Жаҳон | 12:44 / 09.08.2024
1887
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда «беш кунлик уруш» қурбонлари ёдга олинди

Давлат раҳбарлари ва мухолифат етакчилари Тбилисидаги Мухатгверди ёдгорлигини зиёрат қилди.

Фото: AP

Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе ва бошқа мамлакат расмийлари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари 2008 йил августида Россия билан урушнинг 16 йиллиги муносабати билан 8 август куни Тбилисидаги биродарлик Мухатгверди қабристонига йиғилди.

Мемориалга ташриф чоғида бош вазир ва ҳукумат аъзолари гулчамбарлар қўйишди.

ОАВ вакиллари билан суҳбатда Кобахидзе «Гуржистоннинг ҳудудий яхлитлиги албатта тикланади, у тинч йўл билан тикланади ва бизнинг қаҳрамонлар орзуси ушалади», деди.

Мухатгвердидаги биродарлик қабристонида Гуржистон парламенти раиси Шалва Папуашвили ҳам бор эди. «Биз тинчликнинг мўртлигини ва мамлакатда урушнинг олдини олиш учун сиёсий раҳбарият масъулиятини унутмаслигимиз керак», деди у журналистларга.

Мухолифат етакчилари ва президент Саломе Зурабишвили 7 август куни Мухатгвердига ташриф буюрди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ажратувчи чизиққа ташриф буюриб, Эргнети қишлоғидаги оккупация музейига борди.

8 август, пайшанба куни Гуржистонда уруш қурбонлари хотираси учун ҳукумат бинолари устида байроқлар тушириб қўйилди. Парламент биноси, президент саройи, ҳукумат маъмурияти олдида, шунингдек, мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари олдида ҳам байроқлар туширилди.

Мавзуга оид