Ўзбекистон | 13:39 / 11.06.2024
3218
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2023 йилда 126 нафар шахс одам савдоси учун судланган

Жиноят оқибатида, жумладан, 24 нафар 3 ёшгача бўлган чақалоқлар жабрланган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2023 йилда Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан 126 нафар шахс судланиб, уларнинг 84 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 42 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар (шартли ва озодликни чеклаш) тайинланган. 

Олий суд хабарига кўра, судланганларнинг 111 нафари аёл, 15 нафари эса эркак. Ушбу жиноят оқибатида 242 нафар шахс жабрланган бўлиб, шулардан 151 нафарини аёллар ҳамда 24 нафарини 3 ёшгача бўлган чақалоқлар ташкил қилган.

2024 йилнинг январ-май ойларида Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан 69 нафар шахс судланиб, уларнинг 52 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 17 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар (жарима, шартли ва озодликни чеклаш) тайинланди.

Судланганларнинг 53 нафари аёл, 16 нафари эса эркак. Ушбу жиноят оқибатида 86 нафар шахс жабрланган бўлиб, шулардан 63 нафарини аёллар ҳамда 14 нафарини 3 ёшгача бўлган чақалоқлар ташкил этди.

Мавзуга оид