Жаҳон | 22:54 / 06.08.2024
3920
4 дақиқада ўқилади

Ҳарриснинг ҳамкори сифатида танланган Тим Уолз ҳақида барча маълумотлар

Баъзи сиёсатчилар фикрига кўра, Уолз республикачилар анъанавий кучли бўлган майдонларда ўзини муносиб кўрсатиши мумкин.

Фото: Getty Images

Миннесота губернатори Тим Уолз АҚШ президентлиги сайловида Камала Ҳарриснинг ҳамкори бўлди. Агар Ҳаррис ғалаба қозонса, Уолз вице-президент лавозимини эгаллайди. The Wall Street Journal кенг жамоатчиликка унчалик таниш бўлмаган бу сиёсатчи тўғрисида маълумот берди.

1964 йилда туғилган Уолз Небраска штатидаги кичик шаҳарчада катта бўлди. 17 ёшида АҚШ Миллий гвардиясига қўшилди. 1989 йилда Давлат коллежини тамомлагандан сўнг, Хитойда бир йил дарс берди. Кейин Миллий гвардияга қайтди.

Охир-оқибат у Миннесота штатида ўрнашиб олди, у ерда ижтимоий фанлардан дарс берди, ўрта мактаб футбол жамоасига мураббийлик қилди ва хотини билан икки фарзандни тарбиялади.

Уолз, шунингдек, Миллий гвардияда хизмат қилишни давом эттирди, у ерда дала артиллерияси мутахассиси бўлди, аммо ҳеч қачон жанговар ҳаракатларда иштирок этмади. Миллий гвардиядаги 24 йиллик хизматдан сўнг штаб сержанти лавозимида нафақага чиқди.

Уолз 2007 йилда демократ сифатида штатнинг энг консерватив округларидан биридан Конгрессга сайланди – бу ерда аҳоли анъанавий равишда республикачиларни ёқлаган. Демократнинг у ердаги ғалабаси сенсацияга айланди.

Бироқ, Уолз «сўлларга хос» демократик сиёсатни олиб борди. Масалан, ўқувчилар учун бепул овқатланишни қўллаб-қувватлади, собиқ маҳбуслар учун овоз бериш ҳуқуқини, ноқонуний мигрантларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилишини ёқлади.

Конгрессдаги 12 йиллик фаолиятидан сўнг, Тим Уолз 2018 йилда Миннесота губернатори лавозимига сайловда ғалаба қозонди. Ҳозир у ушбу лавозимни иккинчи марта эгаллаб турибди.

Қайд қилинишича, Уолз Американинг қишлоқ аҳолиси орасида жуда машҳур ҳисобланади. У ерда республикачилар, шу жумладан Трампнинг позициялари анъанавий равишда кучли бўлган.

Уолзнинг губернаторлик давридаги энг катта муаммоси 2020 йилда қора танли Жорж Флойднинг полиция ходимлари томонидан ўлдирилиши эди. Бу Миннесота штатининг энг йирик шаҳри Миннеаполисда содир бўлди. Шу вақтда ҳамма Уолзнинг Миннесота миллий гвардияси кучларини ушбу қотилликдан кейин бошланган тартибсизликларни бостириш учун юборишга шошилмаётганини пайқади.

Унинг эҳтиёткорлиги турлича тавсифланган - инқироз давридаги қатъиятсизлик ёки сайловчилари зиддиятнинг ҳар икки томонида бўлган вазиятга тўғри муносабат сифатида.

2006 йилдан бери Уолзни таниган Миннесота сиёсат бюллетени ношири Блойс Олсоннинг таъкидлашича, губернатор танқид қилинганда нозик бўлиши мумкин ва кўпчилик кутганидан кўра либерал эканини исботлаган. Олсон сўзларига кўра, Уолз сиёсат ва рақобатчиларга нисбатан «жуда айёр» бўлиши мумкин, аммо унинг юзидан табассум аримайди.

Исми ошкор этилмаган Демократик партия расмийси CNN телеканалига айтишича, Уолз унга Доналд Трамп томонига ўтиб олган кўплаб сайловчиларни эслатади.

Камала Ҳаррис Тим Уолзни вице-президентликка бўлажак номзод сифатида танлаганидан сўнг, Трамп жамоаси дарҳол унга танқид билан ҳужум қилди. Трампнинг сайловолди штабидаги CNN манбаларининг таъкидлашича, Уолзнинг танланиши Ҳарриснинг радикал либерал эканлигини исботлашда ёрдам бериши мумкин.

Мавзуга оид