Жаҳон | 22:42 / 09.08.2024
6939
4 дақиқада ўқилади

Физик аёл ўз кашфиётидан 75 йил ўтгач докторлик унвонини олди

Розмари Ҳэмпсон Браун янги заррачани 1948 йилда докторлик диссертацияси устида ишлаётганда кашф этган эди. Британиялик аёл илмий ишни ҳимоя қила олмади: у турмуш қуриш ва фарзанд кўриш учун фан соҳасини тарк этди. 2024 йил июл ойида 98 ёшли аёл ниҳоят докторлик диссертациясини олди.

Фото: Freepik

Британиялик Розмари Ҳэмпсон Браун 1926 йилда туғилган. Унинг мактаб йиллари Иккинчи жаҳон уруши машаққатлари соясида ўтди, бироқ бу математика ва физика фанларига иштиёқи баланд қизнинг Бристол университетига ўқишга киришига тўсқинлик қилмади. 21 ёшида у биринчи даражали имтиёзли диплом олди, деб ёзди Forbes.

Шундан сўнг, Розмари элементар зарраларни ўрганувчи машҳур олим Сесил Фрэнк Пауэлл томонидан аспирантурага таклиф қилинди. Бу вақтга келиб унинг жамоаси аввал номаълум бўлган субатом заррачалар синфининг биринчи намунаси бўлган пи-мезонни (пион) кашф этган эди. Сесилнинг бошқа аспирантлари орасида ядро физикаси отаси Эрнест Рузерфорднинг набираси Питер Фаулер ҳам бор эди. 1948 йилда Питер билан биргаликда тажрибалар ўтказар экан, Розмари мезонлар гуруҳидан кейинчалик «каон» деб номланган бошқа заррача мавжудлигининг белгиларини топди. Тадқиқотчилар ўз хулосаларини Nature журналида ва бошқа илмий нашрларда чоп этишди. Брауннинг кузатишлари элементар зарралар назариясининг ривожланишига кучли туртки бўлди, хусусан, Ҳиггс бозонининг мавжудлигини тахмин қилиш имконини берди.

Розмари Брауннинг докторлик диссертацияси катта илмий кариеранинг бошланиши бўлиши мумкин эди, аммо 1949 йилда қиз Питер Фаулерга турмушга чиқиб, фанни тарк этди. Розмари эрига ёрдам беришда давом этди, лекин ҳеч қачон ўзининг диссертациясини тугатмади.

Розмарининг илмий раҳбари Сесил Пауэлл 1950 йилда мезонларни кашф этгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлди. Питер Фаулер илмий изланишларини давом эттирди: у биринчилардан бўлиб аурора ҳодисасини тўғри изоҳлади, онкологияни даволашда пи-мезонлардан фойдаланишни таклиф қилди ва 1986 йилда Чернобил авариясининг радиациявий оқибатларини ўрганди. 1974 йилда у космик нурлар ва заррачалар физикасига қўшган улкан ҳиссаси учун Ҳюз медали билан тақдирланди.

Розмари (Браун) Фаулер 2024 йилда 98 ёшга тўлди. 75 йил давомида унинг илмий ютуқлари бутун дунёдаги физик аёлларни илҳомлантирди. Жорий йилнинг июл ойида Розмари таҳсил олган, ишлаган ва инқилобий кашфиёт қилган Бристол университети унга фахрий доктор унвонини берди. Университет ректори, тиббиёт ва физиология бўйича Нобел мукофоти совриндори Пол Нёрс олам тузилишини тушунишда инсоният учун янги уфқларни очган жиддий илмий ёндашуви ва изланувчанлиги учун Розмарига шахсан миннатдорчилик билдирди.

Розмари ўзини оиласига бағишлаш қарорини прагматик деб атайди. Урушдан кейин ва 1954 йилгача Буюк Британияда озиқ-овқат ва бошқа зарур товарларни фақат тақсимот карталари орқали олиш мумкин эди. Аёл шундай оғир шароитда уч қизини қандай боқиш, қандай тарбиялаш ҳақида ўйлаши, илмий ишларни унутиши керак эди. Розмари ва Питернинг болалари табиий фанлар соҳасида таълим олишган. Мэри Фаулер, қизларнинг энг каттаси, геофизика бўйича кариерасини давом эттирди ва бир неча йил Кембриждаги Дарвин коллежининг раҳбари сифатида ишлади. Мэри ҳам иқлим геологи Юэн Нисбет билан оила қурди ва онасидан фарқли ўлароқ фанни тарк этиши шарт эмас эди. Розмарининг набираларидан бири Эллен Нисбет микробиология профессори бўлди.

Тақдирлаш маросимида Розмарининг фарзандлари, набиралари ва чеваралари иштирок этишди. Мэри Фаулер томошабинларга онасининг кашфиётининг аҳамияти ҳақида гапириб берди ва қўшимча қилди: «Болалигимдан физика билан шуғулланишни орзу қилардим: бу жуда ҳаяжонли туюларди! Иккала ота-она ҳам физик бўлса, тадқиқот ҳатто кечки овқат пайтида ҳам қизғин муҳокама қилинади».

Мавзуга оид