Жаҳон | 11:37 / 17.08.2024
2787
4 дақиқада ўқилади

Шотландия оролларида Ердаги музлик даврига оид муҳим далиллар топилди

Олимлар Шотландия ороллари гуруҳи Ер сайёрасининг энг катта жумбоқларидан бирини очишга ёрдам бериши мумкин деб ҳисобламоқда.

Тадқиқотчилар Шотландиянинг ғарбий қирғоғидаги Гарвеллаҳ ороллари бундан тахминан 720 миллион йил олдин Ер ўз тарихидаги энг катта музлик даврини бошдан кечирганига муҳим далил бўлишини аниқлади.

80 миллион йил давомида деярли бутун Ер шарини икки босқичда қамраб олган кучли совуқ “Қорли Ер” номи билан машҳур. Ундан кейин дастлабки ҳайвонлар пайдо бўлган.

Бошқа ҳамма жойда музлик даври ҳақида қояларга яширинган маълумотлар ўчиб кетганди — улар фақат Гарвеллаҳ оролларида сақланиб қолган. Тадқиқотчиларнинг умидларига кўра, бу ороллар нима сабабдан Ер шунчалик узоқ вақт музлик остида бўлганини айтиб беради, қолаверса, мураккаб ҳаёт юзага келишида бу даврнинг аҳамияти қандай эканини тушунтиради.

Сайёра тарихидаги энг узоқ ва энг қаттиқ музлик даврида Ер деярли бутунлай муз билан қопланган.

Тоғ жинслари қатламларини тарихий китоб саҳифалари дейиш мумкин — ҳар бирида Ернинг узоқ ўтмишдаги ҳолати ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ қорли Ернинг шаклланишигача бўлган муҳим давр йўқотилган ҳисобланади, чунки тош қатламлари қаттиқ музлаш оқибатида эрозияланган.

Лондон Университет коллежи олимлари томонидан олиб борилган янги тадқиқот Гарвеллаҳ қандайдир сабаб билан сақланиб қолганини аниқлади. Бу ороллар Ер ўз тарихидаги энг ҳалокатли даврлардан бирига қандай киргани, юз миллионлаб йил олдин қорлар эриши ортидан илк ҳайвонлар қандай пайдо бўлгани ҳақида батафсил маълумотларни бағрида яширган ягона жой бўлиши мумкин.

Шотландия ўша пайтда бутунлай бошқа ерда бўлган, вақт ўтиши билан қитъалар жойлашуви ўзгарган. Ер экваторининг жанубида жойлашган ҳудуд музлик давридан олдин тропик иқлимга эга эди.

Музлик даврига қадар Шотландия Ер экваторининг жанубида жойлашган ва тропик иқлимга эга бўлган.

“Шотландияда дунёнинг бошқа жойларида учрамайдиган музлик даврини қайд этдик”, — деди тадқиқотга раҳбарлик қилган Лондон Университет коллежи профессори Грем Шилдс BBC News’га. “Бошқа жойларда эрозия туфайли миллионлаб муҳим йиллар йўқотилган, Гарвеллаҳдаги тоғ қатламларида эса уларнинг барчаси сақланиб қолган”.

Шотландиядаги Ички Ҳебрид оролларида аҳоли яшамайди, оролдаги ягона бинода ишлайдиган бир гуруҳ олимлар бундан мустасно, шу билан бирга ҳудудда VI асрга оид келт монастири харобалари мавжуд.

Оролдаги кашфиёт профессор Шилднинг аспиранти Элиас Рюген томонидан амалга оширилди ва унинг натижалари Лондон Геология жамияти журналида чоп этилди. Элиас биринчи бўлиб тоғ жинси қатламлари пайдо бўлган даврни аниқлади ва уларни дунёнинг бошқа қисмларида изи ўчиб кетган муҳим даврга тегишли деб топди.

Унинг кашфиёти сабаб Гарвеллаҳ ороллари фандаги улкан ютуқлар эришилган ҳудудлар сафига қўшилади, оролга сайёрани ўзгартирган геологик ҳодиса борлигини англатувчи олтин қозиқ қоқилади (талончиликнинг олдини олиш учун қозиқ чинакам олтиндан эмас).

Элиас Руген орзусидаги олтин қозиқни қоқишга жой танлаяпти. Ҳозирча у сабзи билан машқ қиляпти.

Элиас ўз позициясини ҳимоя қилиш учун қоялар юзасига кўплаб экспертларни олиб чиқди. Энди у ўз ишини кенгроқ геологик ҳамжамиятда тан олдирмоқчи. Кашфиёт тан олинган тақдирда, унга бериладиган мукофот оролнинг илмий обрўйини оширади ва тадқиқот учун қўшимча маблағларни жалб қилади.

Мавзуга оид