Жаҳон | 14:21 / 15.07.2024
21283
6 дақиқада ўқилади

«Сиёсатимиздаги ҳароратни пасайтиринг». Байден Трампга суиқасд муносабати билан миллатга мурожаат қилди

У Америкада низолар ўқ билан эмас, сайлов қутисида ҳал қилинишини айтган.

Фото: EPA

Жо Байден Оқ уйнинг собиқ раҳбари ҳамда республикачиларнинг АҚШ президентлиги учун номзоди Доналд Трампга суиқасдга уриниш муносабати билан Америка халқига мурожаат қилди. Овал кабинетда ёзилган баёнотида президент америкаликларни сиёсатда зўравонлик ишлатишдан тийилишга чақирган.

«Сиёсатимиздаги ҳароратни пасайтиришимиз лозим, – деган Байден. – Бундай зўравонлик одатий ҳолга айланишига йўл қўйиб бўлмайди. Мамлакатимиздаги сиёсий риторика жуда қизиб кетди. Уни совитиш вақти келди. Буни қилиш — барчамизнинг бурчимиздир».

Байден сиёсат «тинч дебатлар учун майдон» бўлиши лозимлиги ва зўравонлик ҳеч қачон жавоб бўла олмаслигни таъкидлаган. Сиёсий кураш «ҳеч қачон ҳақиқий жанг майдонига, худо асрасин, қотиллик майдонига айланмаслиги керак», дея қўшимча қилган президент.

«Америкада биз келишмовчиликларни сайлов қутиларида ҳал қиламиз. Ҳозир шунинг вақти. Ўқ ёрдамида эмас, сайлов қутиларида», – деган Байден етти дақиқага яқин давом этган мурожаатида.

У «демократия ва қонун устуворлиги учун» фаол тарғиботни давом эттириш ниятида эканини қўшимча қилиб, «кўчаларда зўравонликсиз», сайлов қутилари ёнида ҳаракат қилишга чақирди. «Биз экстремизм ва ғазаб эмас, балки одобли ва меҳрибон бўлган Америка тарафдоримиз», – дейди Байден.

Президент Трампга тезда соғайишини тилаган ҳамда Трампнинг митинги вақтида ҳалок бўлган 50 ёшли ўт ўчирувчи Кори Комператорни қаҳрамон деб атаган — у ўз оиласи аъзоларини ўқлардан пана қилиш учун ўзини қурбон қилганди.

Митинг чоғида яраланган яна икки киши — 57 ёшли Дэвид Датч ва 74 ёшли Жеймс Копенҳейвер бўлган. Уларнинг иккиси ҳам шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Трампнинг ўзи енгил жароҳат олган: дастлабки маълумотларга кўра, ўқ собиқ президентнинг бошидан бир неча миллиметр наридан кетган ва унинг қулоғини тилиб ўтган.

Байден Америка махсус хизматлари ҳозирча жиноятчининг мотивлари бўйича бирор хулосага кела олмаганини маълум қилган.

ФҚБ маълумотига кўра, Трампга Пенсилвания штатининг митинг ўтказилган Батлер шаҳридан 70 км масофадаги Бетел-Парк шаҳридан келган 20 ёшли Томас Мэтю Крукс ўқ узган.

Президент ўз мурожаатида ишончли фактлар йўқлигида интернетда кўп сонли ёлғон маълумотлар ва фитна назариялари тарқалганига ишора қилган.

«Мотивлар ҳозирча маълум эмас»

«Ўқотарнинг мотивлари ҳозирча бизга маълум эмас. У қандай қарашларда бўлгани ва кимни қўллаганини биз билмаймиз. Биз у кимдандир ёрдам олгани ёки ким биландир алоқада бўлгани ҳақида билмаймиз», — деган Байден.

Аввалроқ Федерал қидирув бюроси дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи ёлғиз ҳаракатлангани ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирча «у қандайдир мафкура билан алоқдорлиги бўйича маълумот топмагани»ни хабар қилганди.

Овал кабинетда туриб мурожаат қилишидан олдинроқ Байден журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида, Трампни қўриқлаш кучайтирилишини маълум қилганди. У шунингдек душанба куни бошланаётган Республикачилар партияси қурултойида қўриқлаш ишлари кучайтирилишини айтган, қурултойда Трамп расман президентликка номзод сифатида кўрсатилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШнинг амалдаги ва олдинги президентлари хавфсизлиги учун масъул бўлган Америка Махфий хизмати республикачилар қурултойидаги фаолияти бўйича «қандайдир оператив ўзгаришлар кутмаётгани»ни билдирган.

Байден Трампга қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик билдирган. Wall Street Journal газетасига кўра, бу қўнғироқ «қисқа ва ҳурмат юзасидан» бўлган.

Бу Байденнинг президентлик даврида Овал кабинетдан учинчи бор мурожаат қилиши бўлди. Бундай чиқишлар жуда кам бўлади ва одатда энг жиддий воқеаларга бағишланади.

Байденнинг бу каби олдинги мурожаати 2023 йил октябрида, Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан кейин қилинганди. Ундан олдинроқ эса 2023 йил июнидаги мурожаатида АҚШ Конгрессидан Америка қарзи чегарасини оширишга рухсат беришини сўраганди.

Трамп миллатни бирликка чақирмоқда

Бу вақтда Доналд Трамп суиқасддан кейинги илк интервюсини берган. У Washington Examiner газетаси билан суҳбатда қурултойдаги чиқиши матнини қайтадан ёзишини ва унда эътиборни Байденни танқид қилишга эмас, миллий бирликка қаратишини айтган.

«Мен қилмоқчи бўлган нутқ бомба бўлиши керак эди», – деган Трамп. «Агар бу воқеа бўлмаганида, мен ўзимнинг энг ақл бовар қилмас нутқларимдан бирини сўзлаган бўлар эдим», – дея қўшимча қилган у ва асосан Байденнинг сиёсатидаги камчиликлар ҳақида гапиришни истаганини қўшимча қилган.

«Тўғрисини айтсам, энди бу бутунлай бошқача нутқ бўлади. Бу мамлакатни бирлаштириш имконияти. Менга шундай имконият берилди», – деган собиқ президент.

У шунингдек якшанба куни ўзи билан содир бўлган воқеани «эндигина чинакамига англай бошлагани»ни тан олган.

Трамп аллақачон 15 июлдан 18 июлга қадар республикачилар қурултойи ўтказиладиган Милуоки шаҳрига (Висконсин штати) етиб келган.

Мавзуга оид