Ўзбекистон | 10:22 / 10.07.2024
8106
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Ипотекабанкка нисбатан иш қўзғатди

Ипотекабанк ўзининг Instagram’даги саҳифасида «Super» номли омонат тури бўйича реклама жойлаштирган. Рекламада ушбу омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 26 фоиздан эканлиги баён этилган. Рақобат қўмитасининг ўрганишларига кўра, 26 фоизлик ставка дастлабки 3 ой учун амал қилиши, кейинги уч ой учун бу кўрсаткич 14 фоизгача пасайтирилиши маълум бўлди.

Фото: ipotekabank.uz

Реклама бериш бўйича қонун талабларини бузганлиги учун Ипотекабанкка нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

«Instagram ижтимоий тармоғидаги Ипотекабанк саҳифасида банк томонидан жорий қилинган «Super» номли омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 26 фоиздан экани баён этилган.

Ушбу ахборотга банкнинг интернетдаги расмий саҳифаси жойлаштирилган маълумотлар асосида аниқлик киритилишича, «Super» номли омонат тури шартларига мувофиқ мижозлардан касса орқали депозитга қабул қилинган нақд пул маблағлари бўйича дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан ва кейинги уч ой учун 14 фоиздан ҳисобланиши, худди шунингдек, онлайн қабул қилинган депозит пул маблағлари бўйича эса мос равишда 26,09 ва 14 фоиздан ҳисобланиши маълум бўлди.

Бунда, «Super» номли омонат тури бўйича фақатгина дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан пул маблағлари берилса-да, ижтимоий тармоқдаги реклама ахборотида омонатнинг муҳим шартлари очиб берилмаган», дейилади қўмита хабарида.

Рекламанинг бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олиб, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси ва 43-моддаси ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси талаблари бузилиши аломатлари юзасидан Ипотекабанкка нисбатан иш қўзғатилди.

Мавзуга оид