирокида суҳбатлар тақдим этиб келинмоқда.

Ҳозиргача 1 телеканал жонли, 4 та телеканал эса одатий услубда ток-шоуларни халққа намойиш қиляпти.

Kun.uz мухбири Шоҳрух Мажидов жараённинг бориши юзасидан ижодкорлар билан суҳбат уюштирди. Унда ҳозирча юқоридаги вазифанинг асосий бўлаги бўлиб кўринаётган ток-шоулар, уларни суратга олиш масаласи ва тизимли ҳолатлар муҳокама мавзуси бўлди.

“Зўр ТВ” телеканали бошловчиси, “Ўзимизда” ток-шоуси лойиҳа раҳбари Сирожиддин Ўсаровга кўра, жараён осон кечаётгани йўқ. Унинг бу борадаги фикрларини “Ренессанс ТВ” бош муҳаррири, “Ренессанс минбари” ток-шоуси лойиҳа раҳбари Жасур Раҳмон ҳам тасдиқлайди.

Уларнинг сўзларига кўра, мавзу танлаш, уларни содда ва халқона тилда аудиторияга етказиш, экспертларни муҳокамага жалб этиш – ҳам маъсулият, ҳам катта тажриба талаб қилади.

Сирожиддин Ўсаровга кўра, хориждан келаётган, миллийликка ёт ғояларга қарши туриш учун ҳам миллий контент зарур. У, шунингдек, кўрсатув устида катта жамоа ишлаётгани, мавзулар хилма-хиллиги ҳамда эркинлигини айтиб, тез кунларда бу ток-шоулар халқ қизиқишини жиддий уйғотишига умид қилаётганини билдирди.

Бундан ташқари, бошловчи Ўсаров фақат бундай муҳокамалар билан чегараланмасликни, медиа-маҳсулотлар тури хилма-хил бўлиши кераклигини ҳам қўшимча қилди.

“Мен савияли контент қиламан, уни ким кўради, рейтинг қандай бўлади, менга умуман қизиқ эмас”, дейди “Зўр ТВ” вакили.

Журналист Жасур Раҳмон эса ўз телеканалидаги лойиҳага тўхталар экан, ток-шоунинг жонли эфирда узатилишини – аудиториянинг қизиқиши ҳамда томоша қилиш истагини уйғотишда асосий сабаб қилиб кўрсатди. Шунингдек, “чегаралар” ва цензура ҳам бу услубдаги эфирда камроқ эканини урғулади.

“Узоқ йиллар давомида одамлар телевидение орқали сериаллар ҳамда бачкана кўрсатувларга ўргатилди. Энди бизнинг вазифамиз уларни савияли контент мухлисига айлантириш. Аудиторияни қайтариш керак, дейди Жасур Раҳмон.

Муҳокамада қатнашган сиёсатшунос ва таниқли эксперт Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистон миллий контентни яратишда кечикди. Миллий контент бу – ташқаридан бўлаётган хуружларга давлатнинг ичидан жавоб дегани.

“Телевидение секин-секин халқни ўзига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Лекин бу осон бўлмайди. Биринчи навбатда цензура бўлмаслиги, ахборот манбаси кўпайиши, медиада плюрализм бўлиши лозим”, дейди Раббимов.

Мавзуга оид