Ўзбекистон | 14:31 / 04.06.2024
4290
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда монументал ёдгорликларни ўрнатиш тартиби ўзгартирилди

Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича ҳукумат эксперт комиссияси тузилмоқда.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда монументал ёдгорликларни ўрнатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича ҳукумат эксперт комиссияси тузилмоқда. Унинг вазифалари:

  • давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш, олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва хулосалар бериш;
  • Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ўрнатиладиган давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларнинг лойиҳаларини ғоивий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, ўтказилган танловлар асосида саралаб олиш, зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар бериш;
  • давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар лойиҳалари концепциясини ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва хулоса бериш;
  • давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш, кўчириш ва олиб ташлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш масалаларини манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш ва хулосалар бериш ва бошқалар.

Ўзбекистонда монументал ёдгорликларни ўрнатиш ва олиб ташлаш (кўчириш) тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан ўрнатилади.

Давлат ва жамоат ташкилотларининг маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига киритилади ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда қарор қабул қилинади.

Монументал ёдгорликларни ўрнатишдан олдин тегишли соҳадаги ННТ ва меҳнат жамоалари билан маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Монументал ёдгорликларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида бадиий экспертлар кенгаши тузилади.

Ўзбекистон ҳудудида шахсларнинг ҳаёт вақтида хотирасини абадийлаштиришга ва уларнинг шарафига монументал ёдгорликлар ўрнатишга йўл қўйилмайди.

Монументал ёдгорликларни яратиш ва ўрнатиш ишларини молиялаштириш манбалари Вазирлар Маҳкамаси ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари қарорлари билан белгиланади.

Мавзуга оид