Жаҳон | 09:20 / 21.06.2024
4168
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг КХДРга қурол етказиб бериши эҳтимолидан хавотирда

АҚШ Давлат департаменти Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга Россия қурол-яроғи етказиб берилишини истисно этмаслигини «хавотирли» деб ҳисоблайди.

Фото: AP

Қўшма Штатлар Россия президенти Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга Россия қуроллари етказиб берилишини истисно этмаган баёнотларидан чуқур хавотир билдирди. АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер 20 июн, пайшанба куни Путиннинг сўзларини «ақл бовар қилмайдиган даражада хавотирли» деб атади.

«Бу Корея яриморолини беқарорлаштириши мумкин», деди Миллер ва КХДРга қурол етказиб бериш «Россиянинг ўзи қўллаб-қувватлаган БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузиши мумкинлигини» қўшимча қилди. 

Шу куни Владимир Путин журналистлар билан суҳбат чоғида Россиянинг Шимолий Корея билан келишувлари доирасида Москва «дунёнинг бошқа минтақаларига қурол етказиб бериш ҳуқуқини сақлаб қолишини» айтди. «Ғарбликлар Украинага қурол етказиб беришади, лекин биз бу ерда ҳеч нарсани назорат қилмаймиз, дейишади. Биз ҳам кимгадир нимадир етказиб бериб, ҳеч нарсани назорат қилмаслигимизни айтишимиз мумкин», деди у . 

Шу билан бирга, AFP ёзганидек, Путин Жанубий Кореяни Украинага қурол етказиб бермаслик ҳақида огоҳлантирди ва бу «жуда катта хато» бўлишини айтди. 

Россия КХДР билан стратегик шериклик шартномасини тузди

Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхенянда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги битимни имзолади. Бошқа нарсалар қатори, ҳужжат иштирокчилардан бирига тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади, деди Путин 19 июн куни Ким Чен Ин билан музокаралар якунлари бўйича.

Путин имзоланган келишувни «икки давлат ўртасида узоқ йилларга мўлжалланган муносабатлар асосини ташкил этувчи ҳужжат» деб атади. 

Жанубий Корея Украинага қурол етказиб беришни бошлаши мумкин

Россия ва КХДР ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилганидан сўнг Жанубий Корея Украинага тўғридан тўғри қурол етказиб бериш масаласини қайта кўриб чиқиш ниятида эканлигини маълум қилди. Мамлакат миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чанг Хо-Жин 20 июн куни «жиддий хавотир» билдирди ва келишув имзоланишини қоралади, шунингдек, Шимолий Кореянинг ҳарбий кучини мустаҳкамлашга бевосита ёки билвосита ҳисса қўшадиган ҳар қандай ҳамкорлик БМТ қоидаларини бузиш эканлигини қўшимча қилди. 

Жанубий Корея президенти идораси Киевга қурол-яроғ етказилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.

Мавзуга оид