АҚШ суди Google'ни онлайн қидирув соҳасида монополист деб топди
Суднинг хулосасига кўра, компания технологик гигантларга ўз қидирув тизимини смартфон ва браузерларига ўрнатиши учун 26 млрд доллар тўлаш орқали рақобатчиларининг бозорда муваффақият қозонишига имконият қолдирмаган.
АҚШнинг Колумбия округи суди федерал судьяси Google компанияси онлайн қидирув тизими бозоридаги монополиясини сақлаб қолиш учун ноқонуний фаолият юритгани тўғрисида қарор чиқарди.
«Google — монополист ва у ўз монополиясини сақлаб қолиш учун монополист каби ҳаракат қилган», — дейилади судья Амита Мехтанинг қарорида.
Компанияга қарши даъво 2020 йилда АҚШ Адлия вазирлиги томонидан киритилган эди. Google монополияга қарши қонунчиликни бузганликда айбланган. Суд қарорида келтирилишича, Google’га эгалик қилувчи Alphabet INC компанияси бошқа технологик гигантларга ўз қидирув тизими смартфон ва браузерларга стандарт вариант сифатида ўрнатилиши учун 26 миллиард доллар тўлаган, бу орқали компания рақобатчиларининг бозорда муваффақиятга эришишига имконият қолдирмаган.
Компаниянинг суддаги вакилларига кўра, «Google яхши бўлгани учун ғалаба қозонмоқда» ва фойдаланувчилар Google орқали маълумот қидиришни афзал кўради. АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд Google устидан судда эришилган ушбу ғалабани «тарихий» деб атади. «Қанчалик кучли ва таъсир доирага эга бўлмасин, ҳеч бир компания қонундан устун эмас», — дейди у.
The New York Times’нинг ёзишича, мазкур қарор ҳукуматнинг монополияга қарши бошқа, масалан, Apple, Amazon ва Meta’га нисбатан даъволарига жиддий таъсир кўсатган. Технологик компанияга қарши охирги антимонопол қарор Microsoft’га нисбатан 1998 йилда қабул қилинган. Таъкидланишича, Google’нинг монополист дея тан олиниши йирик технологик компаниялар ҳукмронлигига чек қўйишнинг бошланиши бўлиши мумкин.
Google’га нисбатан қандай чора кўрилиши бўйича судья яқин ойларда қарор қабул қилади. Компания ишлаш услубини ўзгартириши ёки бизнеснинг бир қисмини сотишга мажбур бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
18:12
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17
АҚШ рекорд миқдордаги Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди
17:01
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
12:54