Жаҳон | 07:45 / 07.08.2024
7916
5 дақиқада ўқилади

Bloomberg Гершкович ҳақидаги материалдан кейин мухбирни ишдан бўшатди

Bloomberg News'нинг Оқ уй ишлари бўйича бош мухбири ишдан бўшатилди. Бироқ Bloomberg Оқ уйдан қўнғироқ бўлганидан кейин ҳам WSJ мухбири озодликка чиқиши ҳақидаги материални олиб ташлашдан бош тортган.

Фото: PAP/EPA/JIM LO SCALZO

Bloomberg News Оқ уй ишлари бўйича бош мухбири Женнифер Жейкобсни ишдан бўшатди ва The Wall Street Journal журналисти Эван Гершковичнинг озодликка чиқарилиши ҳақидаги хабарни муддатидан олдин чоп этгани учун бир қанча бошқа ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрди. Бу ҳақда 5 август куни Американинг CNN телерадиокомпанияси хабар берди. 

«Ўтган пайшанба куни биз Гершкович ва бошқа маҳбусларнинг озод этилиши ҳақидаги хабарни муддатидан олдин нашр қилдик, бу уларнинг озод қилинишига олиб келадиган музокаралар алмашинувига хавф туғдириши мумкин эди», деб ёзади Bloomberg бош муҳаррири Жон Миклтвейт ходимларга йўллаган эслатмасида. «Ҳаттоки бизнинг материал, хайриятки, ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлса ҳам, бу таҳририят меъёрларини очиқдан очиқ бузиш», деди у. 

Миклтвейт сўзларига кўра, кенг қамровли текширув ўтказилди, бунга журналистик стандартларга риоя этилишини назорат қилувчи Bloomberg News муҳаррири жавобгар бўлди. Натижада интизомий чоралар кўрилди. Bloomberg News, шунингдек, бундай муваффақиятсизликлар яна такрорланмаслиги» учун таҳририят амалиётини кўриб чиқади, деди Миклтвейт. Унинг қўшимча қилишича, озодликка чиққанларнинг ҳар бирига шахсан ўзи хат ёзган. Бундан ташқари, Миклтвейт The Wall Street Journal бош муҳаррири Эмма Такердан узр сўради. 

«Биз ҳар куни минглаб материалларни нашр қиламиз, уларнинг аксарияти шов-шувли янгиликларга айланади. Биз аниқликка жуда жиддий қараймиз. Лекин тўғри иш қилиш учун масъулиятга эгамиз. Бу ҳолатда биз буни қилмадик», - деб давом этилган эслатмада.

«Мухбирларнинг якуний сўзи йўқ»

Ўз навбатида, Bloomberg News’да саккиз йил ишлаган ва 2016 йил ноябридан бери Оқ уй бўйича бош мухбир бўлган журналист Женнифер Жейкобс воқеада айбдор эканини рад этади.

«Мен таҳририят стандартлари ва кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда Эваннинг озод этилиши ҳақида хабар бериш учун муҳаррирларим билан ишладим», деб ёзди у. «Мен ҳеч қачон маъмуриятнинг эмбаргосига атайлаб зид келадиган ёки иштирокчилардан бирортасини (алмашинувда) хавф остига қўядиган ҳеч нарса қилмаганман».

«Мухбирлар хабар қачон ва қайси сарлавҳа остида чоп этилиши ҳақида сўнгги сўзга эга эмаслар», деди Жейкобс. «Бу ерда содир бўлган воқеалар занжири янгиликларни ёритишга тайинланган ҳар қандай мухбирнинг бошига тушиши мумкин. Шунинг учун таҳририят жараёнларида назорат ва мувозанат мавжуд», - дея қўшимча қилди у.

Bloomberg News материал раҳбариятга кўрсатилгани ёки кўрсатилмаганини очиқламади

Гершкович ва бошқа маҳбуслар ҳақидаги материал дастлаб Шарқий қирғоқ вақти билан соат 07:41 да чоп этилган. Кейинчалик у соат 08.59 да янгиланди. 

«Ушбу мақоланинг олдинги версияси америкаликлар ҳали озод қилинмаганлигини акс эттириш учун тузатилди», дейилади таҳририятнинг янгиланган версияга қўшилган эслатмасида. 

Шу билан бирга, The Guardian таъкидлаганидек, бу даражадаги материаллар нашр этилишидан олдин Bloomberg News раҳбариятига кўрсатилиши керак эди. 

Агентлик вакили газетанинг текширувга оид саволларига жавоб беришдан бош тортди, жумладан, мақолани қайси раҳбарлар кўргани, улар нашрга яшил чироқ ёққани ва улардан ҳам бирортаси ишдан бўшатилгани номаълумлигича қолмоқда.

CNN: Bloomberg Оқ уйдан қўнғироқ бўлганидан кейин материални олиб ташлашдан бош тортди

CNN манбасига кўра, Оқ уй бир қатор ахборот ташкилотлари журналистларини соат 8:00 атрофида айирбошлаш ҳақида хабардор қилган ва нашр учун кейинроқ вақт белгилаган ҳолда эмбарго жорий этган. 

Сайтда материал эълон қилинганидан сўнг, Оқ уй таҳририятга қўнғироқ қилиб, Гершкович ва бошқа маҳбуслар ҳали қўйиб юборилмагани учун мақолани олиб ташлашни сўради, дея қўшимча қилди манба. Bloomberg бундан бош тортди. 

«Бу эмбаргонинг бузилиши эмас эди, деди The Wall Street Journal вакили CNN’га. - Материалда Эван озодликка чиққани, лекин аслида қўйиб юборилмагани айтилади. Биз Bloomberg буни тузатганидан хурсандмиз».

Ғарб ва Россия ўртасида маҳбуслар алмашинуви 

1 август куни Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Россия колонияларидан жами 16 киши озод қилинди, улар орасида сиёсий маҳбуслар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Олег Орлов, америкалик журналистлар Эван Гершкович ва Алсу Курмашева, шунингдек, Россия ва Беларусда турли муддатларга қамалган Германия фуқаролари бор. Россияга 10 киши қайтди - Россия махсус хизматлари ходимлари, уларнинг икки фарзанди, киберфирибгарлар ва Германияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ФСБ ходими Вадим Красиков.

Мавзуга оид