Жаҳон | 16:46 / 13.08.2024
3725
7 дақиқада ўқилади

АҚШ вице-президентлигига номзодлар: Уолз ва Вэнс ўртасида қандай фарқлар бор?

Америкада вице-президентликка номзодлар қандай танланади? Камала Ҳаррис ва Доналд Трампнинг шериклари Тим Уолз ва Жеймс Дэвид Вэнснинг қарашларида қандай фарқлар бор? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан Иллинойс университетининг сиёсатшунослик бўйича докторанти Икромжон Тўхтасиновга мурожаат қилди.

АҚШда президентликка номзодлар ўз вице-президентларини қандай тайинлайди?

— Президентликка номзодини қўйган номзодлар ўзларига вице-президентларни ҳам танлайди. Бу жараён одатда норасмий тарзда, узоқ муддат олади. Номзодлар ўз кўз остига олиб қўйган маълум бир шахслар бўлади, мана шу шахслар орасидан танлаб олишади. Бу жараёнда вице-президентликка номзод улар юритаётган сиёсат, сайловолди дастурларига қанчалик фойда бериши мумкин, агар сайланганда президентлик даврида қандай бирга ишлаш мумкин ва бошқа омилларни ҳисобга олишади.

Масалан, Камала Ҳаррис 6 та номзоддан 3 тасини қолдириб, якунда Миннесота губернатори Тим Уолзни танлади. Доналд Трамп ҳам олдида кўплаб вариантлар бўлган ҳолда Жеймс Девид Вэнсни танлади. Бу жараён тез содир бўлганга ўхшаб кўринади, аммо бу қарорга келиш ортида ҳар бир номзод устида анча бош қотирилади. Ва бу танловлар ортида айнан стратегик мақсадлар ётади.

Вице-президентликка демократлар ва республикачилардан номзод Уолз ва Вэнс сиёсатининг фарқлари нимада?

— Тим Уолз 60 ёшда, Вэнс эса 39 ёшда. Доналд Трампнинг ёши катталигини ҳисобга оладиган бўлсак, анча кичик ёшли вице-президентни бежиз танламаганини тушуниш мумкин, бу сайловолди дастурини энергияга тўлдириш учун ва кейинчалик республикачилар партияси келажагини ўйлаб ҳам шундай қарорга келинган деб ўйлайман.

Камала Ҳарриснинг номзодига келадиган бўлсак, у 12 йил давомида Конгресснинг Вакиллар палатасида ишлаган. Кўп фойдали ислоҳотларни амалга оширган. Ҳозирда Миннесота губернатори сифатида фаолият юритмоқда.

Иккала номзод ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳолати бир-бирига яқин оилалардан келиб чиққан. Уолз Небраскада туғилиб-ўсган, фермерлар оиласидан чиққан. Девид Вэнс эса Кентуккидан, кейинчалик Оҳаёда ҳам яшаган, аммо унинг оиласида ижтимоий-иқтисодий муаммолари етарли бўлган. Шу сабабли Вэнс оддий америкаликларни қийнайдиган муаммолар: одамларнинг ишини йўқотиши, келажакка бўлган умидлари пасайиши ва мигрантлар келиб, уларнинг ишларини олиб қўйиши кабилар ҳақида гапиради.

Уларнинг фикрлашидаги қарама-қаршиликлар худди тарозининг икки томонига ўхшайди, яъни улар идеологиянинг икки четида туради. Уолз жуда прогрессив ғояларни илгари суради. Жей Ди Вэнс эса абортларга қарши, Америкадаги баъзи либерал эркинликларга ҳам қарши. У католик сифатида эркак ва аёл оила қуриши, фарзанд кўриши тарафдори. Яқинда ҳам унинг оиласиз, эр ёки фарзандлари йўқ аёлларнинг Америка келажаги учун хавфи бор деган сўзлари жуда кенг шов-шувларга сабаб бўлди.

Тим Уолз ўзи ким ва у АҚШда қанчалик таниқли?

— Демократлар партиясидан бўлган бу номзод прогрессив ғоялар муаллифи ҳисобланади. Миннесота губернатори сифатида фаолият юритганда, 2020 йил Жорж Флойднинг ўлимига қарши намойишларни бостириш жараёнига раҳбарлик қилган. Бунда республикачилар Уолзни миллий гвардияни жуда кеч ишга солганликда айблашади, демократлар эса Уолзни жуда қаттиққўл бўлганликда айблайди. Лекин кўпчилик у бу намойиш-ғалаёнларда яхши стратегия қўллаган деб ҳисоблайди.

Унинг Америка миллий федерал сиёсатида ҳам ўзига хос ўрни бор. Чунки биринчи навбатда губернаторлар кенгаши аъзоси, кейинчалик демократ губернаторлар кенгаши раиси бўлган, бу – жуда муҳим лавозимлардан бири. Шу сабабли ҳам Америка сиёсатчилари орасида алоҳида аҳамиятга эга шахс ҳисобланади.

Унинг вице-президентликка танланиши демократларга қандай устунлик беради, унинг бошқа эҳтимолий номзодлардан устунлиги нимада эди?

— 2021 йилда Камала Ҳарриснинг медиадаги чиқишлари турли баҳсларга сабаб бўлганди (бир гапни қайта-қайта такрорлайвериши, мигрантлар мавзуси унга юклатилганда чегарага бормасдан туриб у ерга бордим деб интервю бергани), натижада Байден ҳукумати уни медиадан бироз бўлса ҳам чеклаган эди. Камала Ҳарриснинг йўқотган обрўйини тиклашда Тим Уолз унга кўмаклашмоқда дейиш мумкин. Менимча, Уолздан ҳам кучлироқ, қудратлироқ бошқа номзод ҳам бор эди. Бу Пенсилвания штати губернатори Жош Шапиро. Кўпчилик у Камала Ҳарриснинг вице-президенти бўлиб таништирилишини кутаётган эди, лекин Ҳаррис Уолзни танлади. Бунга сабаб Шапиро иккинчи шахс бўлишга кўнмайдигандек туюлиши бўлса керак. Яъни вице-президент президентнинг вазифасини бажаряпти деган фикр одамлар орасида бўлмаслиги учун ҳам муносиб номзод танланиши керак. Масалан, одамлар орасида Байден ўз президентлик вазифасини бажармаяпти деган фикрлар ҳам бор, яъни бу вазифани Байденнинг ўрнига Барак Обама ёки Байденнинг хотини бажармоқда деган гаплар ҳам тарқалган. Камала Ҳаррис билан ҳам шундай нарса содир бўлмаслиги учун Уолз танланган, менимча.

Бундан ташқари, Уолз ўртаҳол оиладан келиб чиққан ва Америка сиёсати бу жиҳатдан ҳам Тим Уолзни қўлламоқда деган фикрлар ҳам бор. Камала Ҳаррис ўз сиёсатида Американинг ўрта синф вакилларини қўллаб-қувватлашни илгари суради. Аҳоли билан ҳиссий яқинлик ва боғлиқликни яратиш учун, сайловолди жараёнида Уолзни ёш америкаликларга “сизнинг тоғангиз” деб таништиришмоқда.

Тим Уолз бир муддат Хитойда ҳам фаолият юритган. Унинг вице-президент бўлиши Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги муносабатда қандай рол ўйнаши мумкин?

— Бу жуда ажойиб ҳолат, яъни Оқ уйга Хитой билан тўғридан тўғри алоқаси бор одам келиш эҳтимоли АҚШ ва Хитой алоқалари учун яхши ҳолат. Чунки муҳим ташқи сиёсий масалалар ҳал қилинаётганда вице-президент ҳам шу столдан жой эгаллайди. Келажакда Камала Ҳаррис президент бўлса, Хитой масалаларини ҳал қилишда Тим Уолз муҳим рол ўйнаши мумкин. Аммо республикачилар унинг бу жиҳатини танқид қилмоқда. Агар Камала Ҳаррис президент бўладиган бўлса, Хитойни тийиб туриш сиёсатига эркинлик бериб, унга ён босиш сиёсатини қўллаши мумкин деган фикрларни айтишмоқда. Лекин, менимча, бундай бўлмайди, чунки Уолз ўз чиқишларида Хитойни кескин танқид қилади. Ва АҚШ ва Хитой учун ҳам бирдек хизмат қиладиган сиёсат юритилишига ҳисса қўшиши мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид