Жаҳон | 15:15 / 23.08.2024
5977
2 дақиқада ўқилади

Россия 99 ёшли СС ветеранини халқаро қидирувга берди

Иккинчи жаҳон уруши йилларида СС "Галиция" дивизияси сафларида жанг қилган Ярослав Хунка Канада парламентида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувдан сўнг Россия расмийлари эътиборини тортди.

Фото: Patrick Doyle/The Canadian Press/AP Photo/picture alliance/dpa

Россия Федерацияси Бош прокуратураси 22 август, пайшанба куни Иккинчи жаҳон уруши йилларида СС "Галиция" сафларида жанг қилган 99 ёшли Ярослав Хункани (унинг фамилиясининг украинча ёзилишича: Гунка) халқаро қидирувга берди. Департаментнинг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда қайд этилишича, Бош прокуратура Хункани Интерпол маълумотлар базасига киритиш бўйича «ижобий қарорга» эришган.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси СС фахрийсига қарши 2023 йил октябр ойида камида 500 совет фуқаросининг ўлдирилишида сиртдан айблов қўйди ва шундан сўнг уни Канададан экстрадиция қилишни сўради. Бироқ Канада расмийлари экстрадиция бўйича икки томонлама шартнома йўқлигини баҳона қилиб, Москвага рад жавобини берди.

Канада парламентидаги воқеа

Ярослав Хунка 2023 йил сентябрида Канада парламентига ташрифи ва у ерда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашганидан сўнг Россия расмийлари эътиборига тушган. Хунка Зеленскийга "Украина мустақиллиги учун ва русларга қарши курашган фахрий" сифатида таништирилди, аммо кейинчалик у 1943 йилда нацистлар томонидан яратилган СС "Галиция" бўлинмасида ("Галичина" номи билан машҳур) хизмат қилгани аниқланди. Нюрнберг трибуналининг қарорига кўра, СС аъзолари бўлган барча шахслар ҳарбий жиноятчилар ҳисобланади.

Ҳодиса натижасида Канада парламенти спикери Энтони Рот истеъфога чиқди ва Зеленский билан бирга СС фахрийсини олқишлаган мамлакат бош вазири Жастин Трюдо омма олдида узр сўради.

Мавзуга оид