Ўзбекистон | 16:03 / 13.06.2024
4814
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш сабаб пойтахтдаги мактабдан 38 туп дарахт кўчириляпти

Шайхонтоҳур тумани 42-мактаб ҳудудидаги 38 туп дарахт бошқа жойга кўчирилаётгани маълум қилинди. Бу мактаб ҳудудига қўшимча бино қуриш режалаштирилгани билан боғлиқ.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган  42-мактаб ҳудудидаги дарахтлар кесилмасдан, кўчириладиган бўлди, деб маълум қилган шаҳар Экология бошқармаси вакили “Миллар” кўрсатувига берган изоҳида.

Ижтимоий тармоқларда мактаб ҳудудидаги дарахтлар кесиб ташланади деган ҳар хил гап-сўзлар чиқди. Аслида дарахтлар таг қисмидан кесилмайди. 464-сонли қарорга асосан барча агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолатда бошқа жойга кўчирилади”, – деди шаҳар экология бошқармаси биохилмахилликни асраш ва кадастрни юритиш бўлими бошлиғи Турсунпўлат Эгамов.

Мактаб ҳудудидаги дарахтларнинг кўчирилиш сабабини Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Улуғбек Аннақулов тушунтирган. Унга кўра, президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги 404-сонли қарорига мувофиқ 960 ўринли қўшимча бино қуриш режалаштирилган, шу муносабат билан ҳуддудаги 38 дона дарахт бошқа ерга кўчириляпти.

Дарахтларни кўчириб ўтқазиш шаҳар Экология бошқармаси томонидан белгиланган. Кўчириб ўтқазиш имкониятига эга бўлган ташкилот билан шартнома имзолаганмиз. Давлат бюджетидан маблағ ажратилган. Дарахтлар соғлом тарзда кўчириб ўтқазиш таъминланади. Ташкилотга 3 йил давомида дарахтларга қараш мажбурияти юклатилган”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ собиқ МХХ биноси ҳудудидаги 53 туп дарахт Қибрай туманига тегишли ташкилотлар рухсатисиз кўчириб ўтқазилгани маълум бўлган эди. Бош прокуратура дарахтларни кўчирган “Muna Mug” компанияси ва масъулларга жиноят иши очганди.

Мавзуга оид