Жаҳон | 20:37 / 26.08.2024
17689
4 дақиқада ўқилади

Дуровнинг ҳибсга олиниши сиёсий қарор эмас — Макрон

Франция сўз ва мулоқот эркинлиги, инновациялар ва тадбиркорликка ҳар қачонгидан ҳам содиқдир. Дуровнинг ҳибсга олиниши тергов билан боғлиқ, деди мамлакат президенти.

Фото: Reuters

Франция президенти Эммануэл Макрон Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши ҳақида баёнот берди ва бу сиёсий қарор эмаслигини, балки тергов билан боғлиқлигини айтди.

«Павел Дуров ҳибсга олинганидан кейин Франция ҳақидаги ёлғон маълумотларни ўқияпман. Франция сўз ва мулоқот эркинлиги, инновациялар ва тадбиркорликка ҳар қачонгидан ҳам содиқдир. Шундай бўлиб қолади», деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида.

«Қонун устуворлиги шароитида, реал ҳаётдаги каби ижтимоий тармоқларда ҳам фуқароларни ҳимоя қилиш ва уларнинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш учун қонун билан белгиланган доирада эркинликлардан фойдаланилади. Францияда Telegram раҳбарининг ҳибсга олиниши давом этаётган суд тергови доирасида содир бўлди. Бу ҳеч қандай сиёсий қарор эмас. Қарорни судялар қабул қилади», деб қўшимча қилди Макрон.

Дуровнинг Францияда ҳибсга олингани 25 августга ўтар кечаси маълум бўлди. Франция матбуотига кўра, Дуров Бокудан шахсий самолётда учиб келган ва Ле Бурже аэропортида қўлга олинган.

ОАВ маълумотларига кўра, Дуров Telegram платформасида етарлича модерация ўтказилмагани ва гиёҳванд моддаларни тарқатиш, болалар порнографияси ва фирибгарликда гумон қилинган фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишда разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун айбланиши мумкин.

Reuters агентлигининг полицияга таяниб хабар беришича, Telegram асосчиси ҳибсда сақланмоқда. Дуров «полиция билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани» ва Telegram тармоғида модераторлар йўқлиги туфайли «кенг кўламли жиноятларга» алоқадорликда гумон қилинмоқда. Иш Жандармериянинг Миллий кибер-бўлинмаси (UNC) ва Фирибгарликка қарши Миллий бюроси (ONAF) томонидан тергов қилинмоқда.

Telegram платформаси жамоаси Дуровнинг ҳибсга олинишига изоҳ берар экан, Европа қонунларига амал қилишини ва соҳа стандартларига мувофиқ модерация қилишини айтди. Telegram асосчиси, унинг жамоасига кўра, «яширадиган ҳеч нарсаси йўқ». «Платформа ёки унинг эгаси ушбу платформани суиистеъмол қилиш учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаъниликдир», дейилади баёнотда.

Дуровнинг ҳибсга олиниши Россия расмийларида норозилик уйғотди. Улар Парижни сўз эркинлигини чеклашга уринаётганликда айблади. Ваҳоланки, Россия расмийлари бир неча йил олдин Telegram платформасини блоклашга уринган эди. Шунингдек, Дуровнинг қўлга олиниши Интернетни тартибга солишга қарши бўлганлар орасида ҳам норозилик уйғотди, масалан, Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскда.

Дуров, Россия фуқаролигидан ташқари Франция фуқаролигига ҳам эга. Франциянинг TF1 телеканалига кўра, у Францияда қидирувга берилганини билган ва бу мамлакатга боришдан тийилган. Шундай бўлса-да, унинг нега Францияга боргани ҳали ҳам номаълум.

Дуров Россияни 2014 йилда, ўзи яратган «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги улушини сотиб юборганидан сўнг тарк этган эди. Дуров таъкидлаганидек, у украиналик мухолифат фаоллари ҳақидаги шахсий маълумотларни тақдим этишни талаб қилган ФХХ билан зиддиятга боргани туфайли шунга мажбур бўлган.

Мавзуга оид