Жаҳон | 18:40 / 25.07.2024
4594
3 дақиқада ўқилади

2023 йилда дунёда ҳар ўн биринчи киши оч қолди — БМТ

БМТ ихтисослашган идоралари озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги вазият ёмонлашганини қайд этмоқда.

2023 йилда оч одамлар сони тахминан 733 миллионни ташкил этди: дунёда ҳар 11 кишидан бири ва Африкада ҳар бешинчи киши.

Бу ҳақда БМТ ихтисослашган агентликлари томонидан чоп этилган «Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати» ҳисоботида айтилади.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, дунёда тўйиб овқатланмаслик кўлами 2008–2009 йиллардаги даражага қайтган.

«Баъзи соҳалардаги баъзи ютуқларга қарамай, ташвишли даражада кўп одамлар озиқ-овқат танқислиги ва тўйиб овқатланмасликка дуч келмоқда. Дунёда оч қолганлар сони кетма-кет уч йил камаймаяпти: 2023 йилда 713 миллиондан 757 миллионгача одам тўйиб овқатланмади, бу 2019 йилга нисбатан қарийб 152 миллион кишига кўпдир», дейилади ҳужжатда.

Африкада оч қолганлар улуши ўсишда давом этмоқда (20,4 фоиз), Осиёда ўзгаришсиз қолган (8,1 фоиз), Лотин Америкасида эса пасаймоқда (6,2 фоиз).

2022–2023 йилларда Ғарбий Осиё, Кариб денгизи ва Африканинг аксарият субрегионларида очлик кучайган.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD), Болалар жамғармаси (UNICEF), БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) огоҳлантирмоқда: агар ҳозирги тенденциялар давом этса, 2030 йилда тахминан 582 миллион киши сурункали кам овқатланишдан азият чекади, уларнинг ярми Африкада яшайди.

Ҳисобот муаллифларининг маълумотларига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 2,33 миллиардга яқин одам ўртача ёки оғир озиқ-овқат танқислигидан азият чеккан. Уларнинг орасида 864 миллиондан ортиқ одам ўткир озиқ-овқат таъминотисиз, баъзан бир ёки бир неча кун озиқ-овқатсиз қолиш шароитида яшади. Бу кўрсаткич 2020 йилдан бери доимий равишда юқорилигича қолмоқда.

Дунё аҳолисининг учдан биридан кўпроғига таъсир қиладиган яна бир катта муаммо - соғлом озиқ-овқат сотиб олиш билан боғлиқ. 2022 йилда 2,8 миллиарддан ортиқ одам соғлом озиқ-овқат сотиб олишга қодир эмас.

Бу номутаносиблик аҳолининг 71,5 фоизи соғлом овқатланиш имкониятига эга бўлмаган кам даромадли мамлакатларда яққол намоён бўлади, юқори даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 6,3 фоизни ташкил қилади.

Дунё бўйлаб кам вазнли туғилишнинг тарқалиши 15 фоиз даражасида қолмоқда ва беш ёшгача бўлган болалар ўртасида ривожланишнинг секинлашуви даражаси 22,3 фоизгача камайган бўлса-да, ҳали ҳам белгиланган меъёрдан юқори. Бироқ, болалар ўртасида очликдан силласи қуриш даражаси деярли ўзгармади, 15-49 ёшдаги аёллар орасида камқонликнинг тарқалиши ортди.

Мавзуга оид