Ўзбекистон | 15:02 / 28.05.2024
25638
8 дақиқада ўқилади

“АЭС қурилишини жуда чуқур ўйлаш керак” — Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов “Росатом” томонидан Жиззахда қурилиши кутилаётган кам қувватли атом электр станцияси лойиҳасининг иқтисодий ва сиёсий жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Фото: ТАСС / POOL / Сергей Бобылев

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга, табиийки, электр энергияси керак, энергетика қанча арзон ва кўп бўлса, фаровонлик ва ривожланиш учун шунча яхши, лекин ҳозир муаммо электр ва энергетика соҳаси ислоҳот қилинмаганида ёки қандайдир станция мавжудлигида эмас.

“Ҳозирги ҳолатда ҳам, ҳеч қандай АЭСсиз ҳам электрни импорт қила оламиз, ёки уни ишлаб чиқариш учун ёқилғини импорт қила оламиз, унинг устига анча нормал нархларда қуёш энергиясини ишлаб чиқарадиган корхоналарни жалб қила оламиз. Демак “свет йўқлиги” муаммоси сунъий яратилган, нотўғри бошқарув ва хато қурилган электр энергия сиёсатининг меваси. АЭС қурилиши ҳал қилиб берадиган бир технологик муаммо эмас”, – дея ёзди иқтисодчи ўз блогида.

Ҳошимовнинг таъкидлашича, атом электр станцияси қуриш бўйича қарор иқтисодий томондан мақсадга мувофиқми-йўқми, аввало шуни билиб олиш керак.

“Масалан, уни қуриш учун ҳукуматимиз неча пул беради? Бошқа молиявий манбалар, жумладан давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладими ва энг асосийси, давлат қураётган бўлса, бу нарса ўзбекистонликларга қанчага тушади? Барча давлат ва нодавлат молиявий манбалардан ишлатилиши кўзда тутилган суммалар тўлиқ ва мутлақ очиқланиши керак. Бу фискал талаб қомусимизда ҳам белгиланган.

Бундан тўрт йил олдин ҳозирги энергетика вазири билан қилган суҳбатимизда бу саволни сўраган эдим, лекин бу “сир” бўлгани учун, айтмаган эдилар. Менда бу рақамлар очиқланмаслигига фалсафавий маънодагина эмас, балки конституциявий маънода ҳам эътирозим бор. Сир ёки “тижорий сир” жуда бир тор маънода ишлатиладиган нарса – фуқаровий лойиҳалар учун давлат пулининг харажати, табиийки, сир бўлиши нотўғри. “Аккую” қурилганида, туркияликлар уларга руслар қуриб бераётган АЭС нархини аниқ билишган.

Лекин муҳимроқ томони, битимда бошқа шартлар ҳам бор, яъни станцияни нархидан ҳам муҳимроқ шартлар. Ўшаларни гапиришимиз ҳам керак. Станцияни ким бошқариши, қандай нархда электр энергия сотилиши – жуда муҳим. Туркияда Россия тўлиқлигича ўз ҳисобидан қурилиш қилиб, энергияни бир 1 киловатт соати учун 12,5 центлик битим қилган. Бизга агар худди шу шартлар берилса, олишимиз керакми деган ўринли савол бор. Ҳозирги кунда, Ўзбекистонда бундан арзонроқ генерация манбалари бор бўлса, қимматроқ атом энергетикаси қанчалик зарур?

Биласиз, 12,5 центдан агар Ўзбекистон сотиб олса (шартларни билмайман, шартли шундай бўлса деяпман) – бу 1500 сўмдан кўп, ҳозирги сотилиш нархидан ҳам анча баланд, бундан бир неча ой аввал, бошқа манбалардан генерацияни 1000 сўм атрофида деётган эди ҳукумат. Агар айнан шундай бўлса, АЭС иқтисодий маънода бизга пулни иқтисод қиладими йўқми?” – дея масаланинг иқтисодий томонларига тўхталган Беҳзод Ҳошимов.

Иқтисодчи АЭС масаласининг сиёсий жиҳатлари ҳам борлигини таъкидлайди.

“Иккинчи нарса, бу ҳамма давлат харажатларига таалуқли, лекин айниқса бундай катта ва муҳимларига. Пудратчини танлаш. “Росатом”дан бошқа корхоналар тендерда иштирок этишганми? Франция, Япония каби мамлакатларда атом энергетикаси ўта ривожланган, улар ҳам жуда зўр станциялар қуришади, уларнинг корхоналари қандай таклиф беришган бизнинг ҳукуматга? Нега айнан “Росатом”?

Бу саволни беришимнинг сабаби, албатта, бундай нарсада сиёсатни ҳам ўрни йўқ эмас. Россия энергетикасидан Европа деярли бутунлай воз кечди – бунинг учун тўлақонли Европадаги уруш сабабчи бўлди. Қачондир Германия рус энергетикаси арзон деб, сиёсий ҳисоб-китобларни писанд қилмасдан, фақатгина иқтисодий ҳисобга таяниб қарор қилган эди ва бу қарори анча қимматга тушди. Лекин биздек анча кичик мамлакат учун, АЭСда асосий пудратчи Россия давлати ва давлат корхонаси бўлиши жуда катта савол бўлиши керак.

Қандайдир маънода, агар японлар ва руслар бир хил нархга таклиф беришса – японларни танлаш керак, деган бўлар эдим, нархи бир хил бўлса ҳам, ҳар ҳолда, сиёсий рисклари анча кам. Уруши ҳали ҳам тугагани йўқ ва янги санкциялар киритилса – масалан, биздаги станция ва унинг истеъмолчилари – ўзбекистонликларга асоратлари ҳам, менимча, ҳали ҳам очиқ савол.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда Ўзбекистон ўз энергетикасини модернизация учун олаётган маблағлар асосан ғарбий ёки ғарб бошчилик қиладиган молиявий институтлардан келмоқда. Бу ташкилотларнинг барчаси Россияга санкция қўллашган. Энди биргина АЭСни деб бутун бошли энергетик тизимнинг модернизацияси учун технологиялар ва маблағни олиш манбаси йўқ бўлиб қолиши хавфи мавжудми? Билмадим, лекин албатта жуда кўп тафаккур қилиб қарор қабул қилиш керак бўлган масала.

Хоҳлаймизми, йўқми, уруш кўп нарсани ўзгартириб юборди. Хитой молиявий тизими ҳам, ғарбий санксияларга амал қилиб, рус транзакцияларни блоклаши Хитой учун тўғри қарор эди. Бизга ҳам сабоқдир шу.

Руслар қилаётган урушнинг асоратларидан бири – илғор технологиялардан кесилиш – бу ҳам АЭСга таъсир ўтказадими? Ривожланган дунёнинг охирги технологияларисиз қурилган АЭС, албатта яхши бўлмайди, бу ҳам, менимча, фактор.

АЭС қурилиши, биздаги бошқа лойиҳалар учун технологияни олиб келишга тўсиқ бўлмайдими? Ўзбекистонга энергетик технологиялар сотаётган AirProducts'ми, ёки Siemens'ми – ўша технологиялар эртага мамлакатимизда фаолият олиб бораётган “Росатом”га тушиб қолишидан қўрқиб, сотилиши чекланса – бу рискларни қанчалик ҳисобга олганмиз “Росатом” билан ишлаб? Булар катта саволлар”, – дея ёзади у.

Ҳошимов бундай муҳим стратегик қарорни қабул қилишда Россия билан ишлашнинг иқтисодий ва сиёсий ҳисоб-китобларини очиқлашга чақирди.

“Хулосам шуки, атом электр станцияси қурилишини жуда чуқур ўйлаш керак. Унинг атрофидаги харажатлар қанча ва ким томонидан тўланиши, халқ бўйнида ўлпон бўлиб қолмаслиги ҳақида мулоҳазалар керак, менимча, ҳукумат анча шаффофроқ ишлаши керак. Электр сотилиши шартлари ва контрактнинг барча деталлари очиқланиши керак. Бозорни ўрганишимиз ва бошқа алтернатива бўла оладиган барча таклифларни кўриб чиқишимиз керак.

Бу муҳим стратегик қарор бўлгани учун, парламент аъзолари ҳам бу нарсага овоз беришлари керак. Чунки бу фақатгина энергетика вазирлигида қабул қилинадиган техник бир вазифа эмас, балки сиёсий асоратлари, стратегик асоратлари бор қарор. Ҳамма хавф-хатар ва фойдалари ўрганиб чиқилиб, жамоатчиликка тақдим этилиши керак, шунда қарор тўғри бўлса, ўйлайманки, ўзбекистонликлар янги яшил энергетика манбасининг бўлишига қаршилик қилмаслар.

Балки буни японлар қурар, балки ўзимизнинг уран бўлгани учун ишлаб чиқиш харажатлари пастроқ бўлар – шу каби барча деталлар билан танишишимиз керак. Мен АЭС ғояси тўғри бўлиши мумкинлигига ишонаман. Чунки бу анча хавфсиз ва яшил технология. Лекин айнан ҳозир ва айнан Россия билан ишлашнинг иқтисодий ва сиёсий ҳисоб китоблари очиқ бўлиши керак деб ўйлайман. Шунда мулоҳаза тўғри бўлар эди. Менимча”, – дея ўз постига якун ясаган Беҳзод Ҳошимов.

Мавзуга оид