Жамият | 16:21 / 20.06.2024
13924
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Бўрижар каналига чўмилишга борган талаба чўкиб кетди

Жаҳон тиллари университети 3-босқич талабаси каналга тушгач, кучли оқим туфайли сувдан қайтиб чиқа олмагани айтилмоқда. ФВБ ходимлари унинг жасадини уч соатда топишган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида курсдошлари билан чўмилишга борган 20 ёшли талаба Бўрижар каналига чўкиб кетди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳодиса 19 июн куни содир бўлган.

Шу куни соат 12:10 ларда Жаҳон тиллари университетининг 3-босқич талабаси Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган М.И. икки нафар курсдоши билан Бўрижар каналининг Яккасарой туманидан оқиб ўтган қисмига чўмилишга борган.

Талаба каналга тушгач сув совуқ ва оқим тезлиги туфайли Бўрижардан сузиб чиқолмай оқиб кетган. Тошкент шаҳар ФВБ қутқарувчи ғаввослар томонидан талабанинг жасади уч соатдан сўнг каналдан топилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 2024 йил апрел ойида Бўрижар каналига уч киши чўкиб кетганди. Ўшанда она ва боланинг чўкаётганини кўрган хитойлик эркак уларни қутқаришга ошиқади ва ўзи ҳам чўкиб кетади.

Мавзуга оид