Жаҳон | 23:08 / 07.08.2024
3759
2 дақиқада ўқилади

Дания бош вазирига ҳужум қилган 39 ёшли полякка ҳукм ўқилди

Қонуний чекловлар туфайли исми ошкор этилмаган эркак тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум этилади ва 6 йилга Даниядан депоратация қилинади.

Метте Фредериксен / Фото: Getty Images

Дания бош вазири Метте Фредериксен июнь ойида Копенҳагенда ҳужумга учраган эди. DR телекомпаниясининг маълум қилишича, сиёсатчига ҳужум қилган 39 ёшли поляк жавобгарликка тортилган.

Қонуний чекловлар туфайли исми ошкор этилмаган эркак тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум этилади ва 6 йилга Даниядан депоратация қилинади.

7 июнь куни бош вазир Метте Фредериксенни Дания пойтахтида номаълум эркак «уриб юборган». Воқеадан бош вазирнинг ўзи ҳам ҳайратда қолган, ҳужум қилган шахс эса қўлга олинганди.

Федериксен Дания Социал-демократлар партияси етакчиси бўлиб, у 2019 йилдан бери бош вазир лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳужум «Европада биз ишонадиган ва курашадиган барча нарсага зид бўлган жирканч акт» эканини айтганди.

Аввалроқ Германияда бошқа сиёсатчилар ҳам ҳужумга учраган эди. Хусусан, май ойи бошида Германия социал-демократик партияси (ГСДП) аъзоси, Берлиндаги иқтисодий сенатор Франциска Гиффай ва Дрезденда исми ошкор этилмаган сиёсатчи бир кунда ҳужумга учраган.

15 май куни Словакия бош вазири Роберт Фицо бир неча бор ўқ узилиши оқибатида яраланган эди. Суиқасдда гумонланувчи — 71 ёшли словак ёзувчиси Юрай Цинтула. У ўз ҳаракатини ҳукумат сиёсатидан норози экани билан изоҳлади. 31 май куни Фицо касалхонадан чиқди. 

Мавзуга оид