Жаҳон | 22:51 / 26.08.2024
2598
3 дақиқада ўқилади

Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича Қоҳира музокаралари натижасиз якунланди

Жараён яқин кунларда қолган масалалар ва тафсилотларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳлар доирасида давом эттирилиши таъкидланмоқда.

Фото: AP

Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи натижа бермади, бироқ жараён давом этади. Бу ҳақда Times of Israel америкалик расмийга таяниб хабар берди.

Газета манбасига кўра, Қоҳирадаги музокаралар «конструктив бўлиб, якуний ва амалга ошириш мумкин бўлган келишувга эришиш руҳида ўтган ва барча томонлар шу нуқтаи назарга қўшилган». Унинг сўзларига кўра, «жараён яқин кунларда қолган масалалар ва тафсилотларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳлар доирасида давом этади».

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Канаданинг Ҳалифакс шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Вашингтон Қоҳирада Миср ва Қатар воситачилари, шунингдек, исроилликлар билан «ҳали қизғин» ишлаётганини айтди.

«Эътиборли томони, АҚШ расмийлари музокараларнинг кейинги ривожланишига умид билдирган ягона томон бўлиб кўринади», деб таъкидлади газета.

Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Ришқ якшанба куни баёнот бериб, «Ҳамас делегацияси Миср ва Қатар воситачилари билан учрашгандан сўнг Қоҳирани тарк этди», деди. Ар-Ришқ таъкидлаганидек, «Ҳамас Байден режасини амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлайди».

Ҳамасга кўра, Исроил Филаделфия ва Нетзарим йўлакларидан қўшинларини олиб чиқиш мажбуриятидан воз кечди ва ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан кейин анклав шимолига қайтган фаластинликларни текшириш каби қўшимча талаблар қўйди.

Ҳамас матбуот котиби Усома Ҳамдан якшанба куни «Ал-Ақсо» телеканалига шундай деди: «Биз 2 июлда келишилган нарсадан воз кечиш ёки янги шартларни муҳокама қилмаймиз». Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг келишув яқинлашаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди.

Музокаралар муваффақиятсиз ўтгани ҳақидаги хабарни олган АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин минтақада иккита авиаташувчи зарба берувчи гуруҳнинг минтақада қолиш муддатини узайтиришни буюрди. У бу қарорини Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди.

Мавзуга оид