Жаҳон | 11:40 / 18.06.2024
40349
17 дақиқада ўқилади

Ливиянинг 42 йиллик диктатори. Муаммар Қаззофий нима учун ўлдирилганди?

Бундан 13 йил олдин, яқин ўтмишнинг энг ёрқин ва зиддиятли сиёсатчиларидан бири Муаммар Қаззофий НАТО аралашуви билан қудратдан кетказилган ва ғазабнок оломон томонидан калтаклаб ўлдирилганди. Kun.uz эксцентрик раҳбарнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Болалик йиллари

Муаммар 1940 йилларда, ўша вақтда Триполитания деб аталган Италия мустамлакасидаги қишлоқларнинг бирида (ҳозирги Ливия ҳудуди), арабларнинг бадавийлар қабиласига мансуб оилада дунёга келган. Отаси чорвачилик билан шуғулланган. 9 ёшида мактабга қатнашни бошлаган, оиласининг кўчманчи ҳаёт кечириши сабабли мактабни бир неча бор ўзгартиришга мажбур бўлган.

1959 йилда Бенгази шаҳридаги университетнинг тарих факултетига ўқишга кирган, шу ерда марксизм ғоялари билан танишган. Ўқишни тамомлагач, 1964 йилдан ҳарбий коллежда таҳсил ола бошлайди. Кейинроқ Британияга ўқишга юборилган ва у ерда танк техникасини ўрганган. Армиядаги хизмат чоғида спиртли ичимликлар ичмаслиги ва кўнгилхушликларда иштирок этмаслиги билан ажралиб турган. Мамлакатдаги инқилобга қадар муҳандислик қўшинларида хизмат қилади.

Бўлажак сиёсатчи мактаб йилларидаёқ исёнкор кайфиятда бўлган. Ёшлигида Мисрнинг ўша вақтлардаги президенти Жамол Абдулносирга ҳавас қилган, Ливия қироли Идрис ҳокимиятидан норози ёшларнинг махфий гуруҳига асос солган. Муаммар талабалик йилларида “Эркин офицерлар иттифоқчи-социалистлари” ташкилотини тузади. Бунда у Жамол Абдулносирнинг ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида тузган “Эркин офицерлар” ташкилотидан илҳомланганди.

Сиёсий фаолиятининг бошланиши

Ливия Биринчи жаҳон урушигача Усмонийлар империяси таркибида эди, шундан кейин 1943 йилгача Италиянинг мустамлакаси бўлган, Иккинчи жаҳон урушида Италия енгилгач, Франция ва Буюк Британия бошқарувига ўтган. 1951 йилда мустақиллик эълон қилинади ва мамлакатда шоҳ Идриснинг монархияси қарор топади.

Қирол Идрис ал-Сануссий. Фото: AP Photo

Бу пайтда Ливияда иқтисодий аҳвол танг бўлиб, аҳолининг катта қисми қашшоқликда яшарди. Аммо, 1959 йилда Ливия ҳудудидан катта нефт конлари топилади, бу эса мамлакатнинг молиявий аҳволини яхшилашда муҳим рол ўйнади. Шундай бўлса-да, “қора олтин” сотишдан тушган маблағлар монарх ва унинг атрофидагилар манфаати учун ишлатила бошланади.

Мустақиллик эълон қилинган бўлишига қарамай, мамлакатни идора қилиш ҳам билвосита инглизларнинг таъсири ва иштирокида амалга ошириларди, ҳаттоки Ливия қуролли кучлари инглиз ҳарбийлари томонидан тайёрланган. Бу Қаззофийни қаттиқ ғазаблантиради. У инқилобий ҳарбий ташкилот тузади ва 1964 йилдан монархияга қарши тўнтаришга тайёргарлик кўра бошлайди.

1967 йилда араб давлатлари Исроилга қарши 6 кунлик урушда енгилгач, араб дунёсида Исроилнинг ҳомийси бўлган Ғарб давлатларига нисбатан салбий кайфият ортиб кетади. Хусусан, аҳолининг 90 фоиздан ортиғини араблар ташкил этувчи Ливияда ҳам аҳоли шоҳ Идриснинг режимини Ғарбга мойил бўлгани учун Исроилга ҳам хайрихоҳ деб ҳисоблайди, натижада йирик шаҳарларда Ғарбга қарши намойишлар бошланади. 1969 йилга бориб, инқилоб рўй беради ва ҳарбийлар мамлакатдаги барча йирик шаҳарларда назоратни ўз қўлига олади. Натижада Ливияда монархия тугатилиб, ҳокимият Инқилобий қўмондонлик кенгаши қўлига ўтади. Мамлакат номи Ливия Араб Республикаси деб ўзгартирилади. Муаммар Қаззофий полковник унвонини олади ва қуролли кучлар бош қўмондони лавозимини эгаллайди. 1970 йилда эса Инқилобий қўмондонлик кенгаши раислигига сайланади. Шу билан бирга, у Ливия бош вазири ва мудофаа вазири лавозимларини ҳам эгаллайди.

Муаммар Қаззофий

1977 йил 3 март кунидан бошлаб Ливия Араб Республикаси Ливия Халқ Араб Жамахирияси номи билан аталадиган бўлди. Қаззофий эса 1 сентябр инқилобининг раҳбари деб эълон қилинди. Шу тариқа, у 42 йил давомида давлатнинг ягона раҳбари бўлиб қолди.

Қаззофийнинг ички сиёсати

1969–1971 йилларда Қаззофий ҳукумати хорижий банклар ва хорижликларга тегишли бўлган ер мулкларини миллийлаштиради. Хусусан, 1971 йилда Британиянинг British Petroleum нефт компанияси активлари, икки йилдан сўнг эса Amerika Bunker Hunt Oil компанияси миллийлаштирилган. Мамлакат ҳудудидан бошқа давлатлар ҳарбий базалари чиқариб юборилади.

Қаззофий даврида қонунчилик исломий шариат қоидаларига мослаштирила бошланади. Йил ҳисоби ҳижрий тақвимга ўтказилади, ойлар номи ҳам алмаштирилади. Қимор ва алкоголли ичимликлар бутунлай тақиқланади. Амалдорлар ва ҳарбийлар ўртасидаги коррупцияга қарши фаол курашилиб, уларнинг бир қанчаси қамоққа олинади.

Мамлакатда мажбурий мактаб таълими муддати 6 йилдан 9 йилгача оширилди, бепул олий таълим жорий этилди. Қаззофий ҳокимият тепасига келгунга қадар, аҳолининг саводлилик даражаси 27 фоизни ташкил қилган бўлса, орадан 10 йил ўтиб кўплаб кутубхоналар ва таълим муассасалари ташкил этилиши ортидан бу кўрсаткич 51 фоизгача етади.

Бир неча йил ичида минглаб одамлар иш билан таъминланади. Нефт сотишдан тушган маблағнинг катта қисми уй-жой қурилишини молиялаштириш учун ишлатилади. Хусусан, 1970–1980 йилларда 180 мингдан ортиқ хонадон қурилди, бу эса илгари ертўла ва чодирларда яшаб келган уйсизларнинг қарийб 80 фоизини уй-жой билан таъминлаш имконини беради.

Қаззофий популист сиёсатчи бўлишига қарамай, у Ливияни ҳақиқатан модернизация қилди ва чўлдан иборат қолоқ мамлакатни Африкадаги иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлатлардан бирига айлантирди. 1979 йилга келиб Ливия аҳоли жон бошига даромад бўйича Буюк Британия, Италия ва Японияни ортда қолдиради. 2001–2005 йилларда Ливия инфляция даражасининг пастлиги бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам киритилган.

Бундан ташқари, Қаззофий демографик сиёсатга ҳам катта эътибор беради. У ҳукмронлик қилган 42 йил давомида Ливия аҳолиси 3 баробар ошди, болалар ўлими 9 баробар камаяди. Аёлларга ўзи ва янги туғилган чақалоғи учун катта миқдорда ижтимоий нафақа тўланган.

Иқтисодий ўсиш натижасида Ливия Африка давлатларидаги минглаб ишсизлар учун сўнгги умид масканига айланган. Мамлакатда ҳаттоки Европадан ҳам келган меҳнат мигрантлари бўлган.

Шу билан бирга, Қаззофий ўз режимининг барча рақибларига нисбатан ўта бешафқатлиги билан ажралиб турарди. У фитналар ва давлат тўнтаришига ҳар қандай уринишларга қарши қаттиқ курашган, бундай ҳаракатлар хорижлик кучлар томонидан молиялаштирилишига ишончи комил эди. Мамлакатда сиёсий партиялар ва мухолиф гуруҳлар тақиқланади. Иш ташлашлар ва намойишлар қонунчилик билан ман этилади, ОАВ устидан қатъий назорат ўрнатилади. 1969 йилдан 1994 йилгача бўлган даврда Қаззофий режимига қарши чиққан 343 ливиялик ҳалок бўлгани расман тасдиқланган.

Қаззофийнинг фарзандлари кўп эди, ота уларнинг айримларига юқори лавозимларни берган. Масалан, бешинчи ўғил Муътасим Билла Қаззофий – миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи ҳисобланган.

Муаммар Қаззофийнинг рафиқаси София Қаззофий бадавийлар чодирида болалари билан. 1986 йил 12 январ. REUTERS/Kate Dourian

Муаммар жуда эксцентрик етакчи сифатида ҳам ажралиб турган. У бадавийларга хос кийинган ва чодирда яшаган, ҳатто хорижий сафарларда ҳам чодирини олиб юрган, миллий кийимда бўлган, шу орқали халққа яқинлигини кўз-кўз қилишни мақсад қилган. Бундан ташқари, у тез-тез ҳарбий формада кўриниш берган.

Бельгия полицияси бадавийча чодирни қўриқламоқда. Ўшанда Қаззофий икки кунлик ташриф билан Брюсселга келганди. 2004 йил 27 апрел. REUTERS/Francois Lenoir

Қаззофийнинг ташқи сиёсати

Қаззофий ҳокимиятга келган пайтлари унинг ташқи сиёсатдаги мақсадлари оддий эди: барча араб халқларини бирлаштириш ва Исроилни йўқ қилиш. Шу мақсадда 1969 йилнинг 27 декабр куни Ливия пойтахтида Миср президенти Жамол Абдул Носир, Судан бош вазири Жафар Нимейри ва Қаззофийнинг учрашуви ўтказилиб, уч давлатни бирлаштиришни назарда тутувчи “Триполи хартияси” имзоланади.

Жамол Абдул Носир ва Қаззофий. Фото: Getty Images

Кейинги йил 8 ноябрда Миср, Судан ва Ливияни ўз ичига олувчи Араб Республикалари Федерацияси ташкил этилиши ҳақидаги “Қоҳира декларацияси” қабул қилинади. Муаммар Тунисга икки мамлакатни бирлаштиришни таклиф қилади, аммо президент Ҳабиб Бурғиба буни рад этади.

Вақт ўтган сайин Қаззофийнинг араб давлатларини бирлаштириш сиёсати саробга айлана бошлади. Миср президентлигига келган Анвар Садатнинг Исроил билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиши икки ўртадаги муносабатларни бузди. Дастлаб Миср, ундан кейин Судан ва Тунис Ливияни ўзларнинг ички ишларига аралашишда айблади. 1977 йилга келиб Ливия ва Миср ўртасида қисқа муддатли уруш ҳам келиб чиқади.

Триполидаги Араб саммити сессияси. Қаззофий журналистлар саволларига жавоб берябди. Фото: AP Photo

Ғарб давлатлари, биринчи навбатда АҚШ билан муносабатлар кескинлаша бошлайди. 1979 йилда Угандага ҳарбий ёрдам юборилиши сабабли АҚШ Ливияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритади. Қўшма Штатларда Қаззофийни “Яқин Шарқнинг қутурган ити” ва “учинчи жаҳон урушини қўзғатадиган маняк” дея атай бошлашади. Ливияда эса Америка “шайтон давлат” ва “ёвузлик манбаи” дея таърифланади. Икки ўртадаги совуқ муносабатлар Рейген президентлиги даврида чўққисига чиқади. Мамлакат иқтисодиётини заифлаштириш мақсадида Ливия нефтига эмбарго қўйилади.

Қаззофий турли террорчи ташкилотларга ҳомийлик қилгани, сиёсий мақсадларда рақибларни ўлдириш ва ўғирлаш билан шуғуллангани иддао қилинади. АҚШ Ливия режимини камида 45 мамлакатнинг ички ишларига аралашишда айблаган.

Масалан, 1986 йилда Ғарбий Берлиндаги америкалик ҳарбийлар орасида машҳур бўлган дискотекада портлаш содир этилган. Натижада уч киши ҳалок бўлиб, 200дан ортиқ киши яраланган. Портлаш Ливия махсус хизматлари томонидан уюштирилганига оид белгилар аниқланади. АҚШ Қаззофийни жисмонан йўқ қилиш мақсадида 1986 йилнинг 15 апрелида Ливия пойтахти Триполи шаҳрини бомбардимон қилади, аммо ўз мақсадига эриша олмайди.

1986 йилги портлашдан кейин Қаззофий қароргоҳининг ички кўриниши. Ўшанда Рейган Триполини Ғарбий Берлиндаги тунги клубда амалга оширилган портлаш учун айблаганди - портлашда икки нафар америкалик аскар ҳалок бўлган. Сурат 1999 йил 2 декабрда олинган. REUTERS/File

1988 йилда яна бир қонли теракт юз беради. Лондондан Нью-Йоркка парвоз қилган Boeing 747 русумли йўловчи самолёт Шотландиядаги Локерби шаҳарчаси осмонида портлатилиши оқибатида 270 киши ҳалок бўлган. Бу портлашда ҳам Қаззофийга алоқадор одамларнинг қўли борлиги иддао қилинади. Натижада 1992 йилда БМТ Ливияга қарши санкциялар жорий қилган, бу нефт экспортини тақиқлашни ўз ичига олади. Бунинг натижасида бир неча йил ичида Ливиянинг ёқилғи сотишдан тушган даромади 3 баробардан кўпроққа камайиб кетади.

1986 йилги портлашдан кейин Қаззофий қароргоҳининг ички кўриниши. Ўшанда Рейган Триполини Ғарбий Берлиндаги тунги клубда амалга оширилган портлаш учун айблаганди - портлашда икки нафар америкалик аскар ҳалок бўлган. Сурат 1999 йил 2 декабрда олинган. REUTERS/File

Санкциялар ва тақиқлар Қаззофий ҳукуматини халқаро ҳамжамият билан муроса қилишга мажбур қилди. У 1999 йилда Локербидаги портлашда айбланган икки нафар ливияликни халқаро судга топширади. Улардан бири айбдор деб топилган.

Қаззофий БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги чиқиши чоғида танаффус қилмоқда, орқа фонда 64-сессияга президентлик қилган ливиялик Али Абдул Салом Треки. Нью-Йорк, 2009 йил 23 сентябрь. REUTERS/Mike Segar

2001 йил сентябр воқеаларидан сўнг Ливия терроризмга қарши курашда Қўшма Штатлар билан фаол ҳамкорлик қила бошлайди. Ядровий қуролларни йўқ қилиш дастурларида иштирок этади. Қуролланиш дастури тўхтатилади. Ғарб эса халқаро чекловни бекор қилади.

Муаммар Қаззофий америкаликларнинг мамлакатдаги базаси эвакуация қилинганининг 40 йиллигига бағишланган маросимда чиқиш қилмоқда, Триполи, 2010 йил, 12 июн. REUTERS/Ismail Zetouny

Қаззофийнинг қийнаб ўлдирилиши

2010-2011 йилларда қатор араб мамлакатларида мавжуд тузумга қарши кенг масштабли норозилик намойишлари кузатилади. Бу “Араб баҳори” номини олади. Араб дунёсига ёйилган бу инқилобий ҳаракатлар натижасида Тунисда Бен Али, Мисрдаги Ҳусни Муборак ҳокимияти қулатилади. Сурияда қонли уруш бошланди. Ушбу ҳаракатлар Ливияни ҳам четлаб ўтмайди. Мамлакатда ишсизлик ва қашшоқлик даражаси ниҳоятда ошиб кетганди. Чунки узоқ йиллик ёпиқлик сиёсати натижасида кўплаб чет эл нефт компаниялари мамлакатдан чиқиб кетган, экспортдан келадиган тушумлар қисқариб кетади. Бундай шароитда оммавий норозиликларнинг портлаши вақт масаласига айланди.

2011 йил 15 февралида Бенгазида бундан 15 йил олдин ўлдирилган маҳбусларнинг қариндошлари тўпланади, улар адвокат ва ҳуқуқ фаоли Фатҳи Тарбелнинг озод этилишини талаб қилишади. Тарбел озод этилади, аммо намойишчилар бундан қаноатланмай, хавфсизлик кучларига ҳужум қилади. Қўшни Тунисдаги воқеалардан илҳомланган ливияликлар мамлакатни 42 йилдан буён узлуксиз равишда бошқариб келган диктаторга қарши оёққа туради. Бир неча кун ичида мамлакатнинг шарқий қисми намойишчилар назоратига ўтади. Энди мухолифатчилар полковник Қаззофийнинг истеъфосини сўрай бошлашади.

2011 йил мартида БМТ Ливияда халқаро кучлар томонидан ҳарбий амалиёт ўтказилишини маъқуллайди, ундан мақсад, биринчи навбатда тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўлиши керак эди. НАТО кучларининг мамлакатга кириши ва Қаззофийга содиқ кучларга қарши кураш олиб бориши диктаторнинг позициясини сезиларли даражада заифлаштиради.

Сентябр ойида кўплаб жиноятларда айбланган Қаззофий Интерпол қидирувига берилади. Бу вақтда Ливия ҳудудида шиддатли ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганди. Пойтахт Триполи таслим бўлиши арафасида Қаззофий Ливия шимолида жойлашган, пойтахтдан 450 километр масофадаги Сирт шаҳрига қочади. Бу ерда у НАТО ҳаво кучларининг зарбалари туфайли ўз атрофидаги одамлардан айрилади. Исёнчилар қуршовида қолган диктатор канализация қувури орқали қочишга уринади, аммо асир олинади ва шу ердаёқ шафқатсиз равишда самосуд қилиб, ўлдирилади.

Қаззофийга қарши курашда иштирок этган жангчи ОАВ вакилларига Сиртда қўлга киритган ўлжаси - Муаммар Қаззофийнинг тилла тўппончасини кўрсатмоқда, 2011 йил 20 октябр. REUTERS/Thaier al-Sudani
Қаззофийнинг мухолифларидан бири у Сиртда қўлга олинишидан олдин яширинган қувурни кўрсатмоқда. REUTERS/Thaier al-Sudani

Унинг танаси Триполидаги савдо марказида, сабзавот солинадиган музлаткичда ҳамма кўриши учун бир неча кунга қолдирилади. Кейинроқ у ва ўғлининг жасади Ливия чўлларига кўмиб юборилади. Шу тариқа Қаззофийнинг 42 йиллик ҳукмронлиги тугайди.

Одамлар Муаммар Қаззофийнинг Мисратдаги уйда турган жасади фонида суратга тушишмоқда. 2011 йил 20 октябр. REUTERS/Thaier al-Sudani

Қаззофийдан кейинги Ливия

Ироқ ва Афғонистон сценарийси Ливияда ҳам такрорланди. Қаззофий диктатурасининг қулаши мамлакат учун тинчлик ва фаровонлик олиб келмади. НАТО давлатлари қўлловидаги инқилоб хорижлик ёлланма жангчилар иштирокидаги фуқаролик урушига айланиб кетди. НАТО зарбалари оқибатида минглаб ливиялик тинч аҳоли қурбон бўлган. Бундан ташқари, собиқ Жамаҳариянинг барча қуролли техникалари йўқ қилинди ва кўплаб аскарлари урушда ҳалок бўлади. Қўшҳокимиятчилик вужудга келиб, бошбошдоқлик кучайди.

Ҳозир ҳам мамлакат иккига ажралган ҳолатида қолмоқда. Бенгази ва Миср билан чегарадаги шарқий ҳудудлар – генерал Халифа Ҳафтар ҳокимияти остида. Пойтахт Триполи ва Тунис ҳамда Жазоир билан чегара томондаги ғарбий ҳудудларни турли кучлар, жумладан БМТ томонидан тан олинган миллий бирлик ҳукумати назорат қилади. Бугунги кунда мамлакатда ҳал қилинмаган беҳисоб муаммолар бор. Инқилобдан кейин бир неча қуролли гуруҳлар пайдо бўлди ва улар сайловлар натижаларини тан олмайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қаззофий ҳокимиятга келгач, мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт тубдан яхшиланди. Аммо унинг қайсарлиги ортидан қўшни давлатлар билан муносабатлар ёмонлашиб, Ливия халқаро майдонда ажралиб қолди. Мамлакатда унинг мутлақ ҳокимияти ўрнатилди, ҳаммаси яхши бўлган пайтларда ҳокимиятдан кетмади ва охирида фожиали тарзда ўлим топди. У 40 йилдан ошиқ бошқаруви даврида жуда озчилик қўлида тўпланган ҳокимиятни вужудга келтирди. Натижада вафотидан 13 йил ўтиб ҳам демократия, сиёсий барқарорлик ва ташқи кучлар таъсиридан мустақил бўлиш Ливия учун эришилган мақсад эмас, амалга ошиши қийин бўлган орзу бўлиб қоляпти.

Достон Аҳроров тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдурайимов

Мавзуга оид