Хитойнинг йирик давлат банкларидан бири Москва биржасини юандан узди
Бунга Москва биржасининг АҚШ санкцияларига учрагани сабаб сифатида келтирилган. Август ойининг ўрталарига келиб Россияда юаннинг ҳам биржа савдоси тўхташи мумкин.
Хитойнинг энг йирик давлат банкларидан бири бўлган Bank of China санкциялар остидаги Москва биржаси билан ишлашни тўхтатди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.
Хитой кредит ташкилоти юан бўйича клиринг банк функцияларини бажарган ва биржа савдоларида Хитой валютасидаги барча операциялар у орқали амалга оширилган. Бироқ 15 июл ҳолатига кўра, Bank of China бу ролдан воз кечди. Бунга Москва биржасининг Америка санкциялар рўйхатига киритилгани сабаб бўлди, дея таъкидлаган «Коммерсант» манбалари.
Натижада, юан билан савдо қилиш Россия валюта бозоридаги сўнгги Хитой банки - ICBC Bank’ка қарам бўлиб қолган. Бироқ бу ҳам узоқ давом этмаслиги мумкин. АҚШ ғазначилигининг санкцияланган биржа билан операцияларни амалга оширишга рухсат берувчи лицензияси август ойининг ўрталарига қадар амал қилади. Ушбу муддат тугагач, Хитой банклари санкцияларга дуч келмаслик учун Россияда юаннинг биржа савдосини тўхтатиши мумкин. Юанни биржага олиб чиқиш билан боғлиқ қийинчиликлар фонида июл ойида савдолари ҳажми ҳам кескин пасайган.
Маълумот учун, Россия Украинада уруш бошлагунга қадар Москва биржасидаги валюта олди-сотдиларининг атиги 3,5 фоизи юан ҳиссасига тўғри келарди. 2024 йилнинг бошида бу кўрсаткич 50 фоизгача кўтарилган. Энди эса Россиянинг асосий савдо майдончасида юандан бошқа деярли ҳеч нарса қолмади. Бозорнинг қолган 0,4 фоиз қисмини «дўстона» давлатларнинг валюталари эгаллаган. Улар орасида Беларус рубли ва Қозоғистон тангаси кабилар бор ва уларнинг курсини Мосбиржа бош саҳифасига жойлаштириб қўйган.
Биржага ва унинг асосий ҳисоб-китоб тузилмалари — Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб депозитарийсига нисбатан Америка санкциялари жорий этилгач, Хитой юани биржа валюта бозорининг 99,6 фоизини эгаллаб олди, дейилганди Марказий банкнинг июл ойидаги «Молия бозорларидаги рисклар шарҳи» ҳисоботида.
Аввалроқ, АҚШ Молия вазирлиги Россия валюта бозорида доллар савдосига воситачилик қилувчи бир нечта молия институтларига, хусусан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан санкциялар жорий этгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
22:47
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
20:54
Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолёт ердан уриб туширилгани ҳақида тахминлар янграмоқда
20:34