Ўзбекистон | 18:34 / 22.07.2024
5791
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида янги ҳаво йўлаги очилди

Т916 йўналишидан аллақачон Германия, Люксембург, Италия, Швейцария ва АҚШ авиакомпаниялари фойдаланмоқда.

Фото: in4avia

Фуқаро авиацияси қўмитаси Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳаво ҳудуди орқали ўтувчи янги Т916 йўналиши очилганини маълум қилди, деб хабар берди Kazinform.

Бу Европадан Жануби-Шарқий Осиёга парвозлар учун қўшимча йўналишлардан биридир.

Йўналиш очилганидан бери 19 та рейс амалга оширилган. Бироқ ёз охиригача рейслар сони кўпайиши мумкин, чунки фойдаланувчилар янги маршрутни ўзлаштиришга вақт ажратадилар.

Янги маршрутдан Lufthansa Cargo (Германия), Cargolux (Люксембург), Cargolux Italy (Италия), Nomad Aviation (Швейцария), Western Global Airlines (АҚШ), Aerologic Cargo Airlines (Германия) компаниялари фойдаланмоқда.

Т916 йўналишининг узунлиги 2187 км бўлиб, шундан 437 км қисми Ўзбекистондан, 1750 км қисми Қозоғистон орқали ўтади.

Таъкидланишича, Т916 йўналиши авиакомпаниялар ва Ўзбекистон аэронавигация провайдери «Ўзаэронавигация» таклифи билан очилган. Илгари у ICAO имтиёзли маршрутлар каталогига киритилган эди.

«Қазаэронавигация» мутахассисларининг фикрича, янги йўналиш Қозоғистон ҳаво ҳудудининг хорижий авиакомпаниялар учун жозибадорлигини оширади ва Жанубий Қозоғистондаги ҳаво ҳаракатини назорат қилувчиларга юкламани камайтиради.

Мавзуга оид