Ўзбекистон | 07:07 / 31.07.2024
15559
2 дақиқада ўқилади

Дин ишлари бўйича қўмита раисига янги ўринбосар тайинланди

Дилбар Ғуломова бошқа ишга ўтиши муносабати билан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Жорий йилнинг 30 июл куни Дин ишлари бўйича қўмитада Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов томонидан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Дилбар Ғуломовани бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимдан озод қилиш тўғрисидаги ҳамда Матлуба Қаҳҳоровани Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон президенти қарори ўқиб эшиттирилди.

Маълумот учун, Дилбар Ғуломова 2019 йилда Дин ишлари бўйича қўмитада янги очилган хотин-қизлар билан ишлаш йўналишига раҳбар этиб тайинланиб, Қўмита раиси ўринбосари лавозимида иш бошлаган эди.

Тадбирда Дилбар Ғуломованинг миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш ҳамда жамиятда диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти алоҳида эътиборга сазоворлиги таъкидланди.

Тадбир якунида Дилбар Ғуломовага Қўмита раисининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, Матлуба Қаҳҳоровага Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари сифатидаги фаолиятида муваффақиятлар тиланди.

Мавзуга оид