Жаҳон | 19:55 / 15.08.2024
5765
3 дақиқада ўқилади

Кашмирдаги янги темирйўл кўприги Ҳиндистондаги вазиятни ўзгартириши мумкин

Ҳинд темирйўлларига Жамму штатидаги Ченаб дарёси устидан ўтган кўприк қурилишини якунлашга 20 йил керак бўлди.

Фото: Afcons

Дунёдаги энг баланд бир аркали темирйўл кўприги биринчи марта Кашмирни мамлакатнинг қолган қисми билан темирйўл орқали боғлайди. Ҳинд темирйўлларига Жамму штатидаги Ченаб дарёси устидан ўтган кўприк қурилишини якунлашга 20 йил керак бўлди.

Эйфел минорасидан 35 метр баландроқда жойлашган кўприк ўзига хос инфратузилма лойиҳаси бўлиб, тез орада Баккал ва Каури туманлари ўртасида биринчи поезд ҳаракатланиши керак. 272-километрли темирйўл Жамму орқали ўтиб, охир-оқибат Кашмир водийсига етиб боради. Шу пайтгача Кашмир билан темир йўл алоқалари қиш кунларида қор бўронлари сабаб тез-тез узилиб қоларди.

Экспертларнинг таъкидлашича, янги темирйўл тармоғи Ҳиндистонга нотинч чегара минтақасида стратегик устунликни беради. Кашмирнинг Ҳимолай ҳудудидан ўтган қисми узоқ йиллардан бери Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можароли ҳудуд бўлиб келмоқда. Ядровий қуролга эга қўшнилар 1947 йилда мустақиликка эришганидан бери икки маротаба урушган. Иккаласи ҳам бутун Кашмирга даъво қилади, аммо унинг айрим қисмгина назорат остида.

«Темирйўл кўприги бутун йил давомида чегара ҳудудига ҳарбийлар ва техникаларни ташиш имконини беради» — дейди кўприкни қурган Afcons Infrastructure пудратчиси директори ўринбосари Гиридхар Раджагопалан.

Бу Ҳиндистонга ўзининг «ғарбий ва шимолий чегараларида Покистон ҳамда Хитой томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатиш бўйича стратегик мақсадига эришишга ёрдам беради», — дейди стратегик масалалар бўйича мутахассис Шрути Пандалай.

Темирйўл тармоғи кенг кўламли инфратузилмавий ислоҳотнинг бир қисми ҳисобланади — унинг доирасида автомагистраллар, темирйўл ва электр станцияларини қуриш бўйича 50 дан ортиқ лойиҳа мавжуд. Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати Жамму ва Кашмирни махсус мақомдан маҳрум қилиб, 2019 йилда штатни иккита федерал бошқариладиган ҳудудга ажратган.

Ченаб кўпригининг қурилиши 2003 йилда маъқулланган, аммо ҳудуд рельефининг мураккаблиги, хавфсизлик муаммолари ва суд можаролари туфайли чўзилиб кетди.

Мавзуга оид