Жаҳон | 15:01 / 31.05.2024
3208
2 дақиқада ўқилади

Экспертлар: 400 млндан ортиқ болалар уруш шароитида яшаяпти

«Уруш ва қочқинлик болалар ва ўсмирлар ҳаёти учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин», деб ёзади «Болалар қишлоқлари - SOS».

Фото: DW

Дунё бўйлаб 400 миллиондан ортиқ болалар уруш ёки қуролли тўқнашувлар шароитида улғаймоқда, дея хабар беради «Болалар қишлоқлари - SOS» (SOS-Kinderdörfer) халқаро хайрия ташкилоти. «Дунёда урушлар сони янги юқори даражага етди. Ҳарбий можаролар пайтида болалар ва ўсмирлар кўплаб хавф-хатарларга дучор бўлмоқда», дейилади унинг 30 майда 1 июн куни нишонланадиган Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан эълон қилинган пресс-релизида.

Ташкилот матбуот котиби Борис Брейернинг сўзларига кўра, уруш ва қочқинлик барча жабрланганлар учун вазият устидан жиддий назоратни йўқотилишини англатади. «Аммо болалар айниқса ҳимоясиз. Биз уларни ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак», - деди у. 

Бола ҳуқуқларининг оммавий бузилиши 

Пресс-релизда БМТ маълумотларига таянилган, уларга кўра 2005 йилдан 2022 йилгача ҳарбий тўқнашувлар пайтида камида 315 минг болалар ҳуқуқлари оммавий равишда бузилиши содир этилган. «Уруш ва қочқинлик болалар ва ўсмирларнинг ҳаётига хавф туғдирувчи оқибатларга олиб келиши ва уларнинг бутун ҳаётига таъсир қилиши мумкин», деб ёзади ташкилот. 

Хабарларга кўра, болалар ҳалок бўлган ёки оғир жароҳатланган, ота-онаси ёки васийларидан айрилган, уй-жойларини йўқотган ва қочишга мажбур бўлган. Озиқ-овқат танқислиги туфайли улар тўйиб овқатланмайди. Болалар, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим олиш имкониятига эга эмас. Улар можаро тарафлари томонидан суиистеъмол қилиниши, ўғирланиши ёки урушга жалб қилиниши мумкин. Болалар ва ўсмирларнинг психологик фаровонлиги тажрибалари ва уруш жароҳатлари туфайли қисқа ва узоқ муддатда жиддий равишда бузилиши мумкин. 

«Болалар қишлоқлари - SOS» можаро зоналарида ёки қочишга мажбур бўлган болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш учун кўплаб чоралар кўради.

Мавзуга оид