“Уотергейт иши”: Ричард Никсон АҚШ президентлигидан нега воз кечганди?
Бундан 50 йил муқаддам АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсонга импичмент хавф солади. Шунда у ўз хоҳиши билан президентликдан воз кечади. АҚШ тарихида ўз ихтиёри билан президентликдан воз кечиш ҳодисаси фақат у билан содир бўлган. Никсонга импичментнинг хавф солишига эса “Уотергейт иши” деб номланган сиёсий можаро сабаб бўлганди.
Жорий йил кузда АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилади. Республикачилар партиясидан АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ва Демократик партиядан Жо Байден маъмуриятида вице-президент лавозимида ишлаб келаётган Камала Ҳаррис номзоди кўрсатган.
Агар кузгача фавқулодда ҳодиса юз бермаса, океан ортида шу номзодлар АҚШ президентлиги учун кураш олиб боради.
Маълумот учун, Демократлар аввалига амалдаги президент Жо Байденни номзод сифатида кўрсатганди. Бироқ 2024 йил 21 июл куни 81 ёшли президент номзодини қайтариб олишини маълум қилди.
Аслида бу кутилмаган қарор эмасди. Ўшангача демократик партия тарафдори бўлган кўплаб нуфузли шахслар 81 ёшли сиёсатчининг номзоди президентликка кўрсатилиши тўғри бўлишига шубҳа қила бошлаганди.
Агар эътибор берилса, АҚШдаги асосий иккита партиядан кўрсатилган номзодлар ўз рейтингини ошириш учун бир-бирини турли ишларда айблайди. Яъни, ғалаба қозониш учун қонун доирасида ҳар қандай ишдан тап тортмайди.
Бироқ президентлик сайловлари тарихида ноқонуний ишлар ҳам бўлиб турган. Бундай ишларнинг энг машҳури 1972 йил ёзда сайловолди кураш айни авжига чиққан пайтда юз берган ва у тарихда “Уотергейт иши” номи билан қолган.
Охир-оқибат “Уотергейт иши” туфайли Ричард Никсонга импичмент хавф солади ва у истеъфога чиқади.
Жон Кеннедига рақиб ва Брежневнинг дўсти
1913 йилда туғилган Ричард Никсон катта сиёсатга Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг кириб келади. У 1947 йилда Калифорниядаги сайлов округида Вакиллар палатаси аъзоси, 1950 йилда сенатор этиб сайланади.
1952 йил кузда ўтказилган сайловларда Дуайт Эйзенҳауэр АҚШ президенти этиб сайланади ва у Ричард Никсонни ўзига вице-президент сифатида танлайди. Дуайт Эйзенҳауэр АҚШни икки муддат бошқаради ва Никсон ҳам саккиз йил вице-президент вазифасини бажаради.
1960 йилда ўтказиладиган сайловларда Демократик партия вакиллари президентлик учун Жон Кеннеди, Республикачилар эса Ричард Никсон номзодини илгари суришади. Ўшанда республикачилар Никсоннинг 8 йиллик тажрибасига ишонганди.
Бироқ ноябр ойида бўлиб ўтган сайловларда Жон Кеннеди ғалаба қозонади ва Никсонни ортда қолдириб кетади. 1964 йилда Республикачилар президентликка Барри Голдуотернинг номзодини кўрсатади, бироқ у Демократлар вакили Линдон Жонсонга ютқазади.
1968 йилда АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилади. Амалдаги президент Линдон Жонсон катта сиёсатдан кетишини эълон қилгани учун, Демократлар Ҳюберт Ҳамфри, Республикачилар эса Ричард Никсон номзодини илгари суради.
Сайловда Никсон ғолиб бўлади ва АҚШнинг 37-президентига айланади. 1972 йилда ўтказилган сайловларда у яна ғалаба қозонади. Бироқ “Уотергейт иши” туфайли келиб чиққан сиёсий можаролар ортидан 1974 йилда истеъфога чиқади.
Ричард Никсон бошқа президентлардан фарқли равишда СССР билан алоқаларни яхшилаш тарафдори бўлган. 1959 йилда Москвада Америка саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилганда у АҚШ делегацияга бошчилик қилганди.
1968 йилда сайловларда ғалаба қозониб АҚШ президенти бўлгач, у 1972 йилда СССРга энди давлат ташрифи билан келади. Шунда у Брежнев билан стратегик қуролланишни қисқартириш бўйича шартнома имзолайди.
1974 йил 27 июн куни, АҚШда “Уотергейт иши” бўйича сиёсий можаролар авж олаётган кезда Ричард Никсон иккинчи марта СССРга давлат ташрифи билан келади.
Бу ташриф ҳам анча дўстона руҳда кечади. Москвада Никсон ва Брежнев биргаликда театрга боради. Сўнг Ялтага учишади. Қримни томоша қилгач, Никсон Белоруссияга боради.
Ўша пайтда “Уотергейт иши” туфайли Вакиллар палатаси унга импичмент эълон қилиш масаласини кўришни бошлагани учун Никсон СССРдаги сафарни тўхтатади ва шошилинч тарзда АҚШга қайтади.
Айнан Никсоннинг ташрифида СССР билан АҚШ ўртасида иқтисодий алоқалар бўйича келишувлар имзоланади. Шундан сўнг жаҳонга машҳур PepsiCo Inc. компанияси совет бозорига кириб келади ва Pepsi-Cola ичимлигини ишлаб чиқара бошлайди.
“Уотергейт иши”
Барчаси 1972 йил 17 июнда бошланганди. Ўшанда АҚШда кузда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови пойгаси авж олиб турган пайт эди. Республикачилар амалдаги президент Ричард Никсонни, Демократлар эса сенатор Жорж Макговерн номзодини илгари суришганди.
Полиция Вашингтонда жойлашган “Уотергейт” мажмуасида ишлайдиган беш кишини ҳибсга олади. Улар мажмуада жойлашган Демократик партия офисидаги телефонларга яширинча эшитувчи мосламалар ўрнатганликда ва ҳужжатлардан нусха олишда гумонланган эди.
Республикачилар вакиллари Демократлар штабидаги иккита муҳим телефонга яширинча эшитиш мосламасини муваффақиятли ўрнатган сўнг бу ишни давом эттиришга қарор қилишади.
1972 йил 17 июн санасида, ярим тунда Уотергейт мажмуаси қўриқчиси Фрэнк Уиллс бино зинапоясида жойлашган эшиклардан бири очиқ эканини ва қулфнинг илгичи ёпишқоқ лента билан қопланганини кўриб қолади.
Фаррошлар эшикни шу ҳолатда қолдирган, деб ўйлаган Уиллс қулф илгичидан лентани олиб ташлайди. Сўнг эшикни ёпади ва дам олиш хонасига кетади.
Орадан бир соат ўтгач Уиллс шубҳали эшик олдига қайтиб келади ва у яна очиқлигини, қулф илгичи яна лента билан қопланганини кўради. Шу жойда Уиллс полицияга қўнғироқ қилади ва ўғирлик ҳақида хабар беради.
Полиция етиб келгач дарҳол бинонинг чиқиш йўлларини ёпади. Сўнг барча чироқларни ёқиб, ҳар бир қаватни синчковлик билан текшира бошлайди.
Жараён бир муддат давом этади ва орадан икки соат ўтиб полиция ходимлари Демократлар штабига яширинча кирган беш кишини қўлга олади.
Уларнинг ёнидан жарроҳлар фойдаланадиган резина қўлқоп, бинога олиб кирадиган асосий эшикларнинг калитлари, фотокамералар, мураккаб электрон жиҳозлар, кўзни ёшлантирувчи қалампирли газбаллончалар ва 2300 доллар нақд пул топилади.
Суриштирувлар
Полиция аввалига беш киши ўғирликка тушган деган гумонга боради. Бироқ қўлга олинганлар МРБ собиқ агентлари экани аниқланади. Шунда полицияда бу иш сайлов билан боғлиқ деган гумон уйғотади.
Шундан сўнг терговни Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ўз назоратига олади ва қўлга олинганларни сўроқ қилади.
Сўроқлар давомида улар Демократик партия офисига кириб, у ердаги муҳим телефонларга яширинчи эшитиш мосламаларини ўрнатилганини, иккинчи марта ҳужжатлардан нусха олиш учун киришганини айтиб беради.
Ўшанда бу ишларига ФҚБ агенти Лидди Гордон ва собиқ МРБ ходими Ҳовард Ҳант бошчилик қилгани аниқланади. Улар иккаласи Республикачилар вакили амалдаги президент Ричард Никсоннинг сайловолди штаби аъзолари эди.
Умумий ҳисобда бу операцияда 7 киши қатнашгани, уни амалга ошириш учун Никсонни қўллаш фонди 1 млн доллар пул ажратгани ойдинлашади.
Улар Демократлар штабига илк марта 1972 йил 28 май куни киришган. Яширинча эшитиш мосламалари штаб бошлиғи Ларри О’Брайен ва АҚШ қонунчилик палаталаридаги Демократлар ассоциацияси директори Роберт Оливернинг телефонига ўрнатилган.
Илк операция силлиқ кечгач, собиқ МРБ ходимлари Жеймс Маккорд, Бернард Баркер, Виржилио Гонсалес, Эугенио Мартинез ва Франк Стуржис яна Демократик партия штабига киришади. Ана шунда улар қўлга тушади.
ФБР “Уотергейт иши” бўйича суриштирув ва тергов ишларини олиб борар экан, бўлажак сайловларга дахл қилиши мумкинлиги инобатга олиниб, барча жараён аввалига оммадан сир сақланади.
Кейинги суриштирувларда Демократик партияга қарши режани 1972 йил 27 январда Президентни қайта сайлаш қўмитасининг (CRP) молиявий маслаҳатчиси Жорж Лидди, CRP раиси вазифасини бажарувчи Жэб Стюарт Магрудер, бош прокурор Жон Митчел ва президент маслаҳатчиси Жон Дин ишлаб чиққани маълум бўлади.
Суриштирувни ФҚБ қошида ташкил этилган махсус гуруҳ олиб боради. Гуруҳга ФҚБ директори ўринбосари Марк Фелт бошчилик қилади. 1972 йил сайловдан биров аввал Фелт Washington Post журналистлари Боб Вудворд ва Карл Бернстайн билан яширинча учрашади ва уларга “Уотергейт иши”да Ричард Никсон маъмуриятининг қўли борлигини айтади.
Орадан бироз ўтиб нашр кетма-кет бир нечта суриштирув мақоласини эълон қилади. Шунга қармай Ричард Никсон 1972 йил кузда ўтказилган сайловда ғалаба қозонади ва иккинчи муддатга АҚШ президенти бўлди.
Суд
1973 йил январда “Уотергейт иши” бўйича суд жараёни бошланади. Март ойида иш бўйича Сенат эшитуви ўтказилади. Жараёнлар телевидение орқали намойиш этиб борилади.
Ўшанда Демократик партия вакиллари ишга рақиблари Республикачилар партиясининг бошқа аъзолари ва ҳатто президент Ричард Никсон ҳам аралашган бўлиши мумкинлигини айтиб, уларни ҳам сўроқ қилиш кераклигини талаб қилиб чиқади.
Ничард Никсон маъмурияти эса ишга ўзининг ва Республикачилар партияси раҳбариятининг ҳам алоқаси йўқлигини маълум қилади. Бироқ ундай эмасди.
Никсон маъмурияти маслаҳатчиси Ҳовар Ҳант Суд томонидан Демократлар штабига яширинча эшитиш мосламалари ўрнатиш ишларининг бош ташкилотчиси, деб топилади ва унга 33 ойлик қамоқ жазоси тайинланади.
1973 йил апрел ойида “Уотергейт иши” можаро кескин авж олади ва Ричард Никсон маъмуриятида президент ишлари бошқарувчиси Боб Хэлдеман, президентнинг ички масалалари бўйича масалаҳатчиси Жон Эрлихман ва АҚШ бош прокурори Ричард Кляйндинст истеъфога чиқади.
Импичмент хавфи ва истеъфолар
1973 йил августда президент Никсон прокуратурага президент ўтирадиган “Овал кабинет”даги ускуналарга ёзиб олинган аудиоёзувлар ленталарини беришдан бош тортади.
Бунинг устига, президент Ричард Кляйндинст ўрнига мамлакат бош прокурори бўлган Эллиот Ричардсонга ўзидан ленталарни сўраган прокурор Арчибалд Коксни ишдан бўшатиш ҳақида топшириқ беради.
Бироқ Эллиот Ричардсон Никсоннинг топшириғини бажаришдан бош тортади ва 1973 йил октябрда ўз ўринбосари билан истеъфога чиқади. Ўшанда у АҚШ бош прокурори сифатида бор-йўғи салкам 5 ой ишлаганди холос.
Ўша пайтда президент Никсон яна бир “зарба”ни қабул қилиб олишига тўғри келади. 1973 йил 10 октябр куни вице-президент Спиро Агню ҳам истеъфога чиқади.
Спиронинг истеъфоси “Уотергейт иши” билан боғлиқ эмасди. У молиявий ишлар туфайли ишдан кетганди. Бироқ унинг истеъфоси ҳам Ричард Никсоннинг обрўси тушиб кетишига сабаб бўлади.
1974 йил 6 феврал куни АҚШ Вакиллар палатаси президент Никсонга қарши импичмент эълон қилиш жараёнини бошлаш ҳақида қарор қабул қилади. Бироқ шунда ҳам Никсон ён бермайди ва ўзидаги аудиоёзувларни беришдан бош тортади.
Орадан беш ой ўтиб, июлда мамлакат Олий суди президент аудиоёзувларни зудлик билан прокуратурага топшириши кераклиги ҳақида қарор чиқаради. Шундан сўнг Никсон чорасиз қолади.
1974 йил 5 август куни Вакиллар палатаси учта алоҳида модда билан президентга импичмент эълон қилиш ҳақидаги хулосани Сенатга тақдим этиш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан сўнг Никсондан тарафдорлари ҳам юз ўгиради.
8 август куни яккаланиб қолган Никсон телевидение орқали АҚШ аҳолисига мурожаат қилади ва истеъфога чиқишини эълон қилади. 9 август куни у Оқ уйни тарк этади. Шундан сўнг импичмент эълон қилишдан маъно қолмайди ва жараён тўхтатилади.
“Уотергейт иши”дан олинган хулосалар
“Уотергейт иши” АҚШ тарихидаги президент билан боғлиқ энг можароли ишга айланади. Кўплаб сиёсий таҳлилчилар, тарихчилар ва бошқалар бу иш АҚШ тарихидаги энг жиддий сиёсий инқироз бўлган, деб ҳисоблайди.
Никсон эса мамлакат тарихида импичмент хавф солгани учун истеъфо берган ягона президент ҳисобланади. Истеъфо бергани учун унга импичмент эълон қилишга улгуришмайди.
Маълумот учун, АҚШда тўрт марта – 1868 йилда Эндрю Жонсонга, 1998 йилда Билл Клинтонга ва 2019 ҳамда 2021 йилларда Доналд Трампга импичмент эълон қилинган.
Ҳар тўрттала ҳолатда ҳам импичмент жараёни охиригача етмаган ва президентлар ўз лавозимини сақлаб қолган.
Президент Ричард Никсон истеъфога чиққандан сўнг унинг атрофида бўлган 40 дан ошиқ одам Демократик партия штабига ноқонуний кириш ва у ерда яширинча эшитиш мосламаси ўрнатиш операциясида иштирок этганликда айбланади.
Улардан айримлари истеъфога чиқади, бошқалари турли муддатларга қамалади. Жумладан, Ричард Никсон маъмурияти раҳбари Ҳарри Боб Ҳалдеман, Жон Эрлихман, АҚШ бош прокурори Жон Митчелл, Ричард Никсоннинг маслаҳатчиси Чарлз Колсон, ФҚБ агенти Жорж Лидди озодликдан маҳрум этилади. Ўшанда жами 25 киши қамалгани айтилади.
“Уотергейт иши”дан сўнг АҚШдаги бир қатор қонунлар ўзгартирилади. Жумладан:
- 1974 йилда президентнинг барча аудио ёзувлари бошқа материаллар сақланиши ҳақида;
- 1978 йилда эса ҳукумат аъзоларининг этикаси ҳақида;
- 1978 йилда президент ҳужжатлари ҳақида;
- 1984 йилда Архив ва маълумотлар миллий бошқармасини тузиш ҳақида қонунлар қабул қилинади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024