Ўзбекистон | 15:52 / 27.08.2024
6394
2 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғон туманига янги ҳоким тайинланди

Шерали Қосимов Тўрақўрғон туманининг янги ҳокими сифатида иш бошлади. Туманнинг олдинги ҳокими Мирбулоқ тумани раҳбарлигига ўтказилганди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

27 август куни халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Сессияда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди. 

Сессияда депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Шерали Абдуқаҳҳорович Қосимовни Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини бир овоздан тасдиқлади.

Шерали Қосимов 1986 йилда Наманган туманида туғилган.  2010 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида вилоят молия бошқармасида турли вазифаларда ишлаган. 

Наманган тумани ҳокимлиги молия  бўлими мудири, Наманган тумани ҳокими ўринбосари, Давлат Активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлган.

Янги тайинловга қадар эса Поп тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тўрақўрғон туманига 2022 йил мартидан буён ҳокимлик қилиб келган Аҳрор Аҳмадалиевич Мансуров жорий йилнинг 7 август куни Мингбулоқ тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Мавзуга оид