Тазйиқлар остидаги кооперативлар бўйича қонун қабул қилинмоқда
Депутатлар “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Kun.uz фермерларнинг мустақил, эркин тарзда бирлашиши жойларда маҳаллий раҳбарларнинг тўсқинлигига учраши ҳақида йиллардан буён ёзиб келади. Икки йил олдин кооперативлардан бирининг пахтасини тортиб олиш учун ҳатто “маска-шоу” ҳам уюштирилганди.
Қонунчилик палатасининг 9 июл кунги ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, давлат ва кооперативлар ўртасидаги ҳамда мулкий муносабатларни тартибга солиш масалалари белгиланмоқда.
Шунингдек, белгиланаётган нормалар кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан шарт-шароитлар яратиш, молиялаштириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш масалаларини кўзда тутади.
Лойиҳада келтирилган таърифга кўра:
қишлоқ хўжалиги кооперативи – жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашиб, эгалик қиладиган ва демократик йўл билан бошқариладиган, аъзоларининг моддий ва бошқа эхтиёжларини қондириш учун пай усулига асосланган қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи мустақил ва тижорат ташкилоти ҳисобланади.
Расмий хабарда қонуннинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.
Маълумот учун:
- “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасида фермер хўжаликлари маҳсулот етиштириш ва бошқа мақсадларда ихтиёрийлик асосида бирлашиши мумкинлиги белгиланган.
- “Кооперация тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида қишлоқ хўжалиги кооперативи ишлаб чиқариш кооперативининг бир шакли экани ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлардан фойдаланиши кўрсатилган.
- “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига биноан, давлат органлари ва мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
- “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига асосан, ички ишлар ходимлари ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини оқлаш учун юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талабларини рўкач қилиши мумкин эмас.
Юқоридагиларга қарамай, республика бўйлаб қишлоқ хўжалиги кооперативлари маҳаллий раҳбарлар томонидан мунтазам равишда ноқонуний тўсиқларга учраб келади. Kun.uz бундай ҳолатларни кўп бора ёритган.
Янги қонуннинг қабул қилиниши фермерларга ниҳоят кластерлардан мустақил, маҳаллий раҳбарлар босимидан холи равишда, ўзлари эркин бирлашган ҳолда агробизнес юритишига замин яратиши мумкин.
Бу борада Kun.uz'да эълон қилинган айрим материаллар:
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
15:09 / 03.12.2024