Иқтисодиёт | 22:35 / 09.07.2024
17165
6 дақиқада ўқилади

Хитой валютаси “янги доллар” бўлолмаяпти. Нега?

Юаннинг улкан салоҳияти ҳақидаги ижобий прогнозларга қарамай, Хитой валютасининг халқаро ишлатилиш даражаси мамлакат иқтисодиёти, савдо қудрати ва геосиёсий таъсирига нисбатан пастлигича қоляпти. Бунга бир нечта сабаблар бор.

Фото: Reuters

Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан жуда тез ривожланиб бориши фонида, 2000-йилларда қатор экспертлар томонидан юаннинг “янги доллар” бўлиши прогноз қилинганди. Хўш, нега юан доллар ўрнини эгаллай олмади?

The Economist'нинг Хитой Марказий банки маълумотларига таяниб ёзишича, айни пайтда расмий Пекин молиявий операцияларининг сезиларли қисмини юанда амалга оширяпти. Ушбу ютуқларга қарамай, Хитой валютасининг мавқейи дастлабки кутилмаларга нисбатан анча камтарона кўринади.

2008 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирози кечаётган бир пайтда Goldmen Sachs’нинг таниқли иқтисодчилари 2020 йилга бориб юан валюта захираларининг 15-20 фоизини ташкил этишини башорат қилганди. Амалда эса, 2014 йили Хитой валютаси долларга нисбатан ўзининг энг юқори қийматига эришди, лекин шундан бери 16 фоизга заифлашди. 2015 йилдаги муваффақиятсиз девалвация капиталнинг катта миқдорда мамлакатдан чиқиб кетишига сабаб бўлди ва юанга нисбатан “лангар валюта” сифатидаги ишонч пасайди.

Шунга қарамай, юан 2016 йилда Халқаро валюта жамғармасининг захира валюталари саватига киритилди. Аммо унинг глобал валюта захираларидаги улуши кутилганидан анча пастлигича қолмоқда. Хитой валютаси 2010-2018 йиллар давомида Шарқий Осиё валюталари алмашув курсларининг атиги 9 фоизини ташкил қилган.

ХВЖнинг сўнгги маълумотларига кўра, марказий банклар томонидан юанда сақланаётган захиралар улуши 2,15 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2023 йилда 2,29 фоизни, 2022 йилда 2,61 фоизни, 2021 йилда эса 2,8 фоизни ташкил этган.

Нега юан долларга рақобат қила олмаяпти?

Юаннинг потенциал салоҳияти ҳақидаги ижобий прогнозларга қарамай, Хитой валютасининг халқаро қўлланиш даражаси мамлакат иқтисодиёти, савдо қудрати ва геосиёсий таъсирига нисбатан пастлигича қоляпти. Бунга бир қанча омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, Хитой ҳукумати ўз валютасини либераллаштиришни ва пулнинг мамлакат иқтисодига эркин кириши ва чиқишига рухсат беришни истамаяпти. Яъни Хитойда қаттиқ капитал назорати ўрнатилган. Глобал миқёсида иқтисодий қудрати ошиб бораётганига қарамай, расмий Пекин кескин капитал назоратини юмшатиш учун сезиларли иш қилмади, бу эса компаниялар ёки жисмоний шахсларнинг Хитой чегараларидан ташқарида юандан фойдаланишни кенгайтиришига тўсиқ бўляпти.

Капитал назорати ёрдамида катта миқдорда пул чиқиб кетишининг олдини олиш мумкин, бу эса юаннинг барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради. Пул оқимини назорат қилиш орқали Хитой ўз валютасининг алмашинув курсини яхшироқ бошқариши ва кутилмаган девалвациялардан қочиши мумкин. Шу тариқа, Хитой расмийларида иқтисодиётни беқарорлаштирадиган валюта ўзгарувчанлиги қўрқуви, эҳтимол, юанни глобал валютага айлантириш истагидан устун келяпти.

Шунингдек, агар бу чекловлар олиб ташланса, хусусий капиталнинг Хитойдан мулк ҳуқуқлари яхшироқ ҳимояланган ҳудудларга чиқиб кетиш эҳтимоли ошади. Коммунистик Хитой яқин ўн йилликларда инқилобий миқёсда жиддий ўзгаришларсиз мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қўшма Штатлар билан рақобатлаша олмайди.

Иккинчидан, ликвидлик билан боғлиқ жиҳатлар. Агар хорижий марказий банк Хитой билан валюта алмашинуви битимини тузса, у юаннинг ликвидлигини қўллаб-қувватлаш манбаи сифатида кўрилади. Аммо Хитой учун қадрсизланиш риски кучли бўлган валюта эвазига хорижий марказий банкка юан бериш ёмон битим сифатида кўрилади. Ёки қайсидир давлатга юанда қарз бериш ҳам долларга нисбатан юан курсининг ўзгариши билан боғлиқ хатар фонида фойдали шартнома бўлмаслиги мумкин.

АҚШ ғазначилигининг қимматли қоғозлари энг хавфсиз ва энг ликвид активлардан бири ҳисобланади ва бу уларни марказий банклар учун жуда жозибадор қилади. Аксинча, Хитойнинг молиявий бозорлари ўсиб бораётган бўлса-да, бир хил ликвидлик даражасига эга эмас. Капитал назорати юаннинг глобал миқёсда эркин айирбошланишини чеклайди, бу эса уни хорижий инвесторлар ва марказий банклар учун камроқ жозибадор қилади.

Учинчидан, ишонч ва шаффофлик. АҚШ молия бозорларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база мустаҳкам ва шаффоф дея қабул қилинади. Инвесторлар долларни қўллаб-қувватловчи ҳуқуқий ва институционал тузилмаларга ишонишади. Хитойнинг молиявий бозорлари эса ҳукумат аралашувига кўпроқ мойил бўлиб кўринади, бу эса инвесторлар ишончини пасайтиради. Миллий валютанинг халқаро захира активи сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши учун юқори даражада ишонч ва шаффофлик бўлиши керак.

Тўртинчидан. Айни пайтда Хитой савдо орқали юаннинг мавқейини оширишга фаол равишда ҳаракат қиляпти. Масалан, хитойлик ва аргентиналик экспортчи ва импортчида ўзаро ҳисоб-китобларни юан ва песода амалга ошириш имконияти бор. Бунда Хитой ўз валютасида савдо ҳисоб-китобларини фаол равишда рағбатлантириш орқали савдо ҳамкорларининг марказий банкларида юан йиғилиб боришига эришиши мумкин. Россия каби санкциялардан азият чекаётган мамлакатлар бу амалиётни қўллаб-қувватлайди. Аммо бу жуда узоқ йўл. Юанда пул сақлаш билан юанда пул жамғаришни хоҳлаш бутунлай бошқа нарса. Дунё бўйлаб доллар сотиб олиш ва сотиш имконияти чексиздир, юан эса Хитойдан ташқарида маълум кичик марказлардагина сотилади.

Юаннинг халқаро даражада кенгроқ қўлланиши Хитойга санкцияларни четлаб ўтиш учун кенгроқ имкониятлар тақдим этади. Кўпчилик экспертлар томонидан ҳам захираларни сақлаш учун Ғарб валюталарига ҳақиқий муқобил сифатида юан кўрилади. Аммо, Хитой бу борада кўп нарсани ўзгартириши керак бўлади. Биринчи навбатда шаффофлик ва очиқлик ҳамда капитал назоратидан воз кечиш талаб этилади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид