Ўзбекистон | 20:29 / 24.06.2024
26926
2 дақиқада ўқилади

Орол денгизининг шимолий қисмида сув ҳажми ошгани маълум қилинди 

Денгизнинг шимолий қисмида бир неча йил давомида сув ҳажми камайиб бораётган эди, бироқ 2024 йилдан бошлаб яна кўпайишни бошлади. 

Орол денгизининг шимолий қисмида сув ҳажми ошди. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлигига таяниб Tengrinews маълум қилди. 

Вазирлик маълумотларига кўра, йил бошидан буён Орол денгизининг шимолий қисмига 1,1 миллиард куб метр сув қуйилган. Шундай қилиб, бугунги кунда Орол денгизининг шимолидаги сув ҳажми 21,4 миллиард куб метрни ташкил этади. 

«Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 86-йиғилишида томонлар суғориш мавсумида Орол денгизининг шимолий қисмига 997 миллион куб метр сув қуйилиши, шунингдек, оқим секундига камида 30 куб метрни ташкил қилиши ҳақида келишиб олдилар», дейилади вазирлик хабарида. 

Аввалроқ, Орол денгизи шимолини жанубдан ажратиб турувчи Кўкорол тўғони қурилиши тугалланган эди. Тўғон Орол денгизининг шимолидаги сув сатҳини кўтариш имконини берди. 

«Тўғон фойдаланишга топширилганидан то бугунги кунга қадар Орол денгизининг шимолий қисмига Сирдарёдан 46,6 миллиард куб метр сув, сўнгги 7 йилда 13,3 миллиард куб метр сув қуйилди. Оролнинг шимолий қисмида бир неча йил давомида сув ҳажми камайиб бораётган эди. Бироқ 2024 йилдан бошлаб яна кўпайишни бошлади ва бугунги кунда 21,4 миллиард куб метрга етди», деди Сув хўжалиги вазирлиги расмий вакили Молдир Абдуалиева.  

Қайд этилишича, Сирдарё оқимининг 75 фоизи Қирғизистонда, 20 фоизи Ўзбекистонда, 5 фоизи Қозоғистонда ҳосил бўлади. 

Мавзуга оид