Жамият | 10:00 / 18.07.2024
11858
3 дақиқада ўқилади

Ҳосил йиғиштириш завқи: тарвуз пайкалидан репортаж

Қовун ё тарвузни пайкал ичига кириб узиб олиб чиқишнинг гашти ўзгача. Дала бўйлаб иси таралиб турган тарвузпояга кириб, ўша ернинг ўзида ёз неъматидан татиб кўришга нима етсин?

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани, Яккатут қишлоғи далаларида машинага тарвуз ортаётган аёлни учратдик. Деҳқон аёл эркаклар билан тенгма-тенг ишларди.

У билан суҳбатлашганимизда Наманганнинг Чуст тумани Олмос қишлоғидан оилавий келиб тарвуз етиштиришаётгани, бу бутун республика бўйлаб ҳосилдорлик мўл бўлгани учун нарх ўтган йилларга қараганда анча пастлагани ҳақида сўзлаб берди:

Клара Мамажонова

“7-8 йилдан бери Чуст туманидан Тошлоққа келиб тарвуз экамиз, шунга яраша даромадимиз ҳам яхши. 10 гектар ерга тарвуз экканмиз. Бу йил тарвузлар ҳосили яхши, арзончилик бўляпти. Авваллари бозорга тушган харидор 2 дона тарвуз сотиб оладиган бўлса, ҳозирда  10 доналаб олиб кетишяпти, халқ ҳам, биз ҳам барака топяпмиз.

Аёл киши учун деҳқончилик қийин касб, лекин биз ёшликдан меҳнат ичида улғайдик. Пайкаллар ичида эсимизни танидик. Шунинг учун бўлса керак деҳқончиликнинг нони ширин. Биз бу ҳисни ёшликдан туйганмиз. 

Бир мавсумда 300 млн сўмгача даромад қиламиз, ҳосил бир йил ундоқ, бир йил бундоқ бўлади. Осон ишнинг ўзи йўқ, барча касбда ҳам меҳнат қилиш керак.

Тарвуз танлашга келсак, асосан тўни кенгайган тарвуз мазали бўлади. Танлашда шу ҳолатга эътибор бериш керак”, дейди деҳқон Клара Мамажонова.

«Бу йил тарвуз анча арзон бўлди, халққа етказяпмиз, нолимаймиз. Ўтган йили килосини  пайкалнинг ўзида 1 500 сўмдан, бу йил эса 600-700 сўмдан сотяпмиз. Ички бозор, Россия, Қирғизистон томонларга ҳам чиқаряпмиз.

Тарвузларни кечқурун узиб қўямиз, бошқа пайт узилса, палаги ўлади”, дейди деҳқонлардан бири Абдураҳим Абдураҳмонов.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид