Ўзбекистон | 09:10 / 19.07.2024
2495
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда омбудсман ваколатлари кенгайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ваколатлари кенгайтирилиши кутилмоқда.

17 июл куни Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 9 боб, 56 моддадан иборат. Қонун лойиҳаси билан омбудсманнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида халқаро тажрибани ўрган ҳолда унда омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.

Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маъруза Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида омбудсман томонидан президент ва Олий Мажлис палаталарига ахборот тақдим этиш тартиби мустаҳкамланяпти.

Якунда ишчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритишга келишиб олинди.

Мавзуга оид