Жаҳон | 14:00 / 19.08.2024
7635
11 дақиқада ўқилади

“Шимгич шаҳарлар” — Хитой сув тошқинларига қарши қандай курашяпти?

Хитойлик архитектор Конгжиан Ю ва унинг Turenscape фирмаси ўн йилдан ортиқ вақт давомида “шимгич шаҳарлар”ни лойиҳалаштириб келади — бундай шаҳарлар ёмғир сувини шимиб олиб, ушлаб туришга мўлжалланган.

Дунё бўйлаб кузатилаётган кучли довуллар сабаб шаҳарлар сув тошқинларини жиловлашда қийинчиликка учраяпти. Аксарият архитекторлар иқлим инқирози инжиқликларидан ҳимояланиш учун бетонга асосланган ҳай-тек муҳандислик ечимларидан фойдаланаётган бир пайтда, хитойлик ландшафт архитектори ва шаҳар режачиси Ю бу вазифани табиат зиммасига юкламоқда.

Юнинг шакли ва кўлами жиҳатидан хилма-хил бўлган шимгич лойиҳалари янги боғлар барпо этиш, сувли-ботқоқ ерларни қайта тиклаш, ёмғирли боғлар, сув ўтказадиган йўлаклар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Тошқинда қолган ҳудудлардан сувни чиқариб юборадиган бетон ёки қувурларнинг камчилиги шундаки, улар қиммат, қаттиқ ва доимий қаровни талаб қилади, деди Ю. Бундан ҳам ёмони улар шаҳарларни сув тошқинига “чидамсиз” қилиб қўйиши мумкин, таъкидлади у. Мутахассис сув тошқини оқибатларини юмшатишда анъанавий усулларга таяниб қолган шаҳарларни томирлари қотиб қолган одамга қиёслади. Қон оқими камайиши юрак хуружларини келтириб чиқаргани каби, шаҳар дренаж тизимларидаги тиқилишлар хавфли занжирли таъсирга эга бўлиши мумкин.

“Тошқинларга қарши девор ёки тўғонларни тобора баландроқ ва мустаҳкамроқ қурсак, шаҳарни сув босишидан ҳимоя қиламиз, деган нотўғри тасаввур мавжуд”, — деди Ю CNN телеканали билан видеомулоқотда. “Сувни бошқара олиш ҳақидаги фикрлар хато”.

Хитойнинг Жиангхи провинциясидаги Нанчанг Балиқ думи боғи. Turenscape бу ердаги кўмирдан ифлосланган 126 акр собиқ балиқ фермасини “сузувчи ўрмонга” айлантирди. Дарахтли оролчалар сел сувларини тартибга солишга ёрдам беради ва ёввойи ҳайвонларнинг яшашига муҳит яратади.
Фото: Turenscape/The Cultural Landscape Foundation

Юнинг таклифи қуйидагича: тупроғи ғовак ҳудудларни яратиш керак. Унда маҳаллий ўсимликлар кам парвариш билан ёки парваришсиз ҳам гуллаши мумкин. Агар ёмғир ёғса, ер ва ўсимликлар сувни шимиб олади ва яқин атрофдаги ҳудудларни сув босишига йўл қўймайди. Ю бетон ўрнига ўсимликлар ҳар қандай ортиқча сув оқимини секинлаштиришини таъкидламоқда.

Turenscape бутун дунё бўйлаб 250 дан ортиқ шаҳарда 10 000 дан ортиқ шундай лойиҳаларни режалаштириб, ишлаб чиқди. Улардан 1 000 тадан кўпроғи якунланди. Бундай шаҳарларнинг аксарияти Хитойда жойлашган бўлиб, мамлакат 2015 йилда ушбу ғояни миллий шаҳарсозлик сиёсатига киритган. Ўшандан бери 70 дан ортиқ шаҳар “шимгич шаҳар” ташаббусини амалга ошириб келади (уларнинг ҳаммаси ҳам Turenscape’га тегишли эмас, чунки баъзи маҳаллий ҳокимият бошқа компаниялардан фойдаланган).

Сув тошқинлари — Хитойда ўсиб бораётган муаммо. Июн ойи охирида Хитой раҳбари Си Жинпинг бундай табиий офатларни назорат қилиш “тобора қийинлашаётганини” айтди. Жаҳон банкининг 2021 йилги ҳисоботига кўра, Хитойнинг 654 та йирик шаҳридан 641 таси мунтазам равишда сув тошқинларига дучор бўлмоқда. Бу қисман шаҳарларнинг тез ривожланиши билан изоҳланади, улардаги бетон яроқсиз ҳолга келмоқда.

Хитойнинг Ҳебеи провинцияси, Қинҳуандао шаҳридаги Қизил лента боғида сайр қилаётган одамлар.
Turenscape/The Cultural Landscape Foundation

Хитойнинг сув тошқинларига таъсирчанлиги бу йил ёзда яққол намоён бўлди. Июн ойида мамлакатнинг жанубий ҳудудлари кучли ёмғирлардан кейин кутилмаган тошқинлар ва ҳалокатли кўчкилардан азият чекди, ўн минглаб одамлар эвакуация қилинди. Июлда худди шундай вайронагарчиликлар Хитой ичкарисида содир бўлди, бир қанча провинциялар фавқулодда ҳолат эълон қилди — ўнлаб одамлар кўприклар қулаши, шаҳарларни сув босиши ортидан ҳалок бўлди, қурбонлар орасида қутқарувчилар ҳам бор.

Бироқ сўнгги сув тошқини инқирози шимгич шаҳарлар имконияти камлигини англатадими ёки уларни кенгайтириш зарурлигини тасдиқлайдими, деган савол баҳсли бўлиб қолмоқда.

Шаҳарлар сувни талаб даражасида шима олмайди

Ю ҳукумат ва қурилиш компаниялари томонидан афзал кўриладиган эски инфратузилмадан воз кечиб, шаҳарларни кичикроқ муқобилларга ўтказишни хоҳлайди. Улар арзонроққа тушиши ҳам мумкин: масалан, Уҳанда шимгич шаҳарни қуриш дастурига 4 миллиард юан (550 миллион доллар) дан кўпроқ сарфланди. Британиянинг Лидс университети таҳлилий шарҳига кўра, бу бетон услубидан арзонроқ.

Муваффақиятли шимгич шаҳар қуриш учун унинг жойлашуви, топографияси, ёғингарчилик режимлари ҳамда у ерда гуллайдиган ўсимлик турлари, шунингдек, жамоанинг эҳтиёжлари каби омилларни ҳисобга олиш керак. Бу универсал эмас, индивидуал ёндашув дегани.

Масалан, Turenscape компанияси тропик оролда жойлашган Ҳаинан провинциясидаги эски бетон денгиз девори, ташландиқ балиқ фермаси ва яқин атрофдаги ташландиқ майдонни “нафас олувчи денгиз девори”га айлантирди.

Хитойнинг Ҳаинан орол провинциясидаги Саня мангров боғининг қуш парвози баландлигидан кўриниши.
Turenscape/The Cultural Landscape Foundation

Денгиз девори плантацияларга мослаб қайта қурилди, балиқчилик фермасининг ҳовузлари ва тўғонларига мангров дарахтлари экилди. Ичкаридаги яшил ғовак бўшлиқ сув оқимини секинлаштиришга ва бўронни ютишга ёрдам беради. Turenscape маълумотларига кўра, у сўнгги икки йил ичида бир нечта тропик бўронларга бардош берган.

Ю ва унинг фирмаси томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар шаҳар ҳудудининг 20-30 фоизи сувни шундай усулда шимишга мослаштирилса, шаҳар амалда сув тошқинларидан ҳимояланган бўлади. (Аммо агар атрофдаги ҳудудлар ҳам сув остида қолса, улар барибир ҳамма ортиқча сувни ютишга қийналади.) Шунингдек, фирманинг таъкидлашича, бир гектар (2,47 акр) ғовак ер 800 тонна ифлосланган сувни тозалаб, сузиш учун хавфсиз ҳолатга келтириши мумкин.

Шунга қарамай, баъзи экспертларга кўра, бир кунлик ёғингарчилик миқдори 200 миллиметрдан ошганда, шимгич шаҳар инфратузилмаси босимга дуч келади. Масалан, Гуангдон провинциясидаги Меизҳоу шимгич шаҳар деб эълон қилинган, аммо ёзда кучли ёмғирлардан кейин энг катта тошқинлардан бирини бошдан кечирди: шаҳарга бир кунда 369,3 миллиметр ёғингарчилик ёғди. (Бу лойиҳани Turenscape яратмаган).

Саняндаги Донъан сув-ботқоқлик паркини ҳам Turescape компанияси лойиҳалаштирган.
Turenscape/The Cultural Landscape Foundation

Июл ойида Хитойнинг Ноттинҳэм Нингбо университети география фанлари профессори Фаит Чан CNN телеканалига берган интервюсида шимгич шаҳарлар дастури одатда ўртача ёки ҳатто катта миқдордаги ёғингарчилик таъсирини “юмшатиши ёки камайтириши” мумкинлигини, аммо улар “экстремал ёмғирлар учун мўлжалланмаганини” айтди. Кучли ёмғирларни енгиш учун бу инфратузилма тўғон ва кўтармалар каби “қатъий муҳандислик” иншоотлари билан тўлдирилиши керак, деб давом этди у.

Ю агар шимгич шаҳарларни лойиҳалаштириш ва қуриш тўғри амалга оширилмаса ёки ёғингарчилик миқдори жуда кўп бўлса, бундай шаҳарлар барибир сувга тўлиб қолиши мумкинлигини тан олди. Аммо у сув тошқинлари асосан “талаб даражасида шима олмайдиган” жойларда содир бўлишини таъкидлаб, қўшимча қилди: “Шаҳарни янада барқарор қилиш учун (уларга) кўпроқ шимгич (лойиҳалар) керак”.

Шимгич инфратузилма тошқинларнинг олдини олишдан бошқа наф ҳам келтиради

Тошқин оқибатларини юмшатишдан ташқари, шимгич шаҳарлар бошқа экологик афзалликларни ҳам таклиф қила олади. Чаннинг айтишича, шимгич парклар шаҳар ҳароратини пасайтиришга ва сув танқислиги муаммосини ҳал қилишга, шунингдек, аҳоли учун ёқимли муҳит яратишга ёрдам бериши мумкин.

“Ҳукумат атроф-муҳитни тиклаб, шаҳар экологиясини яхшиламоқчи” — деди у. “Лекин фақат бу эмас, улар... ёмғир сувини йиғиб, ундан фойдаланишни ҳам истайди, чунки шаҳарда сув жуда кам”.

Уҳанда 350 дан ортиқ шимиш лойиҳалари йўлга қўйилган — уларга шаҳар боғлари ва яшил ҳудудлар киради. Бундай ҳудудлар ёмғир сувини ютиб, сунъий кўлларга йўналтиради. Шимиш инфратузилмаси яратилганидан буён маҳаллий ҳаво сифати ва биологик хилма-хиллик яхшилангани аниқланди. Янсзи дарёси соҳилидаги шаҳар боғида ҳам ҳарорат пасайгани қайд этилди, бу ерда 45 минг дарахт ва бошқа ўсимликлар йилига 724 тонна углерод ютиши тахмин қилинади.

Бангкокдаги Бенжакитти ўрмон боғи эски тамаки фабрикаси ўрнида қурилган. У ердаги қаттиқ тупроқ юзасига ишлов берилиб, нам ва ғовак ҳолатга келтирилган, бу эса қуруқ мавсумда камроқ сув талаб қилади.
Turenscape/The Cultural Landscape Foundation
Turenscape ноёб дарахтларни ўз ичига олган 360 турдаги 5600 та маҳаллий кўчат экди. Компания ўсимликларнинг гуллашига қулай муҳитни яратиш билан чекланган ва уларнинг илдиз отишини таъминлаш вазифасини табиатга қўйиб берган.
Turenscape/The Cultural Landscape Foundation

Юқоридаги суратлар Юнинг ишига Хитойдан ташқарида ҳам талаб ортаётганига сабабдир. Turenscape Бангкокда собиқ тамаки фабрикасининг бетон майдонини мини-ороллардан иборат сунъий сув-ботқоқ ҳудудига айлантирди. 2022 йилда қуриб битказилган Бенжакитти ўрмон парки (Таиланд ҳарбийлари ва маҳаллий Arsomsilp Community and Environmental Architect компанияси билан ҳамкорликда лойиҳалаштирилган) ёмғир мавсумида атроф-муҳитдан 23 миллион галлонга яқин ёмғир сувини ютиши мумкин.

2023 йилда The Cultural Landscape Foundation (Маданий ландшафт фонди) Юнинг фаолиятини эътироф этиб, унга 100 000 доллар миқдоридаги Оberlender мукофотини топширди.

“Ю (ва Turenscape) табиий жараёнларни тушуниш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, сувни тозалаш, сув тошқинларини юмшатиш, шаҳарлардаги ҳароратни пасайтириш ёки мўрт тупроқларни барқарорлаштириш каби ландшафт ғоялари билан ишлаган илк амалиётчилардан бири бўлди”, — деб таъкидлади Элизабет Моссоп, мукофот ҳакамлар ҳайъати раиси ва Сидней технология университети дизайн, архитектура ва қурилиш мактаби декани.

Унинг қўшимча қилишича, Юнинг лойиҳалари бошқа замондошларининг ишидан ўз кўлами ва амалга оширган ўзгаришлари билан ажралиб туради.

Нанчандаги Балиқ думи боғидан ўтган йўлакча одамлар билан тўла.
Turenscape/The Cultural Landscape Foundation

“Иқлим ўзгариши таҳдидлари ва таъсири, ундаги ноаниқликлар ҳозир мутлақо ўзимизга боғлиқ”, — деди Моссоп. “Аслида нимани қандай қилишни биламиз, фақат сиёсий, ижтимоий ва маданий жараёнлар бизни тормозламоқда”.

Моссоп ҳам шимгич шаҳарларнинг етарлича кенг кўламда эмаслиги уларнинг камчилиги бўлишини айтди.

“Агар бу ғояларни кенгроқ жорий этиш имкони бўлганда, улар кўплаб замонавий таҳдидларни бартараф этишга катта ҳисса қўшган бўларди”.

Мавзуга оид