Жаҳон | 13:13 / 12.08.2024
4634
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Яқин Шарққа USS Georgia сувости кемасини жўнатмоқда

Пентагон раҳбари Исроил мудофаа вазири билан АҚШнинг Яқин Шарқдаги мавжудлигини давом эттиришни муҳокама қилди. Минтақага йўл олган USS Georgia сувости кемаси 154 та Tomahawk ракетаси билан жиҳозланиши мумкин.

Фото: Sawyer Haskins

Эроннинг Исроилга ҳужум қилиши эҳтимоли муносабати билан АҚШ мудофаа идораси Яқин Шарқдаги иштирокини кучайтиришда давом этмоқда. Вашингтон минтақага қанотли ракеталар билан жиҳозланган USS Georgia (SSGN 729) ядровий сувости кемасини юбормоқда. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остин исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди. Суҳбат ҳақидаги хабарни 11 август, якшанба куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер жойлаштирди.

Остин, шунингдек, АҚШ Марказий қўмондонлиги масъулияти ҳудудига F-35C қирувчи самолётлари билан USS Abraham Lincoln авиаташувчисини жойлаштиришни тезлаштиришни буюрди. USS Theodore Roosevelt авиаташувчиси аллақачон минтақада мавжуд. 

«АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришга тайёр» 

«Остин Қўшма Штатларнинг Исроилни ҳимоя қилиш учун барча эҳтимолий чораларни кўриш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади», деди Райдер.

Вазирлар, шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторидаги операциялари, тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш муҳимлиги, ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш йўлидаги ҳаракатларни муҳокама қилди. Суҳбат чоғида Эрон, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва минтақадаги бошқа эронпараст гуруҳларнинг агрессиясини тўхтатиш муаммоси кўриб чиқилди, дея таъкидлади Пентагон. 

USS Georgia 154 та Tomahawk ракетаси ва тўртта торпедо аппарати билан жиҳозланиши мумкин.

АҚШ: Яқин Шарқдаги кескинлашув ҳеч кимга фойда келтирмайди 

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Исроил мудофаа вазири Йоав Галант телефон орқали Яқин Шарқдаги кескинликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди. Бу ҳақда 9 август куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер маълумот берди.

Блинкен Қўшма Штатларнинг «Исроил хавфсизлигига қатъий содиқлиги»ни яна бир бор тасдиқлади ва «эскалация ҳеч бир томон манфаатларига мос келмаслигини» таъкидлади.

Яқин Шарқда АҚШ қўшинлари гуруҳи кучайтирилиши

АҚШнинг Яқин Шарқдаги гуруҳи кучайиши 2 август куни эълон қилинган эди. Американинг мавжудлиги баллистик ракеталарга қарши мудофаани қўллаб-қувватлай оладиган бир қатор крейсерлар ва эсминецлар билан тўлдирилиши керак. Бундан ташқари, «мудофаа ҳавосини қўллаб-қувватлаш имкониятларини» ошириш мақсадида Яқин Шарқда қўшимча ракетага қарши мудофаа ва қирувчи эскадриляларни жойлаштириш масаласи кўриб чиқилди», дейилади Пентагон хабарида. USS Abraham Lincoln USS Theodore Roosevelt ўрнини эгаллаши режалаштирилган. 

АҚШ Пентагоннинг Эрон ва унинг иттифоқчилари эҳтимолий ҳужумларига қарши Исроилни қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари доирасида Яқин Шарққа қўшимча қўшин юборди. Ўнга яқин F/A-18 қирувчи самолётлари АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базасига USS Theodore Roosevelt авиаташувчи кемасидан учиб кетди, деб хабар берди AP ахборот агентлиги 7 август куни АҚШнинг номи ошкор этилмаган расмий вакилига таяниб. 

Қирувчи самолётлар, шунингдек, E-2D Hawkeye разведка самолёти Уммон кўрфазида жойлашган авиаташувчи кемани тарк этди ва 5 август куни номи ошкор этилмаган базага етиб келди, дея таъкидланади қўшимча равишда. 

«Ушбу ҳолатни ўзгартиришлар АҚШ ҳарбийлари минтақада қўллаб-қувватлаётган имкониятларнинг кенг доирасини, жумладан, Ўрта Ер денгизи шарқида фаолият юритаётган USS WASP’даги денгиз пиёда аскарлари десант гуруҳини тўлдиради», - дея тушунтирди Пентагон. Бу чоралар «АҚШнинг турли кутилмаган вазиятларга жавоб беришга тайёрлигини таъминлаш»га қаратилган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид