Спорт | 16:05 / 21.06.2024
9949
6 дақиқада ўқилади

«Жасур Саутгейт». Фаворит Англия ҳақида

Фото: Getty images

Сўнгги олти йилда, яъни Гарет Саутгейт жамоага келгандан кейин Англия бир марта Европа чемпионати финалида, бир марта мундиал яримфиналида ўйнади. Қатардаги жаҳон чемпионати чорак финалида Францияга тенг курашларда 1:2 ҳисобида бой берди. Англиянинг тарихдаги исталган олти йиллик даврини олинг, бундан яхшироқ натижаларни топа олмайсиз. Лекин Гарет Саутгейт менимча, футбол тарихидаги Англия мураббийлари ичида энг кўп танқидга учрагани бўлса ажаб эмас – шундай юлдузли таркиб билан бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин эди.

Ростдан ҳам, ҳатто Дешам ҳам ҳавас қилса керак, ахир учта энг яхши лиганинг энг яхши ўйинчилари таркибда, бирданига уч футболчи – Беллинҳэм, Кейн ва Фоден «Олтин тўп» курашида кучли ўнликдан жой олишса ажаб эмас. Бу таркиб билан Англия чемпион бўлиши керак. Доим чемпион бўлиши керак. Саутгейт эса мана шундай иқтидорли авлод салоҳиятини кўмиш билан шуғулланяпти.

Яна бошқа тарафдан қараганда, қанақа олтин авлод, ахир доим инглизларда ёрқин футболчилар бўлмаганми? Жеррард, Лэмпард, Бекҳэм, Оуэн, Руни – ҳаммаси инглиз футболи афсоналари ва бирга тўп сурганлар ҳам. 2007-2009 йилларда Чемпионлар Лигаси яримфиналида таркиби англиялик юлдузлар билан тўла бўлган учтадан инглиз жамоаси ўйнаган ва Евро-2008 финал босқичига Англия чиқа олмаган ҳам, тасаввур қиляпсизми? Терри, Фердинанд ёки Эшли Коул олдига Трипье ёки Гейи, Магуайрни қўя оласизми? Ўша таркиблар ҳам мундиалда яримфинални кўрмагач, Саутгейтга Фоден, Сака ёки Палмерни миннат қилишимиз қанчалик тўғри?

Аслида гап бошқа ёқда. Саутгейт аввалги ҳамкасбларидан фарқли равишда, яққол кўриниб турган, ҳаммага тушунарли ва ёқимли қарорларни қабул қилмаяпти. У жуда хавфли юриш қилмоқда – ё миллат қаҳрамони бўласан ёки бир неча ой ўтиб, нафрат дарёсида чўмиласан.

Зиддият ҳам шунда: ҳамма савол беради – нега Трент Александр-Арнолд асосий таркибда ўйнамайди, нега Санчо жалб қилинмаяпти, Магуайрга ишонч қаердан, Грилиш ёки Мэддисон нега Еврога олиб келинмади ва ҳоказо. Нафақат таркибни, футболчиларни танлашда, балким, ўйинларга бўлган муносабатлар ҳам тушунарсиз – Англия шу қадар эҳтиёткорки, худди агар устунлик бой берилса, бошқа гол уришга ишонч йўқдек.

Икки ўйинда Англия ўртача 0.72 xG қайд этди. Рақиблар – Дания ва Сербия ҳам ўзига яраша кучли жамоалар, лекин биласизми, Премьер-лигада «Лутон Таун»нинг ўртача кўрсаткичи 1.36 xG га тенг экан. Аммо қаранг, бошқа тарафдан, мана шу ўйинларда инглизлар ҳимояда ўртача 0.44 xG қўйиб юбордилар. Бу турнирда энг яхши кўрсаткич, ҳатто Франция ва Испаниядан ҳам яхшироқ. Хулоса қилиш мумкинки, Англиянинг бу зерикарли, эҳтиёткор ўйини – танлов меваси, атайлаб қилинмоқда, яъни ўйиннинг ёмон ташкил этилганидан эмас. Бундай танлов ва қарорлар қачонки, жамоа кубокни боши узра кўтарганда мураббийни даҳога айлантиради, аксинча ҳолатда эса саволлар янада баланд овозда янграйверади, янграйверади.

Биз яқин тарихга қараганимизда, жуда ёрқин Англияни кўрамиз, тўғрими? Ана, Бекҳэм қизил олмаганда Аргентинани, Руни майдондан четлатилмаганда, Португалияни ютардик. Роналдиньонинг ажойиб жарима зарбаси, Лэмпарднинг ҳисобланмаган, кейинчалик VARни футболга олиб кирган машҳур «голи»... Бир неча бой берилган пенальти сериялари... Жуда ёрқин. Ҳар бир мағлубият учун сабаблар топилади.

Мураббий эса кўпинча, оқ. Ўша пайтларда танқид қилингандир, инкор қилмайман, лекин умумий қараганда на Эрикссон, на Капелло қандайдир бош айбдор сифатида, Англиянинг қандайдир юлдузли даврини исроф қилган мураббийлар сифатида эсланмайди.

Аслида ўша ўйинларда ғалаба қозониш учун бошқачароқ таркиб, тактика, режа мавжудмиди, деган саволга жавоб ҳам излаб ўтирилмайди. Чунки ўша мураббийлар, юқорида айтганимдек, тушунарли, ёқимли ва ҳамманинг наздида энг тўғри қарорларни қабул қилишган. Қўлингда ҳам Жеррард, ҳам Лэмпард бўлганда, биридан воз кечиб, таркиб мувозанати, ҳимоявий режалар учун шартли Кэррикни таркибга қўймас экансан, ўйиндан кейинги танқидлардан қутуласан камида – ҳеч ким Кэррик қани, деб сўрамайди.

Бир пайтлар Эми Жаке исмли француз Кантона, Жинола каби ёрқин футболчилардан воз кечиб, бироз зерикарли, тушунарсиз футболни танлаган, Еврони қурбон қилиб, 1998 йилги мундиалда жаҳон чемпионига айланганди. Финалдаги эмоцияларни айтмаса, эсланг, ўша Франция ҳам унча ёрқин эмасди, Парагвай билан бир юз йигирма дақиқалик азоб, Италия билан пеналтилар серияси, яримфиналда Хорватия ёрқинроқ эди, назаримда.

Саутгейт эса шу йўлдан бормоқда. Бу шундай йўлки, миллий жамоа балким тарихидаги энг яхши натижани қўлга киритиши мумкин, лекин ёрқин бўлмайди. Аввалги йиллардаги каби, эсда қоларли равишда ютқазмайди. Аниқ, шубҳасиз, мағлубиятдан сўнг майдондагилар эмас, ўша куни ўйнамаганлар ҳақида жавоб беришга тўғри келади. Ҳар қандай мағлубиятдан сўнг, шу ўйинда ғалаба учун бошқачароқ йўл бормиди, деган саволни ҳамма излаб, ўзича жавоб бераверади, бераверади. Табиийки, поезд кетиб бўлгач, ўша бошқалар, мухлислар, журналистлар томонидан танланган ҳар қандай таркиб Саутгейтникидан кучли кўринаверади, кўринаверади.

Ҳа, бироз хавфли йўл. Аммо Саутгейтнинг мураббий сифатидаги мана шу қатъийлигига, жасурлигига қойил қолмасдан иложи йўқ.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид